Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида ГИCC 2022 Глобал инфратузилмавий ҳамкорлик бўйича конференция бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда “Ўзсувтаъминот” AЖ матбуот хизмати.

Унда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг биринчи ўринбосари, “Ўзсувтаъминот” AЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров сўнгги йилларда мамлакатимизда ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш соҳасидаги ўзгаришлар, амалга оширилаётган лойиҳалар тўғрисида маълумот берди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Президентнинг тегишли фармони билан “Ўзсувтаъминот” ташкил этилганидан сўнг соҳада корпоратив бошқарув тизими жорий қилинди, барча устувор йўналишлар бўйича ишлар тизимли асосда йўлга қўйилди.

Сўнгги беш йилда соҳага 1,1 миллиард миқдорида маблағ жалб қилинди. Республикамиз бўйича 1826 та сув иншооти, 56 та оқова сув тозалаш иншооти, 24,2 минг километр ичимлик ва 1,1 минг километр оқова сув тармоқлари қурилди. Натижада 2017 йилда аҳолининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 63,9 фоизни, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси эса 15,2 километрни ташкил этган бўлса, 2021 йилда мазкур кўрсаткич тегишли равишда 69,7 ва 16,5 фоизга етказилди.

Жаҳон банки иштирокида Бухоро вилояти Олот ва Қоракўл туманлари аҳолисининг ичимлик сув таъминотини яхшилаш мақсадида кунлик қуввати 50 минг метр кубга тенг “Икки даҳа” сув тозалаш иншооти, Самарқанд шаҳрида оқова сув тизимини ривожлантириш учун кунлик қуввати 139 минг метр куб ва 3 минг метр куб бўлган иккита оқова сув тозалаш иншооти ишга туширилди.

Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда эса Тошкент вилоятида кунлик қуввати 100 минг метр кубни ташкил этувчи “Қодирия” сув тозалаш иншооти барпо этилди.

С.Саифназаров ўз нутқида 2026 йилга қадар амалга оширилиши режалаштирилган ишларга ҳам тўхталиб ўтди. Қайд этилганидек, ушбу давр мобайнида соҳага ўтган 5 йилга нисбатан 5 баробарга кўп, яъни 5,5 миллиард доллар миқдорида инвестицияларни жалб этиш кўзда тутилган.

2022-2026 йилларда республикада 2875 та ичимлик ва 283 та оқова сув иншоотини, 33,7 минг километр тармоқларни қуриш режалаштирилган. Бунинг натижасида 2026 йилга келиб, республикамиз аҳолисининг марказлашган ичимлик сув билан таъминланганлик даражаси 90 фоизга, оқова сув хизматлари билан қамраб олинганлик даражаси эса 35 фоизга етиши кутилмоқда.

Конференция доирасида олий даражадаги икки томонлама учрашувлар, хорижий давлатларда амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ва бошқа тадбирлар ҳам бўлиб ўтди.

Маълумот учун: Жанубий Корея “Ўзсувтаъминот” AЖнинг энг яқин ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Ушбу давлатнинг “К-Wатер” корпорацияси билан ҳамкорликда мамлакатимизда эскирган тармоқларни модернизация қилиш, кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш, соҳага янги технологик ечимлар орқали “ақлли” сув ҳисоблагичларни жорий этиш, сув сарфини бошқариш бўйича қатор ишлар олиб борилмоқда.