Ортида қолган 34 йил ичида юртимиз барқарор тараққиёт йўлидан бориб, ҳар бир гўшасида янгидан-янги имкониятлар эшиги очилди, халқимизнинг ҳаёти тобора фаровонлашди. Бугун Ўзбекистон мустақил давлат сифатида дунё саҳнасида ўз муносиб ўрнини топди.

Шу улкан жараёнларда “Навоийуран” давлат корхонаси ҳам Ватан тараққиётининг ишончли таянчи сифатида тобора юксалиб бормоқда. Корхона нафақат мамлакатимиз иқтисодий қудратини мустаҳкамлашда, балки халқимиз учун муносиб турмуш тарзини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Айнан шундай бунёдкорлик ва меҳнатсеварлик самараси ўлароқ Энг азиз, энг улуғ байрам давлатимиз мустақллигининг 34 йиллиги муносабати билан Конимех туманинг Зафаробод шаҳарчасида “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида байрам шодиёнаси кўтаринки руҳда ташкил этилди. 

“Навоийуран” давлат корхонаси мамлакатимиз иқтисодиётида стратегик аҳамият касб этувчи корхоналардан бири сифатида нафақат миллий миқёсда, балки халқаро майдонда ҳам ўз нуфузини тобора мустаҳкамлаб бормоқда. Сўнгги йилларда олиб борилган ислоҳотлар, замонавий бошқарув тизимларини жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш натижасида корхона жадал тараққиёт йўлидан бормоқда.

Айниқса, сўнгги йилларда тизимли ислоҳотлар ва трансформатсия жараёнлари орқали ўз фаолиятини янги поғонага кўтарди. 2025-йилнинг ўтган даври натижаларига кўра, корхона нафақат ишлаб чиқариш кўрсаткичларини сезиларли оширди, балки халқаро майдондаги обрўйини ҳам мустаҳкамлади. Бу жараёнда лойиҳа офисининг ташкил этилиши, геология-қидирув ишларининг жадаллашуви ва ESG тамойилларининг жорий этилиши муҳим ўрин тутади. Корхонанинг ҳар йиллик ўсиш суръатлари – масалан, уран захиралари ўсишида 330% гача ва бурғилаш ҳажмида 155,5% гача ўсаётгани бу саноатнинг барқарор ривожланишининг яққол исботидир. Халқаро ҳамкорликнинг кенгайиши эса, дунёнинг йирик компаниялари билан биргаликдаги лойиҳалар орқали, “Навоийуран”ни глобал уран бозорида муносиб ўрин эгаллашга олиб келмоқда. Корхонанинг ишлаб чиқариш кўрсаткичлари 2025 йилда ўтган йилларга нисбатан сезиларли ўсишни манойиш этмоқда. Корхонанинг асосий драйвер нуқтаси- уран қазиб олиш ва минерал хом-ашё базасини ривожлантириш бўлиб, бу соҳада амалга оширилаётган инвестицион лойиҳалар ўсишининг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ҳисобланади.

Шунингдек, халқаро ҳамкорликда эришилган натижалар ҳам сезиларли - лойиҳа офиси ташкил этилганидан буён 50 дан ортиқ мамлакатдан 100 га яқин компания билан алоқалар ўрнатилди. Бундан ташқари, халқаро ҳамкорлик доирасида йирик компаниялар билан қатор қўшма лойиҳалар қўлга киритилди. Австралия, Япония, Франция, Хитой, Россия, Қозоғистон ва бошқа давлатлар билан уран қазиб олиш ва қайта ишлаш соҳасида қўшма дастурлар амалга ошмоқда. Шунингдек, Мўғулистонда корхонамизнинг расмий ваколатхонаси очилди, жорий йилда эса Австралиянинг Cauldron Energy компанияси билан янги конни ўзлаштириш бўйича муҳим келишувга эришиш режалаштирилган.

Байрам дастури аввалида, корхона бош директори Джамал Файзуллаевнинг корхона жамоасига ҳамда Зафаробод аҳлига йўллаган байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Табрикда ҳам юқоридаги каби ютуқлар эътироф этилди.

