Амир Темур ва темурийлар даврида ҳам аҳолининг китобхонлик мутолааси ва маданиятини оширишга алоҳида эътибор берилган. Темурийлар Ренессанси деб аталадиган бу даврда салтанатдаги катта-кичик шаҳарларда кўплаб кутубхоналар барпо этилган. Зотан, Буюк Соҳибқирон Амир Темур “Китоб барча бунёдкорлик, яратувчилик ва ақл – идрокнинг, илму донишнинг асоси, ҳаётни ўргатувчи мураббий”, деб билган. Шунинг учун Амир Темур ва унинг авлодлари китобсевар бўлишган.

Темурий Султон Ҳусайн Бойқаро даврида ҳам мамлакатда кутубхоналар кўпайган. Айниқса, бу даврда зиёлилар хонадонларида китобхонлик кечалари ўтказиш анъанага айланган. Буюк мутафаккир ва шоир Абдураҳмон Жомий хонадонида ҳам тез-тез китобхонлик кечалари ташкил этилган. Манбаларда ёзилишича, ушбу йиғинларда Хуросоннинг саййидлари, уламолари, олимлари, шоирлари, зиёлилари қатори Ҳазрат Алишер Навоий ҳам иштирок этган. Ҳатто Жомийнинг мажлисларида султон ва шаҳзодалар қатнашганлиги хусусида маълумотлар мавжуд.

Нақл қилинишича, баҳор кунларидан бирида Жомий ҳузурида йиғилган шоирлару алломалар, хонандаю созандалар даврасида ўтган буюк зотларнинг “Хамса” китоблари ҳақида баҳс борар экан, гап Низомий билан Хусрав Деҳлавий китобларига тақалади. Ана шунда ҳиротлик шоирлар иккала ижодкор асарларининг жаҳондаги шону шуҳрати, улар яратган “Хамса”ларнинг олам аҳлига манзурлиги ҳақида эътиборли фикрлар билдиришади. Айниқса, жами ўнта достон ичида дастлабки икки дурдонанинг ўзгача ўрни борлиги, уларнинг маънавий юксаклиги, бадиий баркамоллиги тўғрисида сўз юритилади. Яратилган “Хамсалар” муҳокама қилинган Жомийнинг ушбу китобхонлик кечасидан сўнг шоирлар султони Алишер Навоий “Хамса” ёзишга астойдил киришган. Дарвоқе, Навоий “Хамса” ва “Ҳафт авранг” китобларидан айнан Жомийнинг китобхонлик кечаларидан бирида таълим олган: “Яна “Хамса”, балки “Ҳафт авранг”ларнинг кўпрагин муқобала(танишиш) дастури била алар ўқиғонда қулоқ тутулубтур, мадади учун алар (Жомий) мажлисида ўқулубтур”, дейди бу ҳақда Навоий “Хамсат ул-мутахаййирин”да.

Абдураҳмон Жомий ҳузуридаги китобхонлик йиғинларида Навоий ўқиган китобларнинг аниқ сонини айтиш мушкул. Аммо ўз даврида мўътабар саналган ва Навоийни қизиқтирган бундай асарларнинг сони жуда кўп бўлгани аниқ. Бинобарин, биз шоир асарлари асосида уларнинг айримлари ҳақида сўз юрита оламиз, халос. Шоирлар султони устози Жомий томонидан тахминан 1464-1466 йилларда ёзилган “Рисолаи Қофия” китобидан таълим олган. “Аввал алар битиган “Қофия” рисоласидурким, анингдек мухтасар ва муфид рисола бу фанда ҳеч ким билмайдур”, деб бу асарга юқори баҳо берган. Навоийнинг таъбири билан айтганда, “Муаммо” (илми)нинг иккинчи рисола”сини шоир улуғ устози ҳузурида мутолаа қилиш бахтига муяссар бўлган. У Навоий илтимосига биноан муаммо бўйича яна учта рисола ёзган. Устозининг “Рисолаи Аруз” номли китобини ҳам Навоий китобхонлик мажлисида ўқиган. Муқаддима ва 8 фаслдан иборат бўлган рисолада аруз назариясига оид муҳим масалалар ёритилган.

1465 йилда насрий мусажжаъда ёзилган, тавҳид, ҳол, мақом, фано ва бақо каби тушунчаларнинг тасаввуфий-ирфоний талқинига бағишланган “Лавоеҳ” (“Зарварақлар”) асари шоирлар султонида катта қизиқиш уйғотган, китобхонлик йиғинида асарни ўқиган Навоий бу ҳақда шундай деб ёзган: “Яна “Лавоеҳ”дурким, сўфия машойих истилоҳида битилибдурким, андоқ рисола ҳеч роқимнинг қаламидин ва ҳеч қаламнинг рақамидин таҳрир топмайдур”. Жомий мажлисларида Навоий ўқиган китоблардан яна бири – “Лавомеъ” (“Шуълалар”)дир. Асар тасаввуф шоири Ибн ал-Форизнинг “Қасидаи хамрия”сининг бадиий таржимаси ва шарҳи ҳисобланади.

Алишер Навоий Жомийнинг китобхонлик йиғинида файласуф шоир Фахриддин Ироқийнинг “Ламаъот” (Шуълалар) асаридан сабоқ олган. Бир неча машғулотдан сўнг мураккаб бу асардаги истилоҳлар изоҳга эҳтиёж сезган ва Жомий асарга ёзилган шарҳларга мурожаат қилган. Аммо бу Шарҳлардан унинг кўнгли тўлмаган. Жомий асарга изоҳ ёзганлар, унинг маъносига етиб-етмай шарҳлашганини пайқайди ва Навоий ҳам устозига “Ламаъот”га янгича шарҳ ёзишни илтимос қилади. Шундан сўнг Жомий асарга “Ашиъат ул-ламаъот” номли мукаммал шарҳ ёзади.

Китобхонлик кечаларида нафақат, асарлар мутолаа қилинган, балки рисолаларнинг мавзуси, мазмун-моҳияти борасида баҳс ва мунозаралар олиб борилган. Агарда мажлисдагилар бирон-бир мураккаб асарни тушунмаса, Жомий уни изоҳлаб берган. Гап шундаки, диний-ирфоний ва тасаввуфга доир бундай мураккаб асарларни ҳамма ҳам тушунавермаган. Шунинг учун бундай асарлар моҳиятини англаш учун валий устоз раҳбарлигидаги махсус тайёргарликни талаб этган. Навоийнинг ҳам тасаввуф пири Абдураҳмон Жомий ҳузуридаги китобхонлик кечаларига қатнагани бежиз эмас, албатта.

Адабиётшунос Фаррухбек Олим таъбири билан айтганда, Алишер Навоийни етукликка йўллаган манба ҳам айнан китобхонлик кечаларида у мутолаа қилган китоб ва рисолалар эди. Буюк Шогирд ўзидан аввалги ва ўзи мансуб бўлган адабий муҳит ижодкорлари асарларини ўрганиш асносида ўз иродасини шакллантирди, тарбиялади. Шунинг учун ҳам Навоий салафлари Низомий Ганжавий, Хусрав Деҳлавий, Абдураҳмон Жомий ва бошқа шоирлар таърифига ўз асарларида алоҳида ўринлар ажратиб, уларни мадҳ этишдан ҳеч чарчамайди.

Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий номи, аввало, китоб номи билан боғлангандир. Орзуимиз – биз ҳам китоб мутолаасида уларга издошлик қилсак. Жомий ҳузуридаги мутолаа яъни, китобхонлик кечалари, мўътабар китоблар ҳақида Иброҳим Ҳаққул шундай ёзган: “Хамсат ул-мутахаййирин” хотимасида Навоий устози Абдураҳмон Жомий хизматида (ҳузурида) “таълим ва истифода” юзидан ўқиган ўндан зиёд китоб рўйхатини келтирадики, уларнинг аксарияти тасаввуф ҳақида... Шунингдек, Навоий Ҳужвирий, Имом Қушайрий, Суҳравардий, Имом Ғаззолий, Ибн Арабий каби ислом алломаларининг асарларини ҳам пухта билган. Навоийнинг тасаввуф билан алоқасини белгилашда бундай фактларга жиддий қараш керак. Навоийшуносликда худди шу жиҳат етарли даражада инобатга олинганича йўқ”.

Мухтасар айтганда, Жомийнинг китобхонлик кечалари Алишер Навоий дунёқараши ва тафаккур олами шаклланишига ҳамда ижодий камолотига кучли таъсир қилган, дейиш мумкин.

Шерхон ҚОРАЕВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори