Бу ҳақда Божхона қўмитаси ахборот хизмати ходими Ҳусан Тангриев ўзининг телеграмдаги саҳифасида маълум қилди.

Таъкидланишича, ҳозирги кунда БЮДни божхона органига тақдим этишда юридик шахс номига расмийлаштирилган электрон рақамли имзо (ЭРИ) орқали декларацияни тасдиқлаш ҳолатлари кузатилмоқда. 

Шу сабабли, декларацияловчи шахслардан бундан буён божхона органларига БЮД ва БДТ (БЮДни тузатиш шакли)ларни тақдим этишда ва ҳужжатларни тасдиқлашда ўзларининг электрон имзоларидан фойдаланишлари талаб этилади. 

Эслатиб ўтамиз, БЮДни тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқнома (рўйхат рақами 2773, 2016 йил 6 апрель) талабларига асосан, БЮДнинг  54-графасида декларацияловчи шахснинг  ЖШШИРи кўрсатилиши ҳамда БЮДда баён этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги электрон БЮДда декларацияловчи шахснинг ЭРИ билан тасдиқланиши белгиланган. 

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 июлдаги 605-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 15-бандида декларацияловчи шахс БЮДни шакллантириши ва ўз имзоси билан тасдиқлаб, автоматлаштирилган ахборот тизими орқали божхона хизмати органларига юбориши белгиланган. 

Мазкур Низомнинг 28-бандига асосан товарларнинг электрон декларациясини имзолаш ваколатига эга бўлган жисмоний шахс (электрон рақамли имзо калитининг эгаси) товарларни электрон шаклида декларациялашда кўрсатилган маълумотларни ўз электрон рақамли имзоси билан тасдиқловчи шахсдир.