Бугунги юртимиз бўйлаб, Ватан учун, миллат учун, халқ учун ғоясини ўзида мужассам этган мустақиллик байрамига бағишланган тантаналар кенг миқёсда нишонланмоқда Шу жумладан “Навоийуран” давлат корхонасида ҳам байрамни юксак савияда нишонлаш учун барча шароитлар яратилган. Хусусан, ҳафталик сменада ишлаётган ишчи-ходимларимиз учун байрам дастурхонлари ёзилиб, ошлар ташкил қилинди. Ишчи-ходимлар ўртасида турли спорт мусобақалари ўтказилди. Бундан ташқари, кам таъминланган оилалар фарзандлари учун ўқув қуроллардан иборат бўлган тўпламлар тақдим этилди. Ёлғиз пенсионерлар холидан хабар олинди. Иэтимоий ҳимояга муҳтож ишчи-ходимларнинг уйларига озиқ-овқат тўпламлари етказилди. Шунингдек, Навоий, Зафаробод, Учқудуқ, Нуробод майдонларида катта концертлар ташкил этилди. Бугунги шодиёнамизга маҳаллий ижодкорлар билан бирга, пойтахтдан ташриф буюрган хушовоз хонанда Баҳром Назаровнинг куй-қўшиқлари барчага бирдек хушнудлик улашди. Бундан ташқари, байрам давомида ўзининг фидокорона меҳнати, қобилиятлари ва барча меҳнатлари учун бир қатор ишчи-ходимларимиз тақдирландилар. Ўйлайманки, бундай тақдирлашлар, мана бундай ташкил этилаётган тадбирлар юртимиз мустақиллигини халқимиз қалбида узоқ кунлар ёдда қоладиган тадбирлардан бирига айлантиради. Шунингдек, ўз ишига бўлган, ўз касбига бўлган фахр ифтихор туйғуларини вужудга келтиради. Уларни мустаҳкамлайди ва кейинги корхонамиз олдида қўйилган режаларни амалга ошириш учун асос бўлиб хизмат қилади, - дейди 6-Бирлашган касаба уюшмаси Қўмитаси раиси Даврбек Темиров.

Ҳар бир байрамга муносиб меҳнат зафарлари ва ютуқлар билан бораётган корхона жамоаси бу гал ҳам белгиланган режаларни ортиғи билан уддалади. Барча кўрсаткич ва рақамлар прогнозга нисбатан юқори ўсиш суръатларида таъминланмоқда. Байрамга йиғилганлар қалбидаги қувонч ва юзларидаги хурсандчиликда ҳам ушбу фикрлар ўз ифодасини топди.   

Зафаробод аҳолиси байрамни жуда кўтаринки кайфиятда кутиб олмоқда. Ҳамма хурсанд, ҳамма шод. Бундай шарт-шароитлар яратиб бераётгани учун авваламбор юртбошимизга, қолаверса, “Навоийуран” ДКга ўзимизнинг миннатдорчилигимизни билдирамиз. Чунки, ҳар доим бизга мана шундай байрамлар, концерт дастурлари ташкил этишади. Зафарободда чинакам меҳнаткашлар иқтиқомат қилади. Бу ерда ҳамманинг ўз севган иши бор ва доимий банд, биз бир оиладекмиз. Шунинг учун бундай байрамлар уларнинг дам олишлари ва ишчанлик даражасини оширишлари учун жудаям муҳим. Мен ўзим ёш ўқитувчиман. Сўнгги йиллардан Зафаробдда бўлаётган ўзгаришларни кўриб, тўғриси кўзим қувнаяпти. Корхона томонидан мактабларимизнинг таъмирлаб берилди, замонавий ўйингоҳлари қурилди, янги жиҳозлар ва бадиий адабиётлар билан таъминланди. Кўчаларимиз ҳам, яшаб турган кўп қаватли уйларимиз ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Бунга яраша ўқувчилар ҳам, катталар ҳам ўқиш ва ишда доимо илғор бўлишга ҳаракат қилишмоқда, - дейди Ферангиз Аҳмедова.

