Давлат хавфсизлик хизмати томонидан Самарқанд вилояти божхона ва ички ишлар бошқармалари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда "Самарқанд–Қорақалпоғистон» йўналишида ҳаракатланиб кетаётган "Cobalt" русумли автомашина салонида 992 гр "опий" моддаси борлиги аниқланди.
Мазкур наркотик моддани тўрткўллик харидорларга сотган самарқандлик фуқаролардан бирининг хонадонидан 767 гр "гашиш" моддаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Бошқа бир ҳолатда, Ургут туманида ҳаракатланаётган "Matiz" русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилганда 1958 йилда туғилган йўловчининг ёнида 500 гр "опий" моддаси борлиги аниқланди.
Булунғур туманида ўтказилган тадбирда эса "Самарқанд–Наманган" йўналишида ҳаракатланаётган "Cobalt" русумли автомашинада йўловчи сифатида кетаётган шахснинг ёнида 978 гр "гашиш" моддаси борлиги маълум бўлди.
ДХХ Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари вилоят божхона бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда Андижон вилояти Пахтаобод туманида яшовчи шахс бошқарувидаги "Cobalt" русумли автомашинанинг мотор қисмига яшириб қўйилган 951 гр "гашиш" гиёҳвандлик воситаси процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Ушбу гиёҳвандлик воситалари Ўзбекистонга учинчи шахслар томонидан Қирғизистон ва Тожикистон Республикаларидан контрабанда йўли билан олиб келингани маълум бўлди. Мазкур ҳолатлар юзасидан фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.