Тошкент вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Зойир Мирзаев раислигида мактабгача таълим йўналишида амалга оширилаётган ишлар, йўл қўйилаётган камчиликлар таҳлилига бағишланган йиғилишда айни йўналишдаги ишлар қониқарсиз экани танқид қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, ўтган йили вилоятда 96 та мактабгача таълим муассасаси, жумладан, 45 таси Инвестиция дастури, 22 таси "Обод маҳалла" дастури бўйича ва қолгани ҳукуматнинг тегишли қарорлари ижроси доирасида қурилиб, таъмирланиши лозим эди. Бунинг натижасида 57 та қўшимча бино қурилиши ва 7 минг 724 нафар бола учун янги ўринлар яратилиши кўзда тутилганди. Бироқ турли важ ва сабабларга кўра ҳалигача 53 та объектда қурилиш якунига етказилмаган.
Онлайн тарзда ташкил этилган йиғилишда ҳар бир туман-шаҳарда фойдаланишга топширилиши кечикаётган қурилиш объектларининг сабаблари ўрганилди.
Аниқланишича, баъзи лойиҳаларга ажратилган маблағлар реалликдан йироқ, ошириб кўрсатилган, ёки ўз вақтида ажратилмаган. Аксар ҳолатларда қурилиш ташкилотлари иш жараёнида сусткашликка, ўзибўларчиликка йўл қўйган.
Зойир Мирзаев бунёд этилиши лозим бўлган ҳар бир объект бўйича туман-шаҳар ҳокимлари, қурилиш ва лойиҳачи ташкилотлар вакиллари билан бирма бир гаплашиб, масалага ойдинлик киритди. Айбдорларга нисбатан тегишли чоралар кўриш бўйича ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари масалага ҳуқуқий баҳо беришлари лозимлиги айтилди.
Шунингдек, боғчалар қурилишида замонавий, тежамкор ва сифатли технологияларни қўллаш, маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, болаларга қулайлик яратиш борасида зарур таклифлар ишлаб чиқиш талаби қўйилди. Бу ишларга масъул бўлган ҳокимларнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосарлари жавобгарлигини ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Таҳлил чуқур, танқидлар асосли бўлган йиғилишдан мутасаддилар етарли хулоса олганликлари ва мавжуд вазиятни ўнглаш учун барча тезкор чоралар кўришларини билдиришди. Ўз навбатида, вазият яхшиланмагунча бу масала кун тартибидан тушмаслиги алоҳида қайд этилди.