фото: Газета.уз

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ҳар куни тахминан 1 миллионга яқин фуқаро масжидларга ташриф буюриши кутилмоқда. Шу муносабат билан жамоат тартиби ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида 20 000 нафарга яқин ходим ва ҳарбий хизматчилар жалб этилади. Улар орасида Ички ишлар органлари, Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бўлинмалари бор.

Масжидлар атрофи тўлиқ видеокузатув камералари билан қамраб олинган бўлиб, улар Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Мониторинг марказига уланган.

Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун 2 500 га яқин Йўл-патруль хизмати ходими хизмат олиб боради. Айрим масжидлар атрофида транспорт ҳаракати вақтинчалик чекланиши мумкин.

Шунингдек, масжидларга кириш жойларида хавфсизлик тўсиқлари ўрнатилади, автотураргоҳлар ташкил этилади ва зарур ҳолатларда эвакуация ишларини амалга ошириш учун 200 дан ортиқ махсус техника тайёр ҳолатда бўлади.