Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш бевосита сифатли хизмат кўрсатиш билан боғлиқ. Бу эса ҳар бир мурожаатга алоқадор ташкилот ва муассасаларга катта масъулият юклайди. Чунки мурожаатларни кўриб чиқишнинг марказлашган тизими ҳар бир масалани белгиланган вақт ичида кўриб чиқишни тақозо этади.
Бошқарманинг Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан давлат хизматлари кўрсатилиши устидан назорат қилиш бўлими бошлиғи С. Давронов иштирокида бўлиб ўтган очиқ мулоқот чоғида жисмоний ва юридик шахсларга сифатли, шаффоф ва қулай давлат хизматлари кўрсатиш, мурожаатлар ижросини таъминлаш бўйича олдинда турган вазифалар тўғрисида сўз юритилди.
Таъкидланишича, бўлим томонидан олиб борилган ўрганишлар, мониторинглар натижасида жорий йилнинг 6 ойи давомида давлат хизматлари кўрсатиш соҳасида 5 099 та қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланган.
— Шундан, 4 663 та ҳолатда давлат хизматлари кўрсатиш муддатлари бузилган, — дейди С.Давронов. — 29 та ҳолатда тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган, 91 та ҳолатда ортиқча ҳужжат талаб қилиб олинган, 203 та ҳолатда мурожаатлар асоссиз рад этилган ва 113 та ҳолатда бошқа қонунбузилишларига йўл қўйилган. Ушбу ҳолатлар бўйича ваколатли идораларнинг раҳбарлари номига 27 та тақдимнома ва 315 та огоҳномалар киритилди. Шунингдек, 143 нафар айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, 82 нафарининг интизомий жавобгарликка тортилиши таъминланди. Шундан 9 нафар ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинди.
Агар буни соҳалар кесимида таҳлил қилинадиган бўлса, энг кўп қонунбузилиш ҳоллари асосан Давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан содир этилган бўлиб, 6 ой давомида 1 364 та мурожаатга бефарқлик билан қаралган. «Самарқанд сув таъминоти» МЧЖ ва унинг филиаллари 913 та, Давлат солиқ идоралари 488 та, соғлиқни сақлаш муассасалари 497 та, қурилиш ва архитектура идоралари 258 та, «Ўзбекенерго» АЖ 254 та, «Ўзтрансгаз» АК 244 та ва туман (шаҳар) ҳокимликлари 133 та, ИИБ идоралари 78 та ҳамда Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармаси 67 та қонунбузилиш ҳолларига йўл қўйган.
Очиқ мулоқотда мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилаётган қонунбузилиш ҳолатларига олиб келаётган омиллар муҳокама қилиниб, келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Шунингдек, давлат хизматлари кўрсатишда масъул бўлган ваколатли орган вакилларининг таклиф ва муаммолари шу жойнинг ўзида ўрганилди. Уларга мазкур масалалар бўйича йўналиш ва тавсиялар, шунингдек, журналистлардан келиб тушган саволларга жавоблар берилди, деб хабар беради ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси матбуот хизмати.