Олий, ўрта махсус, профессионал таълим ҳамда фан ва инновациялар соҳаларини рақамлаштириш жадал суръатда давом эттирилмоқда. Хусусан, талабалар, абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-онасига “ягона дарча” тамойили асосида сифатли ва тезкор хизмат кўрсатиш учун жорий йилнинг июнь ойидан my.edu.uz ягона таълим хизматлари портали ишга туширилиши режалаштирилган.
Ягона таълим хизматлари портали барча ўқитиш хизматларини ўзида жамлаган платформа бўлиб, ахборот тизимлари ўртасида ўзаро маълумот алмашинувини таъминловчи тизимлараро интеграциядир. Платформада таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида қатнашиш учун онлайн ариза топшириш, тўлов шартномаларини онлайн тақдим этиш ҳамда талабалар учун кўплаб таълим хизматлари кўрсатиш имконияти яратилади. Жумладан, йигит-қизлар академик лицей, касб-ҳунар мактаблари, иккинчи мутахассислик ва магистратура босқичига кириш учун ОТМларга онлайн ҳужжат топшириши мумкин.
Таълим хизматларини кўрсатишда ортиқча вақт сарфи, транспорт харажати, бюрократик тўсиқлар, қоғозбозлик ва бошқа турдаги муаммолар учраб турибди. Ушбу муаммоларга ягона ечим сифатида ягона таълим хизматлари платформасини кўрсатса бўлади. Профессионал ўқитиш муассасалари ўқувчилари ва ОТМ талабаларига электрон кўринишда хизматлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш ҳамда ягона ёндашувни таъминлаш борасида юқори самарадорликка эришиш имкони мавжуд.
Платформа орқали бир қанча хизматлардан фойдаланиш мумкин. Ўқиш жойидан маълумотнома, талаба рейтинг дафтарчаси, ўқув варақаси, транскрипт, бакалавр ёки магистрлик QR дипломи, электрон ID карта ва бошқа маълумотларни юклаб олиш, талабалар турар жойи, субсидия олиш ва қайта ўқиш учун тўлов шартномага ариза юбориш, онлайн олимпиадаларда қатнашиш шулар жумласидан.
Келгусида диплом маълумотларини тасдиқлатиш учун таълим муассасасига юбориш ва бошқа имкониятларни жорий этиш кўзда тутилган. Эҳтиёжларни инобатга олган ҳолда платформада янги таълим хизматлари босқичма-босқич ишга тушириб борилади. Бундан ташқари, коллеж, техникум ва ОТМларда таълим олаётган талабалар учун тўлов шартномалари онлайн тақдим этилади.
Ягона таълим хизматлари портали — my.edu.uz бизга нима беради? Платформани жорий этиш орқали мавжуд хизматларни кенгайтириш ва янги хизматларни яратиш орқали фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мумкин. Шунингдек, вазирлик, таълим муассасаси ва талаба ўртасидаги мулоқот осонлашади.
Ҳар бир ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш жараёни бошқа ахборот тизимлари билан интеграцияни талаб этади. Ягона таълим хизматлари портали вазирлик ва идораларнинг қатор ахборот тизимлари ва маълумотлар базалари билан интеграция қилинади. Ижтимоий ҳимоя ягона реестри, “Аёллар дафтари”, Транспорт, Мактабгача ва мактаб таълими, Ички ишлар, Иқтисодиёт ва молия вазирликлари ахборот тизими, ФҲДЁ, “Эл-юрт умиди” жамғармаси маълумотлар базалари, “Ягона миллий меҳнат тизими”, “Темир дафтар”, васийлик ёки ҳомийликка олинган болалар, тўлиқ давлат таьминотида бўлган болалар, ногиронлиги бўлган шахслар тўғрисидаги маълумотлар шулар жумласидан.
Интеграция қилиш натижасида ўқувчи ва талабаларнинг ижтимоий ҳолатини автоматик равишда аниқлаш имконияти яратилади. Шу билан бирга платформа имкониятини кенгайтириш мақсадида келгусида бошқа ахборот тизимлари билан уйғунлаштириш режалаштирилган.
Лойиҳанинг иккинчи босқичида илмий тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш учун келгусида бир қанча ахборот тизимлари билан интеграция кўзда тутилган. Хусусан, “Давлат илмий дастурлари учун ягона ақлли электрон платформа” ахборот тизими (www.grant.mininnovation.uz), Олий ўқув юртидан кейинги таълимни мувофиқлаштириш тизими (www.phd.mininnovation.uz), Илмий-техник маълумотларнинг ахборот-таҳлил тизими (www.ias.gov.uz), Ўзбекистон Республикаси Миллий илмий портали (www.nsp.gov.uz.) билан уйғунлик таъминланади.
