Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Фанлар академияси ахборот хизмати раҳбари Гулноза Шарофова иштирокида брифинг ташкил этилди.
Мутахассиснинг таъкидлашича, шаҳарлар бош режасини ишлаб чиқишда сейсмик микроҳудудлаштириш катта ўринга эга бўлиб, бу нафақат сейсмобардош бино-иншоотларни лойиҳалаш ва қуриш, балки шаҳарни сейсмик даражаси пастроқ ҳудудларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш имконини беради.
Фактларга назар ташласак, бугунги кунга қадар Ўзбекистондаги 27 та йирик шаҳар ва туманлар сейсмик микроҳудудлаштириш хариталарига эга. Яъни 1785 кв.км ҳудуд сейсмик даражаси 9 баллгача ва ундан юқори бўлган микроҳудудларга ажратилган ва улар шаҳарларни ижтимоий ва иқтисодий ривожланишида муҳим ўрин эгаллаган.
Аммо бу хариталар 40 йил аввал тузилгани сабабли ва замонавий қурилиш технологиялари талабига жавоб бермагани учун ҳам бугун олимларимиз томонидан уларнинг замонавий илмий қарашларга асосланган ҳолда такомиллаштирилган сейсмик микроҳудудлаштириш технологияси ишлаб чиқилди ва у амалиётга жорий этилди.
Ўтган 2022 йилда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Сейсмология институти олимлари томонидан республикамизнинг 584.85 км2 майдони, яъни 3 та йирик шаҳарлари Андижон, Наманган ва Фарғонанинг сейсмик микроҳудудлаштириш онлайн хариталари яратилди.
Жорий йилда эса олимлар томонидан 15 та йирик шаҳарлар: Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Карши, Жиззах, Гулистон, Термиз, Нурафшон, Олмалиқ, Зарафшон, Шаҳрисабз, Чирчиқ, Янгиер, Янгийўл шаҳарлари умумий майдони қарийб 2100 кв.км бўлган ҳудудда сейсмик микроҳудудлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Олинган натижалар, яъни шаҳарларнинг сейсмик микроҳудудлаштириш хариталари Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, лойиҳалаш ва қурилиш ташкилотлари фаолиятида кенг қўлланилади. Сейсмик микроҳудудлаштириш хариталаридан фойдаланишда қўлайликлар яратиш мақсадида вазирликнинг электрон платформасида рақамлаштирилган хариталар жойлаштириб борилмоқда.