4 феврални бутун дунёда саратон касаллигига чалинган беморларни қўллаб-қувватлаш, профилактика чораларини тарғиб қилиш ва онкология соҳасидаги илғор ютуқлар ҳақида хабардорликни ошириш мақсадида нишонланади.
Маълумот учун, саратон – бу организмдаги ҳужайраларнинг назоратсиз бўлиниши ва ўсиши билан боғлиқ хавфли касаллик бўлиб, у турли орган ва тўқималарда ривожланиши мумкин. Бугунги кунда саратон дунё бўйлаб ўлим даражаси юқори бўлган касалликлар қаторида туради.
Саратон қандай пайдо бўлади?
Соғлом ҳужайралар аниқ тартибда ўсади ва кўпаяди. Лекин баъзи омиллар туфайли генетик мутациялар юзага келиб, ҳужайралар назоратсиз ўсишни бошлайди. Ушбу ёмон ўсма (ўсувчи тўқима) аста-секин атрофдаги органларга тарқалиб, жиддий муаммоларни келтириб чиқаради.
Саратон ёшаряпти!
Олдин саратон кўпроқ ёши катта одамларда учрарди. Аммо сўнгги йилларда бу касаллик ёшлар ва ҳатто болалар орасида ҳам кўп учрай бошлади.
Тадқиқотларга кўра, 1990 йилдан бери 50 ёшгача бўлган одамларда саратон билан касалланиш ҳолатлари 79 фоизга ошган!
Статистика шуни кўрсатадики, саратоннинг 40 фоиздан ортиғи олдини олиш мумкин бўлган омилларга боғлиқ. Соғлом турмуш тарзига риоя қилиш, мунтазам тиббий текширувлардан ўтиш ва эрта диагностика ҳаётни сақлаб қолишда муҳим рол ўйнайди.
Саратоннинг олдини олиш учун:
- Соғлом овқатланиш тартибига риоя қилинг,
- Жисмоний фаолликни оширинг,
- Тамаки ва алкоголдан воз кечинг,
- Доимий тиббий кўрикдан ўтиб туринг.