Ўрганишлар натижасида 2021 йил 29 декабрь куни Ромитан тумани “Қаҳрамон” МФЙ, Истиқлол қишлоғида фаолият олиб бораётган “WBM Romitex” МЧЖга қарашли пахта заводида фойдаланилаётган электр энергиясини ҳисобга олишда камчиликларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди.
Хусусан, пахта заводида фойдаланилган электр энергиясини ҳисобга олиш мақсадида, 35 кВли “Тошмачит” ПСнинг 10 кВли ячейкасида электр ҳисоблаш прибори 200/5 А ток трансформаторлари ҳамда 10000/100 В кучланиш трансформаторлари орқали улаб ўрнатилган бўлиб, трансформация коеффициенти к=4000 ни ташкил қилади. АЛФА-1700 русумли электр ҳисоблаш приборининг хотира блокига ток трансформаторнинг трансформация коеффициенти к=30 кўрсатгич билан киритилиши натижасида, умумий коеффициент 3000 ни ташкил қилган. Шунга кўра ҳисоблаш прибори ҳақиқатда фойдаланилган электр энергия миқдорини кам ҳисоблаб келган. Шунингдек, ойлик ҳисоботлар мазкур ҳисоблаш приборининг кўрсаткичларига асосланиб юритилганлиги сабабли текшириш кунига қадар фойдаланилган электр энергиясининг ҳисобга олинмай қолган қисми мавжудлиги аниқланди.
Аниқланган ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилиб, тегишли тартибда қайта ҳисоб-китоб қилинди. Ҳисобга олинмай қолган электр энергия миқдори 2,23 млн.кВт.соат ёки 1 млрд. сўмдан ортиқроқни ташкил этди. Юқоридаги ҳолат юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди ҳамда ижроси назоратга олинди.