Мамлакатимизда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастури доирасида бу йўналишда муҳим чора-тадбирлар амалга оширилаётир. Хусусан, мамлакатимизда суғориладиган ерларнинг 7 фоизида, яъни 285 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилинган.
2020 йил 27 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг йиғилишида шу хусусда сўз юритилди. Унда фракция аъзолари дастлаб “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йил учинчи чорагида бажарилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитди.
Таъкидланганидек, ҳисобот даврида мамлакатимизда COVID-19 пандемияси вақтида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича ишлар тизимли ишлар амалга оширилган. Хусусан, импорт қилинадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг зарур ҳажмлари аниқланиб, бозорлардаги нархларнинг кундалик мониторинги жорий этилди, сунъий равишда нархлар оширилишининг олдини олиш юзасидан қатъий назорат ўрнатилди.
Қайд этилганидек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш мақсадида бугунги кунга қадар республикада 285 минг гектар майдонда? яъни суғориладиган майдоннинг 7 фоиз қисмида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган. Шунингдек, 2020 йил 1 сентябрь ҳолатига 1 триллион 419 миллиард сўм миқдорда қурилиш-монтаж ишлари амалга оширилди. Ушбу маблағ ҳисобидан 2,2 минг км ичимлик ҳамда 150 км оқова тармоқларида қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилди.