Вазир П.Бурианни Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили сифатидаги миссиясини муваффақиятли якунлаётгани билан табриклаб, унинг Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссасини таъкидлади.

Музокаралар давомида томонлар сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан сиёсий мулоқоти ва ҳар томонлама ҳамкорлиги сезиларли даражада фаоллашганини мамнуният билан қайд этдилар. Сиёсий, дипломатик, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги конструктив алоқаларни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқот давомида бўлажак қўшма тадбирлар, жумладан, сиёсат ва хавфсизлик масалалари бўйича «Европа Иттифоқи – Марказий Осиё» юқори даражадаги мулоқоти ҳамда «Ўзбекистон Республикаси – Европа Иттифоқи» ҳамкорлик кенгаши йиғилишлари жадвали кўриб чиқилди, дея хабар қилади Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Жорий йил июль ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга тайёргарлик ишларининг бориши юзасидан ҳам фикр юритилди.

Музокараларда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Шарлотта Адриан иштирок этди.