Бу ҳақда 23 декабрь куни ИИВда ўтказилган матбуот анжуманида вазир ўринбосари — Тергов департаменти бошлиғи Рамазон Ашрапов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, тизимда амалга оширилган ишлар натижасида 2025 йилнинг ўтган даврида 39 фоиз ёки 3503 та маҳаллада биронта ҳам жиноят содир этилмаган.

Унинг қайд этишича, 11 ойда олдини олиш лозим бўлган жиноятлар ўтган йилга (45 545 та) нисбатан 4192 тага (41 353 та) камайган. Хусусан, барча оғир турдаги жиноятлар:

  • баданга қасддан оғир шикаст етказиш 860 та (2024 йилда — 965 та);
  • ўғрилик 10 154 та (2024 йилда — 10 607 та);
  • талончилик 389 та (2024 йилда — 517 та);
  • босқинчилик 119 та (2024 йилда — 163 та);
  • фирибгарлик 7565 та (2024 йилда — 8216 та);
  • безорилик 2063 та (2024 йилда — 2369 та);
  • йўл-транспорт ҳодисалари 8738 та (2024 йилда — 9365 та);
  • транспорт воситасини олиб қочиш 216 тага (2024 йилда — 254 та) камайишига эришилган.

Шунингдек:

  • ёшлар 12 110 та (2024 йилда — 16 062 та);
  • вояга етмаганлар 2306 та (2024 йилда — 2870 та);
  • аёллар 3214 та (2024 йилда — 4167 та);
  • ишсизлар 3091 та (2024 йилда — 4364 та);
  • гуруҳлар томонидан 3480 та (2024 йилда — 4491 та) содир этилган жиноятлар ҳам камайган.
«Бироқ номусга тегиш жиноятининг 6 фоиз, яъни 359 тадан 381 тагача ошиб кетишига йўл қўйилди. Қайд этиш керак, давлатимиз оиладаги зўравонликка қарши қонун қабул қилган Марказий Осиёдаги биринчи давлат ҳисобланади. Бу бордаги ишлар шахсан Президент администрацияси раҳбари [Саида Мирзиёева] томонидан назоратга олинган. Бугунги кунда аёлларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш, уларга нисбатан зўравонликка қарши курашиш борасида қатъий чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», — дейди ИИВ раҳбари ўринбосари.

«Умуман олганда, зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши муросасиз курашиш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, ҳар бир қилмиш учун «жазо муқаррарлиги»ни таъминлаш борасида бундан кейин ҳам кучайтирилган тарзда тизимли ишлар олиб борилади», — дея қўшимча қилди Рамазон Ашрапов.

Унинг таъкидлашича, «ҳимоя ордери» олган аёлларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида уларнинг хонадонларига 8170 та ташвиш тугмалари ўрнатилган.

«Натижада оилавий низолар кўп учрайдиган Қашқадарё вилоятининг ўзида 486 та „ҳимоя ордери“ берилган аёлларнинг хонадонларига ташвиш тугмаларини ўрнатиш орқали зўравонлик жиноятларининг сони 29 фоизга камайишига эришилди», — дейди у.