Милоддан аввалги III асрда Фарғона давлати пойтахти, Буюк ипак йўлининг асосий шаҳри бўлган 3000 ёшли «Ахсикент» ҳақида Хитой манбааларида, «Бобурнома»да бу кентнинг алоҳида аҳамияти ҳақида кўп ёзилган. Янги Ўзбекистон қурилиши даврида яна эътиборга тушган маскан қиёфаси гавдалантирилмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида Наманган вилоятида жойлашган ушбу ёдгорлик мажмуасида кенг кўламли археологик қазишмалар баробарида 4 та «Очиқ осмон остида»ги музей барпо этилади. 

«Ахсикент» - шонли тарих ва буюк келажак туташган маскан

- «Ахсикент» - дунё археологиясида ноёб ҳодиса. Бугун умумий ҳудуди 200 гектарни ташкил этувчи маданий мерос объекти қазишма ва бунёдкорликнинг қайноқ нуқтасига айланган - дейди «Ахсикент» комплекс экспедицияси раҳбари, ЎзРФА Миллий археология маркази бўлим бошлиғи, профессор Абдулҳамид Анорбоев.

Биласиз, бу ёдгорликда ўтган асрнинг иккинчи ярмида қазишма ишларига киришилиб, дунёга машҳур «Дамашқ қиличи» топилган, орадан бироз ўтиб «Ахсикент»га Косонсойдан салкам 20 километр узунликда ичимлик суви тортиб келтирилган сопол қувурлар қолдиқлари билан археологларни ўзига тортган. Бу ердан топилган нодир қўлёзмалар ва бошқа осори-атиқалар учун алоҳида музей ҳам ташкил этилди.

Ҳозирда «Янги Ахси» мажмуасида осори-атиқалар музейи, нодир қўлёзмалар маркази фаолият кўрсатмоқда. Бу манзилда 10 мингдан ортиқ нодир артефактлар ҳамда 4 мингдан ортиқ ноёб қўлёзмалар мавжуд.

Аслида Фарғона водийсидаги қадимий бу шаҳарнинг тупроқ остида қолиб, ёдгорликка айланиши тарихи ҳақида бир қанча тахминлар мавжуд. Улардан энг яқинлари кучли зилзила ёки метеорит қулаши сифатида келтирилади. Лекин, нима бўлганда ҳам, ўтмишда унинг ҳар томонлама гуллаб-яшнаган марказий шаҳарлардан бўлгани айни ҳақиқат. Шу боис уни ўрганиш ишлари Янги Ўзбекистон пойдевори қўйилаётган бугунги даврда жуда муҳим аҳамият касб этмоқда. 

«Ахсикент» ёдгорликлари фанда яна бир муҳим илмий янгиликни очиб берди

Ўзбекистон Фанлар академияси Миллий археология маркази директори, археолог Фарҳод Мақсудов бу ҳақда "Қурултой" подкастида маълумот тақдим этди.

Гап шундаки, ЎзРФА Миллий археология маркази профессори, Ахсикент комплекс экспедицияси раҳбари Абдулхамид Анарбоев ва Россия Фанлар академияси Ер физикаси институти профессори, геология минерология фанлари доктори Андрей Корженковлар Ахсикентда ёдгорликнинг зилзила сабаб ундаги ёриқларнинг тузилиши, кўриниши асосида жуда ҳам қадимги даврда зилзилаларнинг аниқ бир қайси вақтда содир бўлганини тиклаб чиқишган.

Кейинги тадқиқотларда бу каби жуда қимматли маълумотлар асосида минтақада зилзилаларнинг такрорланиш циклик даврларини чуқур таҳлил қилиш ва пировардда унга қараб, эҳтимолий зилзилаларни прогноз қилиш мумкин бўлади.

2024 йил декабрида нашр қилинган "Сейсмическая опасность Ферганской долины: Археосейсмологические данные" китобида археология фани соҳасида янги йўналиш археосейсмология тадқиқотлари орқали Фарғона водийси қадимги шаҳарларига ернинг тектоник харакатлари, яъни зилзилаларнинг таъсири илмий асосда ёритиб берилган. Китобда сўнгги беш йилда олиб борилган тадқиқотлар ҳақида фикр юритилган.