Бу интеграция илмий фаолият билан шуғулланадиган тадқиқотчилар учун давлат илмий дастурлари доирасида эълон қилинадиган танловларда қатнашиш учун my.edu.uz платформаси орқали ариза топшириш, стартап танловларда иштирок этиш имконини беради. Шунингдек, ёш тадқиқотчилар чет элдаги нуфузли илмий муассасаларда қисқа муддатли стажировка ўташ учун ариза топшириши мумкин.
Шу билан бирга, интеграциядан кейин мазкур ахборот тизими фойдаланувчиларининг илмий фаолиятга оид маълумотлари шакллантирилади. Мазкур ахборотларнинг илмий-техник маълумотлар ахборот-таҳлил тизимида шаклланиши натижасида ҳудудлар бўйича илмий ва инновацион фаолият харитаси ҳамда натижадорлиги хусусида аввалдан муайян хулоса пайдо бўлади.
Талабалар учун ўқув жараёнини рақамлаштириш мақсадида “Олий таълим жараёнларини бошқариш – HEMIS” ахборот тизимининг мобил иловалари ва телеграм боти ишлаб чиқилган. Ушбу мобил илова ва телеграм бот орқали дарс ва назорат жадваллари, фан ресурслари, ўзлаштириш кўрсаткичлари, давомат ва шу каби бошқа маълумотлардан исталган вақтда фойдаланиш мумкин. Қолаверса, талабалар дарс ва имтиҳон бошланиши вақти тўғрисида доимий равишда СМС хабар орқали огоҳлантириб борилади.
Талаба ID гувоҳномасини электронлаштирган ҳолда сақлаши ҳамда исталган жойда QR код орқали талабалигини тасдиқлаши, рейтинг дафтарчаси, ўқиш жойидан маълумотнома, ўқув варақаси ва бошқа тегишли ҳужжатларни юклаб олиши, фанлардан қарздорлиги тўғрисида маълумотга эга бўлиши, фанлар бўйича бажарилган топшириқларни тизимга юклаши мумкин.
ОТМлар томонидан талабаларга шартнома асосида кўрсатиладиган хизматлар ҳисобини юритишга мўлжалланган kontrakt.edu.uz ахборот тизими ҳам ишлаб чиқилди ҳамда синов тарзида ишга туширилди. У тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилинди. У орқали тўлов шартномасини олиш учун онлайн ариза юбориш, тўлов шартномаларини онлайн тақдим этиш ва уларнинг ҳисобини юритиш мумкин.
Республика фан олимпиадаларини ўтказиш жараёнини рақамлаштириш мақсадида olimpiada.edu.uz платформаси ишлаб чиқилди. Талабалар ушбу платформа орқали рўйхатдан ўтган ҳолда фанлардан онлайн тест ечади.
Шу кунгача иқтидорли талабалар давлат ва номдор стипендиялар танловида қатнашиш учун ютуқлари ва мақолалари тўғрисидаги ҳужжатларни қоғоз кўринишида олий таълим муассасалари ва тегишли вазирлик ва идораларига тақдим этган. Бу эса талабалар учун бир қанча ноқулайликлар келтириб чиқарган ҳамда ариза ҳолатини кузатиш имконияти мавжуд бўлмаган. Ушбу муаммоларни бартараф этиш учун stipendiya.edu.uz давлат ва номдор давлат стипендиялар танловида қатнашиш учун ариза ва ҳужжат топшириш ахборот тизими ишлаб чиқилди.
Жисмоний шахслар томонидан олий, ўрта махсус ва профессионал таълим, олий таълимдан кейинги таълим, билим ва малакаларни баҳолаш йўналишида ҳамда илм-фан ва инновация соҳасига оид масалалар бўйича таклифларини бериш ҳамда фикр билдириш имконини берувчи мулоқот портали – taklif.edu.uz ишлаб чиқилганини ҳам айтиш жоиз. Бу портал орқали олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ҳамда илм-фан соҳасига оид ислоҳотлар натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчиликнинг мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган фикри ва таклиф-мулоҳазаларини ўрганиш мумкин.
Қисқаси, рақамлаштириш жараёни олий, ўрта махсус ва профессионал таълим ҳамда фан ва инновациялар соҳаларини модернизация қилишнинг энг самарали воситаси бўлиб хизмат қилади. Энг муҳими, жараён изчил давом эттирилмоқда.
Бобур РАҲИМОВ,
олий таълим, фан ва
инновациялар вазири маслаҳатчиси