Ёш авлодни тарихимизда ўтган мудҳиш кунлар билан яқиндан таништириш ва мустақилликнинг улуғ неъмат экани ҳақидаги тушунчаларини бойитиш вазифасига жиддий киришилди. Шунингдек, кенг жамоатчилик ва чет эллик меҳмонлар учун ҳам маҳаллий қатағонлар ҳақида чуқур маълумот бериш имконияти туғилди.

Ушбу мақсад йўлида Бухоро давлат университети ҳузуридаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи жамоаси ҳам ташриф буюрувчиларга кўпроқ маълумот тақдим қилиш, экспонатлар сафини бойитиш ишларига масъулият билан ёндашмоқда.

Қатағонга учраган 3000 га яқин бухороликнинг рўйхати шакллантирилди ва музей ходимлари томонидан “Хотира китоби” тайёрланди. 2022-2023 йиллардаги илмий изланишлар натижасида янги рўйхат шакллантирилди ва унга қатағон қилинган яна юзга яқин киши ҳақидаги маълумотлар киритилди.

Бухоро вилоятидан қатағон бўлганларни номма-ном аниқлаш мақсадида музейи ходимлари туманлардаги давлат архивларида катта иш олиб бордилар. Қатағон бўлганларнинг авлодлари музейга ташриф буюриб, ота-боболари ҳақида маълумотлар, фотосуратлар, экспонатлар тақдим этиб келмоқдалар. Шу билан бирга, музейга қатағон бўлганларнинг авлодлари ота-боболари тўғрисида маълумот топиб бериш ҳақида мурожаат қилишмоқда.

Музей фондида 1500 ортиқ буюм, архив ҳужжати, фотосуратлар, китоблар, қўлёзма асарлар ва нумизматика буюмлари сақланади. Музейга талабалар, ўқувчилар, маҳаллий аҳоли билан бирга, кўплаб чет эллик меҳмонлар ҳам ташриф буюришади. Улар орасида Чехия, Япония, Жанубий Корея, Австрия, Беларус, Польша, АҚШ, Франция, Туркия, Миср, Афғонистон, Ҳиндистон каби мамлакатлар вакиллари бор.

Телеканаллар мунтазам равишда музей билан ҳамкорликда туркум кўрсатувлар суратга оляпти ва намойиш қилиб бормоқда. Масалан, “Ўзбекистон тарихи” телеканалида намойиш қилинадиган “Миллат фидоийлари”, “Тарихий савол” кўрсатувларининг бир неча сони музейимиз фаолиятига бағишланди.

Музей жамоаси халқаро ва республика миқёсидаги илмий-амалий конференцияларда иштирок этиб, халқаро алоқаларни йўлга қўйган. Хусусан, Санкт-Петербург ва Истанбул шаҳарларидаги музейлар билан ҳамкорликда иш олиб бориляпти.

Ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият, санъат ва адабиёт намояндалари, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимиз номлари ва хотираларини абадийлаштириш, жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилгани, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшашимиз кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.

Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,

БухДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси

музейи директори, доцент