Энергетика вазирлиги штаби томонидан жорий йилнинг 9 октябрь куни ўтказилган тезкор тадбир давомида Навоий вилояти Навоий шаҳар, Тинчлик қўрғони ҳудудида жойлашган “Сардорбек Ситорахон Иброҳимбек” МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш цехида ўрнатилган “СТГ-80/250” русумли (завод рақами 18766) электрон газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир кўрсатилгани, яъни ҳисоблагичга метал сим тиқиб 2021 йил 15 сентябрь кунидан бошлаб табиий газдан ноқонуний фойдаланиб келаётганлиги аниқланди.
Энергетика вазирлиги матбуот хизмати хабарида ёзилишича, ушбу ҳолат, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги 22-сонли қарорининг 121- ва 125-бандлари талабига зид ҳисобланиб, истеъмолчи томонидан фойдаланиб келган 3 дона оҳак пишириш ҳумдонига дастлабки ҳисобланган газ ҳажми 295 минг метр кубни ва етказилган зарар миқдори 295 миллион сўмни ташкил этди.
Ушбу ҳажмдаги табиий газ 30 мингта хонадоннинг 1 кунлик истеъмолини ташкил қилади. Аниқланган ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун расмийлаштирилган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органига юборилди.