Шодиёна давомида корхонадаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, жаҳон стандартларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига қўшган муносиб ҳиссаси ҳамда давлатимиз томонидан белгилаб берилган ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ўз вақтида таъминлашга қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда ҳамда мустақиллигимизнинг 34 йиллиги муносабати билан корхона ишчи-ходимларидан бир гуруҳига корхона бош директорининг Фахрий ёрлиқлари топширилди. Шунингдек, соҳа фидойилари турли даражадаги “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони ҳамда “Навоийуран фахрийси” унвонлари билан тақдирландилар. 

Байрам арафасида корхонамиз раҳбарияти томонидан бизни меҳнатимизни эътироф этилиб III даражали “Кончилик шуҳрати” кўкрак нишони билан тақдирлашди. Мен бундай эътибордан жудаям мамнунман. Корхонамиз ўз олдига қўйган режаларни сифатли ва муддатида уддалашига ишонамиз ва бу йўлда биз доим камарбаста бўлиб меҳнат қиламиз. Мен 17 йиллик фаолиятим давомида икки маротаба фахрий ёрлиқ олган эдим. Бу галгиси мени жудаям хурсанд қилди. Бизнинг корхонамиз республикамиздаги олди қаторлардаги ва уран бўйича ягона компания саналади. Бу ерда ишчи-ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлаш, ижтимоий ҳимоя ва карера учун барча имкониятлар яратилган, - дейди меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш бўлими бошлиғи Ойбек Усанов.

Тантана давомида маҳаллий ва пойтахт санъаткорларининг дилбар қўшиқ ва рақслари, халқимизнинг юксак руҳини, Ватанга бўлган муҳаббатини тараннум этди. Хусусан, Ўзбекистон давлат филармонияси Навоий вилоят бўлинмаси созанда ва хонандалари ҳамда “Ёшлик” маданият уйининг ижодкорлари томонидан Она Ватан, мустақиллик ва тинчликни тараннум этувчи куй-қўшиқ ва рақслар билан давом этди. Шунингдек, тантанада ўзбек эстрадаси юлдузи Баҳром Назаров ҳам иштирок этиб, ўзининг дилтортар тароналари билан йиғилганларни хушнуд этди.

Мана бир неча йиллардан буён Навойи вилоятининг кўплаб байрамларига, хусусан, Наврўз, Мустақиллик байрамларига иштирок этиб келаман. Навоий халқи жудаям санъатсевар халқ. Айниқса, Зафаробод аҳолиси бизни жудаям яхши қарши олишади. Мен бу мўжаз шаҳарчада иккинчи бор бўлишим. Халқимизнинг кайфияти аъло даражада. Ташкилотчилар байрамга катта тайёргарлик кўришгани сезилиб турибди. “Навоийуран” давлат корхонаси юртимиздаги нуфузли йирик корхоналардан бири саналади. Мен барча ижодкорлардан номидан корхона раҳбариятига ва унинг меҳнат жамоасига ўзимнинг миннатдорчилигимни билдирамиз. Байрам ҳаммага муборак бўлсин, юртимизга байрамлар ярашади, - дейди “Шуҳрат” медали соҳиби Баҳром Назаров

Шодиёна охирида ёрқин мушакбозлик осмонни равшан қилиб, барчага байрамон кайфият улашди. Зафаробод аҳолиси бу байрамни чинакам шодлик ва миннатдорлик билан кутиб олди. Халқимиз қалбидаги қувонч, юзлардаги самимий табассум, фарзандларимизнинг нурли кўзларида акс этган орзу ва умид – мустақиллигимиз барчасининг мевасидир.

Бугунги кун “Навоийуран”нинг меҳнаткашларига, бутун халқимизга яна бир бор ёрқин ҳақиқатни кўрсатмоқда - Мустақилликдан куч олган корхона – юртимиз келажаги ва халқимиз фаровонлиги учун хизмат қиладиган буюк таянчдир!