Сўнгги саккиз йилда хусусий сектор билан бирга боғчалардаги ўринлар икки ярим миллионга, қамров 78 фоизга етказилди. Янги мактаблар қурилгани, борлари кенгайтирилгани ҳисобига қўшимча 1 миллионта ўқувчи ўрни яратилди.
Замонавий дарсликлар, илғор педагогик технологиялар асосида мактаб таълимига янги мазмун, янги сифат кириб келмоқда.
Шу даврда олий таълимда ҳам кескин бурилиш ясалиб, қамров 9 фоиздан 42 фоизга етказилди. Айниқса, талабаларнинг 53 фоизини хотин-қизларимиз ташкил этаётгани алоҳида эътиборга сазовор.
Ҳозирги вақтда дунёдаги топ олийгоҳларда 2 мингдан зиёд талабаларимиз таҳсил олмоқда. Улардан 750 нафари “Эл-юрт умиди” жамғармаси орқали давлат ҳисобидан ўқимоқда.
“Ўтган йили юртимиз ёшлари ТОП-500 талик олийгоҳларга кириш бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллагани барчамизни албатта қувонтиради. Айниқса, фарзандлари дунёдаги энг нуфузли университетларда таълим олаётган ота-оналарнинг хурсандчилигини сўз билан ифода қилиб бўлмайди”, – деди Президент.