“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида»ги Қонуннинг 62-моддасига асосан, Банк хизматлари истеъмолчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати томонидан жорий йилнинг август-сентябрь ойларида тижорат банклари муассасаларида назорат тадбирлари ўтказилди.
Назорат тадбирларида тижорат банкларининг жойлардаги муассасаларида истеъмолчилар билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда банк фаолиятига қўйиладиган талабларга риоя этилиши, шу жумладан, терминаллар орқали тўловларнинг қабул қилиниши ҳамда банк хизматлари тўғрисидаги ахборотларни истеъмолчиларга тўғри ва тўлиқ тақдим этилиши ҳолатларига эътибор қаратилди.
Хусусан, ўрганиш давомида банклар томонидан таклиф этаётган кредит ва омонатлар ҳақидаги ахборотлар истеъмолчиларга қонунчиликда белгиланган тартибда ошкор қилиниши ҳамда банк карталари орқали хизматлар кўрсатилиши тўлиқ йўлга қўйилмаганлиги ҳолатлари аниқланди.
Ушбу ҳолатларга йўл қўйганлиги учун Ўзбекистон Республикасининг “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги Қонунининг 57-моддасига мувофиқ, 21 та тижорат банкига нисбатан чора қўлланилиб, бунда 16 та тижорат банкидан жарималар ундирилди ҳамда 5 та тижорат банкига огоҳлантириш берилди.
Истеъмолчилар банк хизматларидан фойдаланиш бўйича оқилона қарорга келишлари учун тижорат банкларидан истеъмолчиларга банк хизматлари ҳақидаги маълумотларни тўлиқ ошкор қилиши ва уларнинг шартларини батафсил тушунтириши лозимлиги билдирилади.