Бу тадбир Ўзбекистонда инсульт касаллигини эрта аниқлаш, самарали даволаш ва шифокорларнинг малакасини оширишга хизмат қилади.

Шунингдек, Андижон шаҳридаги Марказий клиник шифохонада инсультни эрта аниқлаш ва самарали даволаш бўйича халқаро амалиётларга асосланган махсус тренинг ўтказилади. Ушбу тадбир Европа Инсульт Ташкилоти (ESO)нинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйича дастури – ESO EAST ва Angels Initiative ташаббуслари доирасида ташкил этилади. Унда Ўзбекистондаги миллий координатор, тиббиёт фанлари доктори, профессор Якутхон Мажидова ва Марказий Осиё бўйича халқаро координатор, доктор Лев Приступюк иштирок этади. Улар Андижон шаҳридаги шошилинч тиббий ёрдам невропатология ва реанимация бригадаларида фаолият юритувчи шифокор ва фельдшерлар учун мастер-класслар ўтказади.

Неврология ва реанимация бўлимлари шифокорлари учун тренингда инсульт ташхиси ва даволашнинг халқаро мезонлари, жумладан, “ўткир инсультда йўл харитаси” ҳар бир босқичи батафсил муҳокама қилинади.

Тренингнинг асосий мавзуси — NIHSS (National Institutes of Health Stroke Scale) — инсульт оғирлигини баҳолашда халқаро қўлланиладиган шкалани амалиётга татбиқ қилиш, ундаги ҳар бир бандни тўғри баҳолашни ўргатишдан иборат. Шунингдек, “Инсульт учун Дорожная карта”нинг Ўзбекистон шароитидаги босқичма-босқич амалиёти таҳлил қилинади.

Машғулотлар давомида:

  • кома ҳолатидаги беморда NIHSS баҳолашнинг ўзига хосликлари;
  • Барре синови, атроф муҳитни англаш, нутқ, ҳаракат ва ҳис қилиш қобилиятларини баҳолаш;
  • лоб симптоматикалари, сопор ва кома орасидаги фарқлар;
  • ишемик инсультнинг TOAST таснифи ва МРТ/КТдаги илк белгилари муҳокама этилади.

Шу билан бирга, гипертония хуружи пайтида қандай дори воситаларини қўллаш, ТИА (ўтиб кетувчи ишемик хуруж) ҳолатларини қандай баҳолаш, уларни ҳам нейровизуализацияга йўналтириш зарурлиги ҳақида алоҳида маълумотлар берилади.

Бундан ташқари, 2025 й 1 август куни Андижон давлат тиббиёт институтида ҳам ушбу мавзуда яна бир тренинг ўтказилади. Унда реаниматолог ва невропатологлар иштирокида клиник ҳолатлар таҳлили олиб борилади.

Андижон тиббиёт институтида ўтадиган амалий машғулотларда шифокорлар ва фельдшерлар реал клиник ҳолатлар устида иш олиб боради. Бу уларнинг касбий маҳоратларини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшади.

Тренинг доирасида RES-Q Stroke Care Quality Registry маълумотлари билан ҳам танишилади. Бу маълумотлар мамлакатимизда инсульт билан боғлиқ тиббий хизматлар сифатини баҳолаш ва яхшилашга ёрдам беради.

Маълумот учун: профессор Яқутхон Набиева 2017 йилдан буён Европадаги инсультга қарши курашиш ташаббусининг миллий координатори ҳисобланади. Унинг ташаббуслари асосида кўплаб ёш мутахассислар тайёрланган, ҳамширалар ва уй шароитида парвариш кўрсатувчи мутахассислар учун ҳам махсус ўқувлар ташкил қилинган.

Гулчеҳра Мирзаева,

Тошкент давлат тиббиёт университети матбуот котиби