Ҳисоботни Бош вазир ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров тақдим этди.
Таъкидланишича, жаҳон иқтисодиётидаги ноаниқликлар ва геосиёсий зиддиятларга қарамай, Ўзбекистонда барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари сақлаб қолинган. Кенг қамровли ислоҳотлар ва иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш дастурлари аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилган.
2025 йил якунларига кўра, мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсган. Хизматлар соҳаси 14,7 фоиз, қурилиш соҳаси 14,2 фоиз ва саноат соҳаси 6,8 фоизлик ўсишни қайд этган. Йиллик инфляция даражаси 7,3 фоизни ташкил қилган бўлса, ташқи савдо айланмаси 81,2 миллиард долларга етган.
Шунингдек, ўтган йил давомида иқтисодиётга 591,1 триллион сўмлик инвестициялар жалб қилиниб, бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 10,5 фоизга ошган.
Давлат бюджети даромадлари белгиланган режага нисбатан 116,6 фоизга бажарилган. Бюджет харажатларининг қарийб ярми — 180,4 триллион сўм ижтимоий соҳага йўналтирилган. Мазкур маблағларнинг асосий қисми таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уй-жой дастурларини молиялаштиришга сарфланган.
Муҳокамалар чоғида таълим соҳасига ажратилган маблағлар алоҳида қайд этилди. Хусусан, 2025 йилда мазкур йўналиш учун 84,2 триллион сўм ажратилган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 12,9 триллион сўмга кўпдир. Давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим муассасаларига эса қарийб 4 триллион сўм субсидия берилган.
Соғлиқни сақлаш соҳасига 43,3 триллион сўм йўналтирилган бўлиб, бу 2024 йилга нисбатан 7,2 триллион сўмга кўпдир. Шунингдек, давлат тиббий суғуртаси тизими орқали тиббиёт муассасаларига 21,6 триллион сўм маблағ ажратилган.
Депутатлар кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам эътибор қаратди. 2025 йилда болалар нафақалари, моддий ёрдам ва компенсациялар учун 14,5 триллион сўм бюджет маблағлари йўналтирилгани қайд этилди.
Ҳисобот муҳокамаси давом этмоқда.