Хўш, бундай гуруҳларда болаларга ким таълим беради, машғулотлар қандай ўтказилади ва ота-оналар учун бу хизмат бепулми?

Таълим ва илм-фан вазирлиги ахборот хизмати бу каби саволларга жавоб берди.

Тайёрлов гуруҳлари қаерларда очилади?

Бир йиллик мактабга тайёрлов машғулотлари боғчаларда ва мактабларнинг бўш синфхоналарида ташкил этилади. Агар олис ҳудудларда боғча ёки мактаб бўлмаса, «Келажак» марказлари, техникумлар ва бошқа ижтимоий соҳа объектларида ҳам гуруҳлар очилиши мумкин.

Ҳозирда 4 мингдан ортиқ мактабнинг бўш хоналарида тайёрлов гуруҳлари ташкил этилган. Яқин вақтда яна 191 та мактабда 246 та гуруҳ очилиши режалаштирилган.

Бунда барча мактаблар ҳам тайёрлов гуруҳларини ташкил этавермайди. Ўқувчилар сони ва синфлар коэффициенти юқори бўлган мактабларда бундай гуруҳлар очилмайди. Фақат бўш жойи ва зарур шароити мавжуд таълим муассасалари танланади.

Болаларга ким дарс беради?

Тайёрлов гуруҳларида машғулотларни олий маълумотли педагог-тарбиячилар ёки олий таълим муассасаларининг мактабгача таълим йўналишида таҳсил олаётган битирувчи курс талабалари олиб боради.

Бунда боғчага қатнайдиган бола тайёрлов машғулотларини ўша боғчада, ўз тарбиячиси билан ўтайди. Мактаб биносида ташкил этилган гуруҳ учун эса алоҳида педагог ишга олинади.

Мактабда ишлаб турган ўқитувчилар ўз дарсларини қолдириб, тайёрлов гуруҳларига жалб этилмайди.

Гуруҳлар очиладиган бинолар қандай текширилади?

Тайёрлов гуруҳлари учун исталган бинодан фойдаланиш мумкин эмас. Ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, «Келажак» марказлари, техникумлар ва маданият муассасалари ҳам белгиланган талабларга жавоб бериши керак.

Болалар ушбу бинога қабул қилинишидан олдин санитария хизмати, ёнғин хавфсизлиги хизмати ва таълим бошқармаси вакиллари уни биргаликда кўздан кечиради.

Бунда хонанинг иситилиши, ёритилиши, сув ва ҳожатхона шароити, томдан чакки ўтмаслиги каби талаблар текширилади. Бино белгиланган меъёрларга жавоб берган тақдирдагина реестрга киритилиб, жиҳозланади ва гуруҳ очишга рухсат берилади. Камчиликлар аниқланса, аввал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши лозим.

Тайёрлов машғулотлари учун ота-оналар пул тўлайдими?

Давлат мактаблари ва боғчаларида бир йиллик мактабга тайёрлов бепул амалга оширилади.

Ота-оналар фарзандини нодавлат таълим ташкилотида тайёрловдан ўтказишни танласа, бу хизмат шартнома асосида пулли бўлиши мумкин.

2026 йил 7 февралдаги ПФ–19-сон фармонга мувофиқ, мактабгача ва умумий ўрта таълим хизматларини кўрсатувчи нодавлат таълим ташкилотларига ҳам бир йиллик мактабга тайёрлов гуруҳларини ташкил этишга рухсат берилган. Фарзандини хусусий боғчада мактабга тайёрловга жалб қилиш ёки қилмаслик ота-оналарнинг ихтиёрида.

Болаларга қандай билим ва кўникмалар берилади?

Тайёрлов гуруҳларида алоҳида дастур асосида таълим берилади. Машғулотлар ўйин методикаси орқали ташкил этилиб, болаларга дастлабки билим ва тушунчалар сингдирилади.

Дастур жисмоний ривожланиш ва соғлом турмуш тарзи, нутқ ва мулоқот, ўқиш ва ёзиш кўникмалари, билиш жараёнлари ҳамда ижодий ривожланиш каби йўналишларни қамраб олади.

Муҳими, боғчадаги тўлиқ гуруҳ, қисқа муддатли гуруҳ ёки мактабнинг бўш синфхонасида ташкил этилган гуруҳ бўлишидан қатъи назар, барча болалар учун ягона таълим дастури қўлланилади.

Ҳозирда 6 ёшли болаларнинг қанчаси тайёрловга жалб этилган?

Келтирилган маълумотларга кўра, ҳозирда мамлакатда 6 ёшли болаларнинг 98 фоизи — 726 921 нафари мактабга тайёрлов билан қамраб олинган.

Уларнинг:

  • 489 172 нафари (66,2 фоиз) боғчаларда;

  • 19 910 нафари (2,7 фоиз) қисқа муддатли гуруҳларда;

  • 2 836 нафари (0,4 фоиз) мобил гуруҳларда;

  • 215 003 нафари (29,1 фоиз) мактабларнинг бўш синфхоналарида тайёргарликдан ўтмоқда.

Қамровни 100 фоизга етказиш учун тахминан 800 та қўшимча гуруҳ ва 20 мингга яқин ўрин яратиш зарурати мавжуд. Бу билан боғлиқ харажатлар 2027 йилги давлат бюджетига киритилиши назарда тутилган.

Янги тартибдан қандай натижа кутилмоқда?

Бир йиллик мактабга тайёрлов тизимини такомиллаштиришдан асосий мақсад — барча болаларга мактаб таълимидан олдин бир хил бошланғич тайёргарлик имкониятини яратишдир.

Маълум қилинишича, сўнгги етти йилда 6 ёшли болаларни мактабга тайёрлов билан қамраб олиш кўрсаткичи 37 фоиздан 98 фоизга етган. Энди асосий эътибор таълим сифати, педагоглар салоҳияти ва тайёрлов дастурларининг бошланғич таълим билан интеграциясига қаратилади.

Қонуннинг мақсади ҳам таълим узлуксизлигини таъминлаш ва мактабга тайёрлов жараёнини халқаро стандартларга мослаштиришдан иборат. Бу жараён босқичма-босқич амалга оширилиб, таълим дастурлари халқаро талаблар асосида такомиллаштириб борилади.

Таъкидланишича, таълим дастури ISCED-1 даражаси бўйича халқаро аккредитациядан ўтганидан кейин Foundation босқичида ўқишга эҳтиёж қолмайди. Ҳозирда бундай тажриба Президент мактаблари ва Беруний номидаги ихтисослаштирилган мактабда йўлга қўйилган.