Ўзбекистонда турли миллат вакилларининг ўз тиллари, маданияти, урф-одатларини сақлаб ривожлантириш учун барча имкониятлар яратилган. Жумладан, таълим олиш, ўзлари ёқтирган касбга эга бўлишлари учун тожик, қозоқ, қирғиз ва туркман тилларида олиб борилаётган умумтаълим мактаблари битирувчилари учун қўшимча қулайлик яратиш мақсадида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларини топшириш учун тест саволларини тегишли тилларда тузиш амалиёти жорий этилди. Таълим қардош тилларда олиб бориладиган давлат таълим муассасаларига тегишли барча ўқув-қуроллари ва зарур адабиётлари давлатимиз томонидан таъминланган.

Мамлакатимизда фаолият юритаётган миллий маданий марказларнинг ёшлари учун 2022 йилнинг октябрь ойида Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан 100 дан ортиқ турли миллий либослар, фольклор ансамблларининг фаолиятини ривожлантириш мақсадида 60 дан ортиқ турли миллий чолғу асбоблари, зум-конференциялари ҳамда халқаро олимпиадаларда қатнашишлари учун комплект зум-аппаратураси, рангли принтерлар, оммавий тадбирларни юқори савияда ўтказишлари учун комплект мусиқий-аппаратуралари харид қилинди ва миллий маданий марказларга тантанали равишда топширилди.

Маданий марказлар ёшлари мамлакатимизда ўтказилаётган “Наврўз”, “Мустақиллик куни” ва “Конституция куни”, Халқлар дўстлиги фестивали, Бағрикенглик ҳафталиги каби давлат тадбирлари, миллий маданий марказларнинг юбилей саналарига бағишланган тадбирлар, шунингдек, миллий байрамларда фаол қатнашиб келмоқдалар. Миллий маданий марказлар билан ҳамкорликда ёшлар учун Самарқанд, Навоий, Қашқадарё, Бухоро ва Тошкент вилоятларига саёҳатлар уюштирилди.

Бугунги кунда юртимизда 152 та миллий маданий марказ фаолият юритаётган бўлиб, аксарият маданий марказларида “Якшанба мактаблари” ташкил этилган. Уларда ёшларга она тили ва давлат тили, урф-одат ва анъаналар, маданият ва санъат йўналишларида билим бериб борилади. Шунингдек, адабиёт, маданият, санъат, бадиий ҳунармандчилик, спорт ва бошқа миллий қадриятлар билан миллий анъаналарнинг турли йўналишлари бўйича тўгараклар мавжуд бўлиб, уларнинг тўлақонли фаолият юритишлари учун барча имкониятлар яратилган. Бугунги кунда Ўзбекистон корейс, арман, грек, грузин, поляк, немис, хитой ва бошқа миллий маданий марказларда ана шундай мактаблар муваффақиятли иш олиб бормоқда. Маданий марказлар ўзларининг кутубхонасига эга.

Ўзбек халқи ўз тарихи давомида ҳар доим бошқа миллат ва элат вакилларига нисбатан бағрикенг бўлган. Бизнинг асосий бойлигимиз — юртимизда ҳукм сураётган тинчлик осойишталик, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик. Мустақиллик йилларида эришилган барча ютуқларимизнинг боиси ана шу аҳиллик ва ҳамжиҳатлик, юртимиздаги тинчлик ва барқарорликдир. Бу бойлигимизни сақлаб авайлашимиз ва келажак авлодларга етказишимиз керак. Зеро, тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик замонавий Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятидир.