Бу ҳақда Daryo.uz хабар берди.
“Бот-бот тилга олинаётган ‘Наманган езда’ канали аудиториясини таҳлил қилдик. 3200 нафар аъзосидан бор-йўғи 150 нафарга яқини автомобилларни ижарага берувчилар, қолган 90 фоизи вояга етмаганлар, асосан, мактаб ўқувчилари”, деган вилоят ЙҲХБ бошлиғи.
Мансур Газиевга кўра, автомобилларни ижарага берувчилар билан бирма-бир мулоқот қилиниб, вояга етмаганларга машиналарни бериб юборишнинг ёмон оқибатлари ҳақида огоҳлантирилмоқда.
“Суҳбат жараёнларидан маълум бўляптики, бундай шахсларнинг кўпчилиги ўзи автомобилини ижарага олган ёки кредит тўлаётганлар. Агар ўзи машинасини бошқариб, кўчага чиқса, кунига 200-300 минг сўм топиши мумкин. Ижарага бериб юборса, соатига шу пулни топяпти. Аммо автомобилни олган болалар нобуд бўлаётгани ёки ногирон бўлиб қолаётгани ҳақида ўйлашмаяпти. Автомобилига шикаст етказгани учун болалар ва уларнинг ота-оналари бўйнига 10-20 миллион сўм қарз илиб қўйилган ҳолатлар бор”, деган Мансур Газиев.
Таъкидланишича, автомобилини вояга етмаганларга ижарага бераётган шахсларга нисбатан жазо чораларини кучайтириш юзасидан тегишли таклифлар берилган. Бу борада депутатлар, жамоатчилик фаоллари ва ОАВ вакиллари билан ҳамкорликда ишланмоқда.