Ижодкор ўқитувчилар дастлаб Адиблар хиёбонида бўлиб, устоз ижодкорларни хотирлади.

Сўнг уюшманинг тадбирлар залида анжуманнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон халқ шоири, уюшма раиси Сирожиддин Саййид сўзга чиқиб, аввало, устоз-мураббийларни келаётган касб байрами билан муборакбод этди. Ижоднинг, шеъриятнинг сирли нуқталарига тўхталди. Шоирнинг “Азизим” шеъри эса йиғилганларга илҳом бағишлади. Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Зулфия Мўминова ва Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби мураббийи Баҳодир Исонинг шеърий чиқишлари ижодкор ўқитувчиларни шеъриятнинг сеҳрли оламига етаклади.

Маросим якунида ўқитувчи ижодкорларнинг мушоираси ташкил этилди. Мураббийлар томонидан тақдим этилган ғазаллар, шеърлар адабиёт байрамига ҳақиқий туҳфа бўлди.

Куннинг иккинчи ярмида анжуман наср ва назм йўналиши бўйича шўъбаларда давом этди. Ўқитувчиларнинг ижодий ишлари кўриб чиқилиб, устоз ижодкорлар томонидан сабоқ ва тавсиялар берилди. Фикрлар алмашилди.

Одинахон Абдураҳимова, “Ижодкор ўқитувчи – 2021" анжумани иштирокчиси:

– Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшаб, ижод қиламан. Математика фани ўқитувчисиман. Бугунги анжуманда барча эътироф, мақтов ва совғалар биз – устозларга бўлди. Гўзал шеърлар ўқилди, бебаҳо фикрлар айтилди.

Юртимизнинг олис қишлоқларида ҳам болаларга дарс ўтиб, ҳам қалам тебратаётган ўқитувчи ижодкорларга ўзларини намоён қилиш, шеърларини ўқиш учун минбар берилди. Юраги ёниқ шоирлар кашф этилди.

Катта ҳаяжон ва қувонч билан иштирок этдик.

Мен бунинг учун, аввало, Ёзувчилар уюшмаси Фарғона вилоят бўлимига, азиз устозларимга миннатдорлик билдираман.

Ўзининг улуғ тилаклари ва гўзал шеърлари, самимий муносабати, меҳр-эътибори билан кўнглимизни шод этган Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходимлари Хуршид Дўстмуҳаммад, Зулфия Мўминова ҳамда шоир Рустам Мусурмонга, шунингдек, пойтахтда бизни илиқ кутиб олган ва ўз маслаҳатларини берган барча устозларга раҳмат айтаман.