Ўзбекистондаги биринчи археопарк – «Ахсикент»

Ҳурматли Президентимизнинг 2023 йилдаги Наманганга ташрифи ушбу объектга ииккинчи ҳаёт бағишлади, десак муболаҳа эмас. Давлатимиз раҳбарининг таклифига асосан «Ахсикент»археология паркини ташкил этиш, унинг 3000 йиллик юбилейини ўтказиш ҳамда Юнесконинг маданий мерос объектлари рўйҳатига киритишни кўзда тутувчи қарор лойиҳаси ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилди. Шу асосдамаданий мерос буфер ҳудуди яқинида амфитеатр, Археология музейи ҳамда бошқа инфратузилма объектлари қуриш лойиҳаси маъқулланди.

Энг асосийси, 2026 йилги «Шарқ тароналари»халқаро мусиқа фестивали «Ахсикент»нинг айнан шу қисмида ўтказилиши режалаштирилмоқда.Янги қурилишлар натижасида «Ҳунармандлар маркази», кутубхона барпо этилади.

Айни пайтда тўртта очиқ осмон ости музейлари қурилиши ишлари жадал давом этмоқда. Жорий йилда археопаркка ёндош ҳудудда амфитеатр ва қўшимча туризм инфратузилма объектларининг қурилиш ишлари бошланади.

Турк меъморчилик ширкати Evra-GEKA лойиҳаси асосида барпо этилаётган «Ахсикент»археология парки «Очиқ осмон музейи»нинг қурилиши якуний паллада. Навбатда - яна уч объект, уларда ҳам иш жадаллашади.

Наманганда яна бир янги халқаро туристик локация

Кейинги йиллардаги тарғибот, амалга оширилган ишлар натижасида айни вақтда «Ахсикент»га бир кунда 80-100 нафар сайёҳ ташриф буюрмоқда. Кўзда тутилган қурилишлар якунида бу манзилга бир кунлик сайёҳ ташрифи 20 баробарга ортиб, 1600-2000 нафарга етади. Бу орқали бир йилда 600 000 - 800 000 сайёҳ ташрифига эришилади.

Шу ўринда яна бир эътиборли жиҳатга тўхталиб ўтиш жоиз. Тарихий мажмуанинг шундоққина ёнидан азим Сирдарё дарёси оқиб ўтади. Дарёнинг ўнг қирғоғида экотуристик ва гастрономик туризм инфратузилмаси барпо этишга киришилди.

- Сирдарё соҳилида бошланган йирик экотуристик лойиҳа «Ахсикент» археология парки мажмуининг кумуш белбоғи бўлади. Дарёнинг ҳар икки тарафида пиёдалар йўлакчалари, гастрономик ва хизмат кўрсатиш нуқталари, ҳунармандчилик ва савдо шохобчалари бутун бир янги туризм кластерини юзага келтиради. Бу йўл орқали «Ахсикент» ва «Янги Ахси» мажмуаларини бир-бири билан боғланади. Ҳозирда “Ахсикент соҳили” МЧЖ томонидан 7 гектар майдонда лойиҳа қиймати 5 млрд. сўм бўлган бир кунда 2000 кишини қабул қила оладиган гастрономик манзил, 3 километр масофада пиёдалар йўлаги ва бошқа инфратузилма барпо этилмоқда. Ташаббускорлар томонидан яна 10 млрд. сўмлик иш бажариш кўзда тутилган, - дейди Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ботир Нуритдинов.

Шу билан бирга, «Ахсикент»га олиб борувчи Тўрақўрғоннинг «Хўжанд» қишлоғидан «Гулқишлоқ»қа қадар йўлнинг 7 километри инвестиция дастури асосида реконструкция қилинмоқда.

Ҳозирда бир кунда 2000 кишини қабул қила оладиган 7 гектар майдонда гастрономик манзил “Ахсикент соҳили” томонидан барпо этилди. Лойиҳа давом этмоқда.

«Тиниб-тинчимас» Анвар Икром 

​«Ахсикент» археология парки директори Анвар Икромов ҳақида гап кетганда шундай таъриф беришади: «Намангандан кўра хорижда кўпроқ юради». Дарҳақиқат, шундай. Бир қарасангиз Қатарда, сал ўтмай Ҳиндистонда, у ёғи Германия, Европагача қадами етган. Айнан унинг серҳаракатлиги ва ташкилотчилиги ортидан «Ахсикент» донғи дунёга таралмоқда. Масалан, Наманган вилояти делегацияси шу йил 19 февраль - 21 март кунлари Европанинг 14 мамлакатида ишчи сафарида бўлади. Германия, Дания ва Венгрияда ўтказиладиган халқаро туризм ярмаркаларида «Ахсикент» археология парки стенди намойиш этилади.

