Ижарага уй қидириб юрган талабаларнинг муаммоларини ўрганиш ва яқиндан ёрдам бериш мақсадида Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Талаба ва ўқувчиларнинг маънавий юксалишига кўмаклашиш маркази ходимлари Тошкент шаҳар, Чилонзор туманида жойлашган, «уй бозор»да бўлди, дея хабар берди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ахборот хизмати.

Хабарда таъкидланишича, бозорда талабаларнинг турар жой бўйича муаммолари ўрганилди. Натижада Ўзбекистон миллий университети, Тошкент давлат шарқшунослик университети, Тошкент молия институти, Тошкент тиббиёт академияси, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент давлат техника университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети, Тошкент давлат транспорт университети, Тошкент давлат педагогика университети ва яна бир қанча олий таълим муассасалари талабаларининг 50 га яқини қулай ижара уйларига жойлаштирилди.

"Шу ўринда, ижарага турар жой излаб юрган барча талабалар ўз тюторларига мурожаат қилишларини ва улар бу масала бўйича амалий ёрдам беришларини эслатиб ўтамиз. Ўз ишига масъулиятсизлик билан ёндашиш ҳолатлари кузатилганда @manaviyatedubot орқали мурожаат қилишингиз мумкин", дейилади хабарда.

Ушбу тадбирлар талабалар тўлиқ турар жой билан таъминлангунга қадар доимий вазирлик назоратида бўлади.