22 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида уюшма раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Ҳасанов ҳамда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Салим Дониёров иштирокида бир гуруҳ ёш ижодкорлар, Ёзувчилар уюшмаси аъзолари билан адабий-маърифий суҳбат бўлиб ўтди. Ушбу учрашув бугунги адабиёт олдида турган долзарб масалалар, ижодкор зиммасидаги масъулият ва миллий бирлик ғояси атрофида кечди.
Адабиёт — беқиёс қудратга эга куч. У инсон онгига, тафаккурига, ҳис-туйғулари ва маънавий оламига бевосита таъсир этади. Бадиий савияси юксак шеър, ҳикоя ва бошқа ижод намуналаридан инсон эстетик завқ олади, қалбида янги шижоат уйғонади, ҳаётга бўлган қарашлари бойийди. Эзгу ғоялар билан суғорилган асарлар инсонни юксак мақсадлар сари етаклайди, уни яхшилик ва бунёдкорликка илҳомлантиради.
Бугун жамиятимизга айнан қалбларда юртга муҳаббат, элга садоқатни жўш урдирадиган, дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлайдиган, ғайратимизга ғайрат қўшиб, фидойиликка ундайдиган, миллий руҳни уйғотиб, бирликка чорлайдиган ижод намуналарига эҳтиёж ниҳоятда катта. Шу боис, адабиётимиз намояндалари олдида масъулияти залворли, шарафи эса беқиёс вазифа турибди. Ёзувчилар уюшмасида ўтган мазкур учрашув айнан шу муҳим масалаларга бағишланди. Тадбирда ватанпарварлик ва шижоатни тараннум этувчи шеърлар яратилиб, қўшиқларга айланиб, халқни бирлаштириши зарурлиги таъкидланди. Таҳдидлар кучайган, дунё тобора мураккаблашиб бораётган бир паллада халқимиз онги ва қалбига эзгу ғоялар билан йўл топа оладиган асарлар яратиш давр талаби экани қайд этилди. Сўнгги йилларда мамлакатимизнинг жаҳон майдонларида турли соҳаларда эришилаётган ютуқлари тилга олинганда, спортдаги натижаларни алоҳида эътироф этиш жоиз. Хусусан, АҚШ, Мексика ва Канада мезбонлик қиладиган футбол бўйича Жаҳон чемпионатига йўлланма қўлга киритилгани замирида давлатимизнинг спортга қаратган изчил эътибори, халқимизнинг жипслиги, тинимсиз меҳнат ва садоқати мужассам. Асрий орзунинг рўёбга чиқиши йўлида кўрсатилган ирода ва матонат ҳар қандай эътирофга муносиб.
Айнан шундай пайтда бизнинг ким эканимизни, тарихий илдизларимизни, юксак ғурур ва шижоатимизни акс эттирадиган ижод намуналарига эҳтиёж ҳар қачонгидан-да ортиб бормоқда. Руҳи баланд шеърлар, савияли қўшиқлар нафақат юртимиз шарафини ҳимоя қилаётган спортчиларимизга куч бағишлаши, балки жаҳон ҳамжамиятига халқимизнинг қандай марраларни забт этишга қодир эканини ҳам баралла намоён этиши лозим.
Бугун ижтимоий тармоқлар ва телевидениеда йиғлоқи оҳанглар, сайоз мазмундаги куй-қўшиқлар, савияси паст санъат асарлари кўпайиб бораётгани сир эмас. Шундай бир шароитда ҳақиқий қалам соҳиблари томонидан яратиладиган, халқни уйғотадиган, бирдамликка, улкан мақсадлар сари чорлайдиган асарларга эҳтиёж тобора ортмоқда. Тадбирда айни шу масалалар юзасидан фикр алмашилиб, ижодкорлар ўзаро ижодий ҳамкорликка чақирилди, уларни қўллаб-қувватлаш ва муносиб шароитлар яратиш масалалари муҳокама этилди. Зеро, инсон қалбидаги миллий ғурур ва дахлдорлик туйғуси қадриятлар, қаҳрамонликлар ва тарихий ҳақиқатлар асосида шаклланади. Ана шу ҳақиқатларни сўз қудрати билан авлодлар онгига сингдириш эса адабиётнинг энг олий вазифаларидан биридир.
“Янги Ўзбекистон” мухбири