Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, мамлакатда аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган «Hamroh» ва Uzum стратегик ҳамкорлиги доирасида ташкил этилди.

Бош вазир ўринбосари Зулайҳо Маҳкамова тадбир иштирокчиларини қутлар экан, аёлларнинг бизнесдаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш нақадар муҳимлигини таъкидлади:

— Бугунги кунда «Hamroh» компанияси ва «Uzum» маркет ҳамкорлигида хотин-қизларни, айниқса тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган хайрли ишларга гувоҳ бўлиб турибмиз. Ушбу ташаббус доирасида молиявий мустақилликка эришиб, жамиятда ўз ўрнини топаётган аёлларнинг бизнес лойиҳаларини рағбатлантириш мақсадида 50 миллион сўмгача грантлар ажратилмоқда.

Бу имкониятлар кўплаб аёлларга мураккаб вазиятлардан чиқиш, иқтисодий имкониятлардан самарали фойдаланиш, оила фаровонлигини таъминлаш ва фарзандлар келажагига муносиб сармоя киритиш имконини бермоқда.

Шунингдек, у бу каби ислоҳотлар замирида Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган оқилона сиёсат, яратилган кенг имкониятлар ва молиявий механизмлар ётганини таъкидлади.

Дастур доирасида менторлик, ахборот технологиялари ва яшил энергетика йўналишлари бўйича 20 нафар ғолиб аниқланди. Грант фондининг умумий ҳажми 1 миллиард сўмни ташкил этди.

Тадбирда давлат органлари, бизнес ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари иштирок этди. Жумладан, Зулайҳо Маҳкамова, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова, «Hamroh» бош директори Дилфуза Нурматова ҳамда Uzum Bank бошқаруви раиси Светлана Хе табрик сўзлари билан чиқиш қилди.

Дастур доирасида икки нафар ғолибнинг TED форматидаги нутқлари ҳам бўлиб ўтди. Шунингдек, иштирокчилар ўз лойиҳалари ва маҳсулотларини намойиш этган кўргазма майдони ташкил этилди.

Тадбиркор аёл Умида Каримова танловдаги иштироки ортида катта меҳнат ва синовлар ётганини таъкидлади:

— Мен бу танловга шунчаки келиб қолмаганман. Бу йўл жуда катта қийинчиликлар билан бошланди. Йиллар давомида уйқусиз тунлар, тинимсиз меҳнат билан шу даражага етиб келдим. Фаолиятимни оддий ертўладан, чиқинди ва қолдиқ матолардан бошлаганман.

Унинг айтишича, дастлаб маҳсулотлар ҳатто зарарига сотилган бўлса-да, у ҳеч қачон тўхтамаган:

— Кўп марта қоқилдим, алданиб ҳам қолдим. Лекин таслим бўлмадим. Айнан шу қатъият мени бугунги натижаларга олиб келди.

У «Hamroh» дастурида иштирок этиб, икки ойлик таълим орқали ўз соҳасидаги камчиликларни бартараф этган ва янги билимларни эгаллаган. Бунинг натижасида у маҳсулотларини экспорт қилишга муваффақ бўлиб, Россияга етказиб беришни йўлга қўйган. Бугунги кунда у 35 нафар аёлни иш билан таъминлаб келмоқда.

— Бу грант мен учун янги имкониятлар эшигини очади. Яна камида 8 нафар аёлни иш билан таъминлашни режалаштиряпман, — дейди у.

Тадбир давомида яна бир ғолиб — тадбиркор Дилором Мухиддинова билан ҳам суҳбатлашилди. У бухгалтерия соҳасида 30 йиллик тажрибага эга бўлиб, консалтинг ва тикувчилик фаолиятини йўлга қўйган.

— «Hamroh» дастурига ўтган йил июль ойида қўшилдим. Икки ойлик ўқув жараёнида маркетплейс тизими, хусусан Uzum платформасида ишлашни ўргандим. Шу жараёнда янги ғоя туғилди: маркетплейсда ишловчи сотувчилар учун бухгалтерия хизматларини йўлга қўйиш.

Унинг таъкидлашича, грант нафақат молиявий ёрдам, балки янги имкониятлар эшигини ҳам очган.

— Ўқишдан кейин ҳаётимда катта ўзгаришлар бўлди, дунёқарашим кенгайди, — дейди у.

«Hamroh» компанияси бош директори ўринбосари Жамолиддин Рўзимовнинг маълум қилишича, шу кунгача 5 мингдан ортиқ хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти қўллаб-қувватланган ва 516 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар молиялаштирилган.