Халқаро олимпия қўмитаси сайтининг маълум қилишича, спорт жиҳозлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган Хитойнинг ZKC компанияси ҳомийлигида ўтказилган масофавий халқаро турнирда ташкилотчиларнинг таклифига биноан Франция, АҚШ, Канада, Япония, Англия, Нигерия каби 15 та оғир атлетика спортида ўз «сўзига» эга мамлакат спортчиларига қатнашиш рухсат этилган.
Эътиборлиси, кучлилар сафида ҳамюртларимиз ҳам ушбу нуфузли онлайн турнирда қатнашишга расман таклиф этилди.
Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси бош котиби Бахтиёр Абдукаримовнинг «Янги Ўзбекистон»га маълум қилишича, 4 ойлик танаффусдан кейин илк бор ўтказилаётган халқаро мусобақа гарчи онлайн тарзда ташкил этилаётган бўлсада ундаги рақобатнинг кучлилиги спортчиларимизга юксак масъулият юклади. Жаҳон чемпионлари, олимпиада ўйинларининг совриндорлари билан «кўринмас девор» ортида туриб курашишнинг ўзи бўлмайди. Очиқ баҳсда рақиблар бир-бирини кўриб, ҳаракатларини назорат қилиб туришади. Бундай вазиятда эса ҳаммаси гўёки «кўзлар боғланган» ҳолда кечади.
Муросасиз баҳслар якунига кўра, аёллар ўртасида 76 ҳамда 81 кг вазн тоифаларида Турсуной Жабборова ишончли ҳаракат қилди ва даст кўтаришда ҳам, умумий ҳисобда ҳам ғолиб бўлди ва биринчи ўринни эгаллади.
73 кг вазн тоифасидаги эркаклар баҳсида Адҳамжон Эргашев фахрли 2-ўринни, 102 кг вазн тоифасидаги спортчимиз Фарҳодбек Собиров, 109 кг.да эса Акбар Жўраев, 89 кг вазн тоифасида Сарварбек Зафаржонов ўз вазнларида биринчи поғонани банд этди.
Халқаро олимпия қўмитасининг бевосита кузатуви остида ўтказилган ушбу мусобақалар бугунги глобал «ўз-ўзини яккалаш» даврида ўтаётгани минглаб ёшларни жисмоний фаолликка чорлаш билан бирга, спортчи ва мураббийлар учун кейинги йил Токиода ўтказилиши кутилаётган ёзги Олимпия ўйинлари олдидан муносиб тайёргарлик вазифасини ўтади.
Тўлқин РЎЗИЕВ.