Бу ҳақда Марказий банк томонидан эълон қилинган жисмоний шахслар валюта операциялари бўйича шарҳда маълумот берилган.
Қайд этилишича, Маблағларнинг 77 фоизи Россиядан (11,5 млрд долл) келиб тушган бўлиб, 2023 йилга нисбатан 29 фоизга ошган.
Мазкур трансфертларнинг қолган қисми:
- Қозоғистон (795 млн долл),
- АҚШ (577 млн долл),
- Жанубий Корея (534 млн долл),
- Туркия (405 млн долл),
- Буюк Британия (135 млн долл) ва бошқа мамлакатлардан ўтказилган.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмалари ҳажмининг 2023 йилга нисбатан ўсиши меҳнат миграцияси йўналишида кузатилган ижобий тенденциялар, хусусан мигрантларни қабул қилувчи мамлакатларда иқтисодий фаоллик, ишчи кучига талаб ва иш ҳақларининг ошиши ҳамда миграция географияси таркибида юқори даромадли мамлакатлар улушининг ортиши билан изоҳланади.
Шуниндек, мазкур маблағларнинг ойлар кесими бўйича таҳлилига кўра, 2024 йилда ўтказмалар динамикасининг шаклланишига меҳнат миграцияси билан боғлиқ мавсумийлик омили билан бирга меҳнат муҳожирлари фаолият юритадиган анъанавий мамлакатларда миллий валюта курсидаги тебранишлар ҳам таъсир кўрсатди.
2024 йилда Ўзбекистонга келиб тушган трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмида 2023 йилга нисбатан:
- Буюк Британиядан 83 фоизга,
- Жанубий Кореядан 56 фоизга,
- АҚШдан 35 фоизга,
- Европа Иттифоқи мамлакатларидан 32 фоизга ўсиш кузатилди.
Ушбу даврда жисмоний шахсларга келиб тушган маблағларнинг 8,2 млрд доллари анъанавий халқаро пул ўтказма тизимлари орқали (2023 йилга нисбатан ўсиш 14 фоиз), 5,9 млрд доллари хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалари орқали (ўсиш 51 фоиз) ҳамда 774 млн доллари банк ўтказмаси (SWIFT) орқали (ўсиш 2,1 баробар) амалга оширилган (3-диаграмма).
Хориждан жисмоний шахсларнинг банк карталарига тўғридан-тўғри (P2P) ўтказмалар тезкорлиги, қулайлиги ва нисбатан арзонлиги ҳисобига оммалашиб бормоқда.
Биргина 2024 йилда P2P (онлайн) транзакциялар сони қарийб 71 миллионтага етган бўлса (2023 йилга нисбатан ўсиш 47 фоиз), ўтказмалар ҳажмининг келиб тушган жами маблағлар ҳажмидаги улуши 40 фоизгача кўпайди (2023 йилда 34 фоиз).
Шунингдек, 2024 йилда Ўзбекистондан чет элга юборилган пул ўтказмалари ҳажми 2,8 млрд долларни (2023 йилга нисбатан ўсиш 19 фоиз) ташкил қилди.