Дастлаб тантанали тадбирда университет ректори, академик Ахмед Реймов сўзга чиқиб, ёш авлоднинг таълим олиши, ижтимоий ҳимояси, уларнинг келажакда комил инсонлар бўлиб етишиши учун барча шароитлар яратилаётганлигини айтиб ўтди. Айниқса, таълим соҳасига қаратилаётган эътибор, жумладан, талабаларни ётоқхона билан таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида самарали ишлар олиб борилаётганлигини таъкидлаб ўтди.

У ўз сўзида янги талабалар турар жойи замонавий архитектура стандартлари асосида қурилганлигини, унда талабалар учун барча қулайликлар яратилганлигини айтиб, барчани янги талабалар турар жойининг очилиши билан самимий қутлади.

Шундан сўнг, сўзга чиққанлар мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг таълим олиши, яшаши ва бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун кенг имкониятлар яратилаётганига алоҳида тўхталди. Жумладан, талабаларнинг таълим олиши билан бир қаторда, турмуш тарзининг қулай ва хавфсиз бўлиши ҳам давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини айтиб, барчани янги бинонинг очилиши билан самимий табриклади.

Тадбир давомида «АРГОНИЯ» МЧЖ директори Мансур Ходжаниязов томонидан янги қурилган талабалар турар жойининг калити Қорақалпоқ давлат университети ректори Ахмед Реймовга тантанали равишда топширилди. Шунингдек, тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар талабалар турар жойининг шароитлари билан танишиб, талаба-ёшлар билан суҳбатлашди.

Бугунги кунда Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 2709 ўринга мўлжалланган 10 та талабалар турар жойи мавжуд бўлиб, бугун бу кўрсаткич яна 500 тага кўпайди.

Шуни ҳам алоҳида айтиб ўтиш керак, 2025 йил октябрь ойида талабалар турар жойи билан таъминлаш мақсадида Қорақалпоқ давлат университетида давлат-хусусий шериклик асосида яна 400 ўринга мўлжалланган битта талабалар турар жойи биноси фойдаланишга топширилади. Бу ўз навбатида талабаларни ётоқхона билан қамраб олиш даражасини 50% гача оширади. Талабалар турар жойида талаба ёшларимизнинг дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиши, дам олиши, қўшимча тўгаракларга қатнашиши, билим олиши учун барча шароитлар яратилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 ташаббусни талабаларимиз ўртасида оммалаштириш мақсадида замонавий ахборот технологиялари, компьютер хоналари, ахборот ресурс маркази, санъатга қизиқувчи ёшлар учун барча қулайликларга эга тўгараклар, шу билан бирга овқатланиш, ювиниш, интернет тармоғидан фойдаланиш, газета-журналлар ўқиш, телевизор томоша қилиш учун барча шароитлар яратилган.

Дарҳақиқат, бу мамлакатимизда ёшларга яратилаётган қулай шароитлар, таълим тизимини янада такомиллаштириш ва талабаларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг яна бир ёрқин мисолидир.

Минажатдин Қутлимуратов,

«Янги Ўзбекистон» мухбири