Буюк Британия автомобил йўлларида ҳайдовчисиз транспорт воситаларидан фойдаланишга рухсат берилиши тўғрисида маълум қилган биринчи мамлакат бўлди. Махсус технология тезликни бошқаради, камера ва датчиклар ёрдамида автомобилни бошқа машиналардан хавфсиз масофада сақлайди.

Aгар тўқнашув хавфи аниқланса, транспорт воситаси тормозланиши ёки йўналишини ўзгартириши мумкин. Бу шуни англатадики, ҳайдовчига транспорт воситасини бошқариш шарт эмас, лекин агар керак бўлса, у бунга тайёр бўлиши керак.

Бундай автоуловларнинг максимал тезлиги — соатига 60 километр. Мамлакат расмийларининг таъкидлашича, бахтсиз ҳодисаларнинг 85 фоиздан кўпроғига инсон омили сабаб бўлади, шунинг учун ушбу технология йўлларни хавфсизроқ қилиши мумкин.

“Бу Буюк Британияда ҳайдовчисиз бошқариладиган транспорт воситаларидан хавфсиз фойдаланиш йўлидаги муҳим қадамдир ва келажакда ҳаракатни янада барқарор, осон ва ишончли қилади”, деди Буюк Британия транспорт вазири Рэйчел Маклин.

Қайд этилишича, бундай ҳайдовчисиз тизим фақат автомобил йўлларида фойдаланишга мўлжалланган бўлиб, у ерда транспорт бир йўналишда ҳаракатланади ва автомобил йўлида пиёдалар ҳамда велосипедчилар бўлмайди. Муайян шароитларда ҳайдовчи 10 сония ичида ҳайдовчисиз режимни ўчириб қўйиши ва бошқарувни ўз қўлига олиши керак.

Ҳайдовчисиз бошқариладиган транспорт воситаларига киритиладиган сармоялар 42 миллиард фунт стерлингни ташкил қилиши мумкин, 2035 йилгача бу соҳада 38 минг британиялик ишлайди.