Ташриф чоғида меҳмонларга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти кўмагида болалар онкологияси хизматини ривожлантириш бўйича миллий стратегия доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.


Хусусан, беморларни йўналтиришнинг рақамли тизимини жорий этиш, ҳудудий инфратузилмани мустаҳкамлаш, кадрлар тайёрлаш, илмий тадқиқотлар олиб бориш ҳамда инновацияларни жорий этишга қаратилган Халқаро академик хаб фаолияти натижалари тақдим этилди.


Шунингдек, ташриф доирасида «Меҳрли мактаб» госпиталь мактаби ўқувчилари меҳмонларни самимий қарши олди. Педагоглар томонидан узоқ муддат даволанаётган болаларни ижтимоий-психологик қўллаб-қувватлаш ва уларга таълим бериш жараёнлари намойиш этилди.

Шунингдек, ташрифдан сўнг ЖССТ Бош директори Доктор Тедрос Гебрейесус ўзининг Х (Twitter) саҳифасида Ўзбекистон Биринчи хоними Зироат Мирзиёева билан учрашув таассуротлари ҳақида бўлишди.


Тошкент шаҳридаги Республика болалар онкологияси марказига биргаликдаги ташрифи чоғида у Зироат Мирзиёева раислигидаги «Замин» фондининг фаолиятини юқори баҳолади.

Тедрос Гебрейесуснинг таъкидлашича, айнан Биринчи хоним раҳбарлигида Фонд болалар онкологияси соҳасидаги тиббий хизматларни кенг кўламда яхшилаш ҳамда бутун мамлакат бўйлаб «Меҳрли мактаб» госпитал-мактабларининг ноёб тармоғини яратишда муҳим ўрин тутмоқда.

Биринчи хонимнинг ташаббуслари туфайли шифокор ва педагогларнинг саъй-ҳаракатлари бир мақсад йўлида бирлаштирилди. Эндиликда онкологик хасталикка чалинган болалар комплекс ёндашув асосида ғамхўрлик кўрсатилмоқда: улар нафақат замонавий муолажаларни, балки соғайиб кетиши ва тўлақонли ҳаёт кечириши учун зарур бўлган узлуксиз таълим ва ижтимоий кўмакни ҳам олмоқда.