Ахборот берилишича, Қонунда кейинги йилда иқтисодий ўсиш даражаси 6 фоиз, инфляция даражаси 9 фоиз, консолидациялашган бюджет тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз миқдорда, шунингдек, янгидан имзоланадиган давлат ташқи қарзи юқори чегараси 4,5 миллиард доллар миқдорида прогноз қилинмоқда.

Шунингдек, давлат бюджети даромадларидан келиб чиқиб, келгуси йил учун Давлат бюджети харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,6 фоиз миқдорида белгиланмоқда.

Қонун билан ижтимоий соҳа харажатларининг қарийб 45 фоизи таълим соҳасига, хусусан, мактабгача таълим муассасаларига 8,6 триллион сўм, халқ таълимига 30,8 триллион сўм, ўрта махсус ва олий таълимга 7,5 триллион сўм маблағ ажратилмоқда.

Бундан ташқари, 2022 йилда Давлат бюджетидан соғлиқни сақлаш соҳасига (марказлашган инвестиция харажатлари билан бирга) 24,0 триллион сўм маблағ ёки 2021 йил тасдиқланган режага нисбатан 3,5 триллион сўм ёки 17 фоизга кўп маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига қўшимча тарзда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғи тушумларини туманлар ва шаҳарлар бюджетларига йўналтириш ваколати берилмоқда.

2021 йилги Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан Қорақалпоғистон Республикаси умумтаълим муассасалари, мактабгача таълим ташкилотлари, соғлиқни сақлаш муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш, шунингдек суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш тадбирлари доирасида объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш харажатлари Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетидан амалга ошириш белгиланган. 2022 йилдан бошлаб Қонун билан ушбу механизм бошқа барча вилоятларга жорий этилмоқда.

Ушбу Қонун билан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари масъулияти ва манфаатдорлигини кучайтириш, ваколатларини кенгайтириш мақсадида адвокатлар томонидан кўрсатилган юридик ёрдам учун ҳақ тўлаш, кўп квартирали уй-жой фондига туташ ҳудудларни таъмирлаш харажатлари ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимига кирувчи иссиқлик таъминоти ташкилотларининг иссиқлик тармоқлари ва қозонхона ускуналарини капитал таъмирлаш харажатлари маҳаллий бюджетларга ўтказилмоқда.

Қонун билан солиқ тўловчилар ўзлари тўлаётган солиқлардан қилинадиган харажатлар ёки уларнинг тақсимланишида бевосита иштирок этиш ва шаффофликни таъминлаш мақсадида республиканинг барча туман (шаҳар)ларида тасдиқланган умумий харажатларнинг 5 фоизи, шунингдек, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча маблағларининг камида 30 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилган тадбирларга йўналтирилиши белгиланмоқда.

Давра суҳбатида шунингдек, 2022 йил учун солиқ-божхона сиёсатининг асосий йўналишлари бўйича бўладиган ўзгаришлар, жумладан, самарасиз солиқ ва божхона имтиёзларни бекор қилиш, юридик ва жисмоний шахслар мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаларини ўзгартириш каби асосий солиқ турлари бўйича тушунтиришлар берилди.

Тадбир якунида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг маҳаллий бюджет, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш, инвестиция ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияларига тегишли тавсиялар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати.