Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак, деган эзгу тамойил бугун барча даражадаги идора ва ташкилотлар учун дастуруламалга айланди. Халқимизни жипслаштирадиган маскан эса маҳалладир. Шунинг учун  Президентимиз ҳудудларга ташрифи давомида бевосита маҳаллаларга бориб, аҳоли билан учрашиб, ислоҳотлар самараси бу ерда ўз аксини топиши, ҳар бир ишнинг натижаси, мезони  маҳалладаги одамларнинг розилиги эканига алоҳида урғу бермоқда.

Ҳозир барча давлат ташкилотлари ўз ишини “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизим асосида йўлга қўйиши қатъий талабга айланди. Эндиликда маҳалла самарали жамоатчилик назоратини олиб борувчи тузилма бўлади.

Маҳалланинг инсон ҳаётидаги ўрни ва аҳамиятини тубдан ошириш борасида қилинаётган ишлар, айниқса, хотин-қизлар билан ишлаш йўналишида янада яққол кўзга ташланмоқда. Ҳозирги кунда ҳар бир маҳаллада бу йўналишда янги тизим яратилди. Яъни ҳар бир маҳаллада аёллар маслаҳат кенгашлари фаолияти йўлга қўйилди. “Маҳаллабай” тарзда “Аёллар дафтари” шакллантирилди.

Кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилаларнинг қизлари учун 2020 йилда қўшимча 4 фоизли квота асосида давлат гранти жорий этилгани ва бу квота 2021 йилда икки баробар кўпайтирилиши 2000 нафар қизнинг ҳаётида чуқур ва ўчмас из қолдириши, шубҳасиз. Зўравонликдан жабрланган аёллар учун реабилитация марказлари ташкил этилгани уларга ҳуқуқий ва психологик кўмак кўрсатишда ўз самарасини бермоқда. Хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, касбга қайта ўқитиш, тадбиркорлик ва бизнес асосларига ўргатиш учун хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этилди.

Президентимизнинг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида бу борадаги ишлар янги босқичга кўтарилди. Чунки унда белгиланган вазифалар ижроси ҳар бир аёлнинг ҳаётида ўз аксини топади. Мазкур қарор асосида Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ташкил этилди ва вазифалари аниқ белгилаб берилди. Шунинг ўзи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш масаласи давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини кўрсатади.

Хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ва тизимли ҳал этиш бўйича республика комиссиясига маҳалла ва ҳар бир хонадон кесимида аёллар муаммоларини ўрганиш, “Аёллар дафтари”ни шакллантириш, дафтарга киритилган ҳар бир аёл билан тизимли ишлаш бўйича тегишли вазирликлар, идоралар, секторлар ишини мувофиқлаштириб бориш вазифаси белгиланди.

Хотин-қизларни қўллаб-кувватлаш давлат мақсадли жамғармасининг  хотин-қизларга тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун тавсиянома асосида 3 йиллик муддат ва 6 ойгача имтиёзли давр билан Марказий банкнинг асосий ставкасида базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда кредитлар ажратилиши  ўз тадбиркорлик ишини бошлаш истагини билдирган хотин-қизларга катта имконият бўлади.

Бу жамғарма Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси сифатида қайта ташкил этилди. Жамғарма ҳар йили Халқ банкига 100 миллиард сўм маблағни 2021 йилда Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз паст ставкада, 2022 йилдан эса асосий ставкада йўналтириши белгиланди.

Қарорда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларни уй-жой билан таъминлаш, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, муаммоларини тизимли ҳал этиш бўйича амалга ошириладиган ишлар аниқ маблағи ва эгаси билан кўрсатилгани бу борадаги ишларни яна бир поғонага кўтарди.

Айтиш керакки, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланган жамиятда, албатта, тинчлик, адолат, эркинлик ва фаровонлик бўлади. Аёл бахтли бўлса, оила ва жамият ҳам обод бўлади. Зеро, аёл она, оила бекаси. Оиладаги муҳит, тарбия эса онанинг маънавияти, дунёқараши, ҳаётдан розилиги билан ўлчанади.