Унда илгари сурилган ташаббуслар – таълим, касб-ҳунар, тадбиркорлик, инновация ва волонтёрлик йўналишларидаги аниқ ва тизимли қарорлар – 22 миллиондан ортиқ ёшларимизнинг улкан салоҳиятини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари ёшлар – бу нафақат демографик устунлик, балки иқтисодий, ижтимоий ва маънавий тараққиётнинг бош омили эканлигига алоҳида эътибор қаратди. Айниқса, жаҳон олимпиадаларидаги ютуқлар, ТОП университетларда таҳсил олаётган ўғил-қизларимиз, халқаро бозорга чиққан стартаплар ва спорт соҳасидаги ғалабалар – буларнинг барчаси юртимизда яратилган имкониятлар самарасидир.
Жамоамиз ушбу ишонч ва эътиборни юксак масъулият сифатида қабул қилади.
Биз учун ёшларнинг нафақат касбий, балки маънавий-эстетик тафаккурини шакллантириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш устувор вазифадир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган “Келажак тадбиркори” дастури, “Янги авлод тадбиркорлари” ташаббуси, “Ёшлар бизнес инкубатори” марказлари, “Ўсиш ва ривожланиш (Upshift)” лойиҳаси, волонтёрлик ҳаракатини кенг қўллаб-қувватлаш каби ташаббуслар таълим муассасалари олдига ҳам янги вазифаларни қўймоқда.
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти жамоаси ҳам ушбу ташаббуслар ижросини таъминлашни, шубҳасиз, энг устувор вазифа этиб белгилади.
Шу боисдан ҳам келгусида талабаларни амалий лойиҳалар асосида ўқитиш, креатив индустриялар, маданий менежмент ва санъат тадбиркорлиги йўналишларини кучайтириш, дуал таълим элементларини кенг жорий этиш, ёш ижодкорлар ва стартап ташаббускорларини қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш ва амалга оширишни режа қилдик.
Таъкидлаш ўринлики, институтимиз кафедраларининг иш берувчи ташкилотларда айни пайтда 4 та филиали фаолият олиб бормоқда. Бу ишларни давом эттириш ҳамда шу асосда дуал таълимни кенгайтиришни мақсад қилганмиз.
Шунингдек, 4 та спорт федерациялари билан ҳамкорлик шартномалари имзоланган бўлиб, ҳамкорликда бир қанча спорт ва маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этиб келинмоқда.
Эндиликда бу ишларнинг ҳам салмоғини ошириш, шунингдек, институтда спорт мусобақаларини янада кўпайтириш борасида иш олиб борилмоқда.
Битирувчиларни иш билан таъминлаш борасида ҳам маданият бошқармалари, театрлар, кутубхоналар билан мунтазам учрашувлар ўтказиб келмоқдамиз.
Айни пайтда, олиб борилаётган мазкур ишлар биздан янада катта масъулият ва тизимли ёндашувни талаб этаётганини чуқур англаймиз.
Ҳурматли Президентимиз томонидан амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар таълим ва маданият соҳасида ҳам янгича фикрлаш, замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда натижадорликни устувор мезон сифатида белгилаш зарурлигини кўрсатмоқда.
Бу эса биздан эскича қараш ва қолипланган ёндашувлардан воз кечиб, фаолиятимизни замон талаблари асосида қайта кўриб чиқишни, ҳар бир ташаббусни аниқ амалий самарага йўналтиришни тақозо этади.
Шундай экан, олдимизда турган вазифаларни танқидий таҳлил асосида қайта баҳолаб, янада юқори босқичга олиб чиқиш устувор мақсадимиздир.
Негаки, олий таълим муассасалари олдида ҳам кўплаб янги вазифалар турибди. Хусусан, бугун улар фақат билим берувчи муассаса эмас, балки инновация, тадбиркорлик ва янги иш ўринлари яратувчи марказга айланиши лозимлиги белгиланди.
Биз ишонамизки, санъат ва маданият соҳаси ёшлар учун нафақат ижод майдони, балки иқтисодий барқарорлик ва инновацион ривожланишнинг муҳим драйверига айланади.
Янги авлод санъаткорлари, менежерлари ва ижодий тадбиркорлари мамлакатимизнинг халқаро нуфузини янада юксалтиради.
Биз ҳам келгуси фаолиятимизда, албатта, ёшларимизни эшитамиз, қўллаб-қувватлаймиз ва уларнинг ташаббуслари рўёбга чиқиши учун барча имкониятларни сафарбар этамиз.
Ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг бугуни ва келажагидир. Уларнинг муваффақияти – Ватанимиз муваффақиятидир.
Нодирбек Сайфуллаев,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори,
профессор.