Бу ҳақда Қонунчилик палатаси ахборот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, сўнгги йилларда мамлакатда ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус тузилмалар ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Қонун лойиҳаси мазкур тоифадаги шахслар ва уларнинг оила аъзоларини пенсия билан таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Ҳужжатда давлат пенсия таъминотининг ҳуқуқий асосларини белгилаш, пенсия тайинлаш шартлари, турлари, миқдорлари ва тартибини такомиллаштириш назарда тутилган.

Хусусан, 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбийлар учун пенсиянинг базавий миқдорини аниқлашда ҳисобга олинадиган иш ҳақи улушини 75 фоиздан 100 фоизгача ошириш таклиф этилмоқда. Шунингдек, пенсияни ҳисоблашда қўлланадиган базавий миқдорни 10 баробардан 12 баробаргача ошириш режалаштирилган.

Қайд этилишича, ушбу имтиёзлар узоқ йиллар давомида Ватан хавфсизлиги йўлида хизмат қилган ҳарбийларни рағбатлантириш, ёшлар орасида ҳарбий касбга қизиқишни ошириш ҳамда уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Депутатлар фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш самарадорлигини ошириш, соҳадаги муносабатларни аниқ тартибга солиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида ягона механизмларни шакллантиришга хизмат қилади.

Мажлис якунларига кўра, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.