Халқ депутатлари Наманган вилояти Тўрақурғон тумани кенгаши сессиясида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-наво барқарорлигини сақлаш, маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш масалалари борасидаги масалалар атрофлича муҳокама этилди.
Таъкидланганидек, туман аҳолиси эҳтиёжларини ички ресурслар орқали тўлиқ ва сифатли таъминлашга эришиш мақсадида ўтган йиллар давомида озиқ-овқат дастури доирасида ҳудудий инвестиция лойиҳалари амалга ошириш натижасида 245 миллиард сўмлик жами 102 та лойиҳа амалга оширилди.
Шунингдек, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлаш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш мақсадида тижорат банклари томонидан 135 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағлари ажратилди.
2020 йилда умумий қиймати 200 миллиард сўмлик 49 та қишлоқ хўжалиги лойиҳалари фойдаланишга топшириш белгиланган бўлиб, ҳозирги кунда 101 миллиард сўмлик, жами 38 та лойиҳа фойдаланишга топширилди.
– Туманда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳисобидан, гўшт, картошка, тухум, пиёз, сабзи, парранда гўшти ва балиқ маҳсулотлари тўлиқ қопланади, ун, шакар ва ўсимлик ёғларининг эҳтиёж учун етишмаган қисми бошқа туманлар ва импорт ҳисобидан қопланиши режалаштирилмоқда, – дейди Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайхо Маҳкамова. – Ҳудудий корхона ва ташкилотлар ҳамда ижтимоий соҳа объектлари томонидан жорий йилнинг 1 декабрь кунига қадар 4 минг 459 тонна асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини захирага жамғариш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун жами 5 миллиард сўм маблағ сарфланиши белгиланган. Маҳсулотларни захирага жамғариш учун жами 10 200 тонна сиғимга эга 23 та омбор ва совутгичли камералар тайёр ҳолатга келтирилган, бундан ташқари йил якунига қадар 7 та, сиғими 2,5 минг тонна бўлган музлатгичли омбор фойдаланишга топширилади.
Ҳокимлик томонидан захира тадбирларига жалб этилган тайёрлов ташкилотлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ўртасида арзон нархларда сифатли маҳсулот етказиб бериш юзасидан истисно тариқасида тўғридан-тўғри контрактация шартномалари тузиш ишлари самарали ташкил этилди.
Бундан ташқари, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маҳсулотлар нархларининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари учун етиштирилган маҳсулотларини воситачисиз тўғридан-тўғри сотиш имкониятини яратиш мақсадида вилоятдаги 5 та марказий деҳқон бозорларида «Элга хизмат расталари» ташкил этилди.
Шунингдек, аҳоли томонидан ўз хонадонларида арзон ва сифатли озиқ-овқат захирасини яратишларида амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида, ҳар бир маҳаллада озиқ-овқат савдо дўконлари ва кичик экобозорларни ташкил этиш бўйича тармоқ жадваллари ишлаб чиқилди ҳамда жорий йилнинг 1 ноябрь кунидан қурилиш ишлари бошланади. Бугунги кунга қадар 11 та дала дўконлари қурилиши бошлаб юборилган ва 2 таси фойдаланишга топширилган.