«Ахсикент» археология парки директори Анвар Икром Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев, Milliy PR-markazi директори Дилшод Муродуллаевлар билан учрашиб, ишчи сафар, унинг ташкилий масалалари юзасидан мулоқот қилишга ҳам улгурди. Мана шундай изланишлар ортидан «Ахсикент»ни чет элда ҳам яхши билишади. 

Яқиндагина «Ахсикент» археология парки ва Ҳиндистондаги ягона Кемасозлик музейи - Dhow museum ўртасида ўзаро илмий-амалий ва тажриба алмашинувни кўзда тутувчи ҳамкорлик меморандуми имзоланди. 140 йиллик тарихга эга кемамозлик компанияси раҳбари Хошим Аҳамед Кунжи «Янги Ахси» осори-атиқалар ва қўлёзмалар музейига нодир экспонат - кемасозлик тарихига оид ҳужжатни тақдим этди. Умуман, Қатар ва ҳиндистон сафаридан сўнг музейга 100 та янги китоб келтирилди. Улар орасида Бобурий подишоҳ Аврангзеб Оламгир ташаббуси билан ёзилган нодир китобни 10 жузи мавжуд. Шунингдек, Алишер Навоийнинг «Ҳамса» асари, Фирдавсийнинг «Шохнома»си, Бедил, Фузулий ва Бобораҳим Машрабнинг янги девонлари ҳам 4000 та нодир қўлёўмалар фондидан ўрин олди.

Айни пайтда Ўзбекистон халқаро ислом академияси олимлари билан китоблар таснифланмоқда. Ўзбекистоннинг Доҳадаги элчихонаси кўмагида Қатар миллий музейи билан Ахсикент археология парки ўртасида ҳамкорлик ўрнатилди. Тез орада биргаликда қўлёзмаларни рақамлаштириш ишларига киришилади.

«Ахсикент» - хорижликлар нигоҳида

- «Ахсикент» нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон сайёҳлик марказига айланади. Бунинг учун жуда катта имконият мавжуд. Туризмни ривожлантириш лойиҳамиз доирасида айнан бу манзилни танлаганимиз бежизга эмас», - Жаҳон банки экспертлари Ахсикент археология паркида бўлиб, дастлабки ўрганишларни ўтказишганди. Бу лойиҳа доирасидаги ишлар 2025 йилда бошланади.

Лойиҳа раҳбари Питер Низетте бошчилигидаги архитектор, дизайнер Элиза Трапани, ҳудудий режалаштирувчи Симоне Ландуччи, туризм эксперти Егор Алексеенковлар ёдгорлик ҳудудини ўрганишди. Шунингдек, Муҳаммад Нада бошчилигидаги Жаҳон банки вакиллари ҳам «Ахсикент» ва «Ахси»да бўлдилар.

Туркиянинг LGM корпорацияси таъсисчиси Левент Шимшек:

- «Ахсикент»да бизнинг илдизларимиз бор. Бугун буюк тарих билан тўқнашдик. Шубҳасиз бу маскан дунё сайёҳлик марказига айланажак. Туркияда келиб бу ерни кўришни истаганлар кўптопилади. Бу борада мен ҳам тарғибот ишларини олиб бораман. Шу ўринда буюк тарихни асраб-авайлаётган Наманган халқига ўз миннатдорчилигимизни изҳор этамиз. Бу қадар бой манбалар Ахсикент ва Ахсини юксак тамаддун ўчоғи бўлгани исботидир».

Туркиянинг Dogu туристик компанияси раҳбари Меҳмет Нур Турк: 

- Бизга Наманган, унинг бетакрор табиати, Ахсикент мисолидаги буюк тарих қизиқ. Биз араб, форс, турк сайёҳларини кўп миқдорда олиб келамиз. Айнан Наманган, Тошкент ва водий бизнинг мижозларимизга тўғри келади. Бизга табиат, яшиллик, тоғлар ва Ахсикент каби қадим тарих керак. Ва, албатта, Наманганнинг бетакрор гастрономияси бизнинг сайёҳлар учун қизиқ. 24-28 март кунлари илк катта гуруҳимиз Наманганга келади.

Хуллас, бу каби фикр-мулоҳазаларни ўнлаб келтириш мумкин. Энг асосийси, уч минг йиллик тарихга эга «Ахсикент» бугун яна уйғонди. Келажаги эса Наманган ва унинг янада ривожига даҳлдор.


   Илҳомжон Раҳматов,

Наманган вилояти ҳокимининг матбуот котиби,

Ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси.