Хусусан, Божхона қўмитасининг Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти божхона бошқармалари тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тадбирлар давомида қиймати қарийб 1,9 млрд сўмлик 110 тоннага яқин гуручнинг ноқонуний экспорт қилинишига чек қўйилди.
Дастлаб, жорий йилнинг 21–22 сентябрь кунлари “Яллама” чегара божхона пости орқали хорижга чиқиб кетаётган 8 та юк автотранспорт воситаси божхона кўригидан ўтказилганда, тиркамаларга ортилган қуруқ мевалар орасида ҳужжатларда умуман қайд этилмаган 45 тонна 275 килограмм “девзира”, “лазер” ва “аланга” навли гуруч борлиги аниқланди. Мазкур товар-моддий бойликларнинг қиймати қарийб 680 млн сўмни ташкил қилди.
Шунингдек, 21 сентябрь куни “Чуқурсой техник идора” темир йўл чегара божхона постида ҳам қуруқ мевалар юкланган вагонлар текширилганда, 64,4 тонна гуручни яширинча экспорт қилишга уриниш фош этилди.
Текширувлар давомида яна 4,5 тонна гилвата, қарийб 6,5 тонна олхўри қоқиси ҳамда 500 килограмм ҳолва товарлари ҳам ҳужжатларда кўрсатилмагани маълум бўлди. Ушбу товарларнинг умумий қиймати 1,4 млрд сўмдан зиёд экани аниқланди.
Текширувлар жараёнида ҳар икки ҳолатда ҳам хорижга ноқонуний равишда олиб чиқилмоқчи бўлган гуруч Фарғона вилоятидаги тадбиркорлик субъектларидан бирига тегишли экани маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида божхона органлари томонидан аниқланган 30 та ҳолатда қиймати 5,5 млрд сўмлик 405 тонна гуручнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний олиб ўтилиши ва яширин айланмасига чек қўйилган.