Йиғилишда “Ўзархив” агентлиги тизимида 2020 йил давомида архив ишини ривожлантириш ҳолати, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Ҳукумат томонидан белгиланган вазифаларнинг бажарилиши, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари, шу жумладан Республика архив муассасаларида ижро интизоми, “Ўзархив” агентлиги ва унинг тизимидаги архивларда ахборот-коммуникация технологияларини жорий этилиши аҳволи, архивларда коррупцион иллатларнинг олдини олиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш ҳолати ҳамда баъзи давлат архивларида ўтказилган ўрганишлар тўғрисида сўз борди.
Йиғилишда Агентлик директори Улуғбек Юсупов 2020 йил мобайнида амалга оширилган ишлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасида архив ишини ривожлантиришнинг 2020 йилга мўлжалланган режаси 30 та кўрсаткичлар бўйича бажарилиб, шундан 23 та кўрсаткич бўйича ошириб бажарилди.
2020 йил давомида давлат архивларига жами 418 223 та ижтимоий-ҳуқуқий мазмундаги сўровлар келиб тушди (2019 йилга нисбатан ўсиш суръати 154 фоиз). Шундан 291 308 нафар фуқаро бевосита архивга мурожаат этган бўлса, 113 мингдан ортиқ (28 фоиз) сўровлар электрон тарзда келиб тушган.
Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фондининг алоҳида қимматли ҳужжатларининг электрон шаклини яратиш ишлари жадаллаштирилди, бу йўналишда 146 377 архив сақлов бирлигида ҳужжатлар рақамлаштирилди (2019 йилга нисбатан ўсиш суръати 225 фоиз), шу жумладан, 8 миллионга яқин кадр қоғоз манбадаги, 265 та кино, 23 266 та фотосурат, 232 та овозли ҳужжатларнинг электрон нусхалари яратилди.
2020 йил давомида 920 та ташкилот ва корхоналарда назорат текширувлари ўтказилиб, 9 та маъмурий баённомалар тузилиб, архивлар томонидан ташкилот ва корхоналарга 87 та тақдимномалар киритилган.
Халқаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан 2020 йил 29 июлда “Ўзархив” агентлиги ва Америка Қўшма Штатлари Холокост ёдгорлик музейи ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Мазкур ҳамкорлик доирасида давлат архивларида сақланаётган архив ҳужжатларини электрон нусхасини яратиш ҳамда электрон базасини ишлаб чиқишни молиялаштириш юзасидан келишувга эришилди.
Венгрия давлати билан ўрнатилган ҳамкорлик доирасида 2020 йилда Ўзбекистонга оид жами 20 та ноёб архив ҳужжатлари ва маълумотлар нусхасини олишга эришилди.
Давлат архивларининг моддий-техника базасини ривожлантириш мақсадида жами 153 та компьютер техникалари харид қилиниб, 3 та архив биноси қайта таъмирланди ва фойдаланишга топширилди.
Кун тартибидаги масалалар бўйича сўзга чиққанлар томонидан тизим фаолиятида амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, баъзи камчиликларга ҳам йўл қўйилиб келинаётганлиги танқид қилинди. Ҳудудлар бўйича бошқармаларнинг ҳисоботлари эшитилди.
Ҳайъат йиғилиши кун тартибидаги масалалар юзасидан ўзининг тегишли қарорини қабул қилди.