Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, «Ўзбеккино» Миллий агентлиги Бадиий кенгаши аъзоси, таниқли ёзувчи, кинодраматург Шойим Бўтаевни «Қўрғонланган ой», «Шох», «Еттинчи тонг» романлари, қатор қисса ва ҳикоялари орқали яхши танийсиз. Унинг «Шукур Бурҳон», «Одил Ёқубов феномени», «Шукур, айтчи, бу ҳаёт нима?», «Орфей илтижоси халоскори (Игор Савиский)» эсселари китобхонлар орасида ўз мухлисларига эга, улар ҳақида талай илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. «Боғ», «Қалдирғочлар яна қайтади», «Дил пайванди» телесериаллари, «Музаффар», «Сарвиноз» бадиий фильмлари, ўнлаб ҳужжатли фильмлар адабий сценарийси муаллифи сифатида ёзувчи мамлакатимиз кино соҳаси ривожига ҳам ўзининг муносиб улушини қўшиб келмоқда. Шу кунларда «Ўзбекфилм» киностудиясида Шойим Бўтаев сценарийси асосида «Маҳалладошлар» киносериали режиссёр Санжар Бобоев томонидан суратга олинмоқда.
Ёзувчи билан бугунги суҳбатимиз адабиёт, санъат ва кинонинг ҳаётдаги ўрни ҳақида бўлди.
— Шойим ака, Ўзбекистон Республикаси Президенти яқинда киноижодкорлар билан бўлган учрашувда кино санъати инсон савияси юксалишида муҳим роль ўйнашини, шунинг учун сонга эмас, сифатга эътибор қаратиб, ғояси ва тарбиявий аҳамияти юқори бўлган бадиий фильм ва сериаллар яратиш лозимлигини таъкидлади. Шунингдек, жамиятда халқимиз, аввало, ёшлар онгига миллий ва умумбашарий қадриятларга ҳурмат, она Ватанга муҳаббат туйғуларини сингдиришда катта таъсир кучига эга бўлган кино санъатининг ролини ошириш бугунги куннинг талаби эканини қайд этди. Миллий фильм ва сериал деганда, нималар назарда тутилади ўзи? Нима учун ўзбек сериаллари хориж сериаллари каби томошабоп ва машҳур бўлиб кетмаяпти?
— Шу ўринда айтишим керакки, халқимизнинг азалий қадриятлари, маънавий-маърифий ҳаёти, ёшларимизнинг одоб-ахлоқи, таълим-тарбияси Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг доимий диққат марказида туришини, бу улуғ мақсад йўлида санъатнинг бошқа турлари каби кино соҳаси ҳам камарбаста бўлмоғи лозимлигини ҳис этдим. Бу, шубҳасиз, энг тўғри йўл. Жуда чуқур мушоҳадаларга бой тарзда ўтган учрашувда Президентимизнинг миллий кино, аввало, ўзимизнинг томошабинларимиз учун яратилиши, унда таълим-тарбия масалалари бош мақсад бўлиши кераклиги ҳақидаги фикр-мулоҳазалари кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланди.
Миллий фильм ва сериаллар яратишда мана шундай улуғ мақсадлардан келиб чиқиб изланиш лозим, деб ўйлайман. Ўзбек сериалларининг хориж сериаллари сингари томошабоп ва машҳур бўлиб кетмаётганига объектив-субъектив сабаблар кўп. Буни англашда киночилар томошабинлардан тортиб, адабиётчиларга, тарихчиларга, социолог ва бошқа ижтимоий соҳа вакилларининг фикр-мулоҳазаларига суянса, ютқазмайди. Аммо, минг афсуски, ўзи яратган фильм ҳақида газетада чоп этилган мақолани ҳам ўқимай, бехабар юрадиган «даҳо»лар йўқ эмас. Кино соҳасининг санъатлигидан ташқари, саноат ҳам эканини эътироф этган ҳолда, бугун кўндаланг турган саволлар ечимига доир «Ўзбеккино» Миллий агентлигида кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шулардан бири телеканаллар билан ҳамкорлик ўрнатиб, сериаллар яратиш лойиҳаларидир. Бадиий кенгаш йиғилишларида бундай масалалар доимий муҳокама этиб борилади. Уларнинг ижобий натижаси ўзини кўп куттирмайди, деб ўйлайман.
— «Боғ» сериалини томоша қилганимизда қаҳрамонларнинг диалоглари ва феъл-атворини кўриб, уларнинг қанчалар самимий тасвирланганидан завқланамиз. Шойим ака, сиз ҳар сафар янги бир сценарий ёзишга киришганингизда ўз олдингизга қандай талабларни қўясиз?
— Кино адабиётга қараганда жуда ёш соҳа. Режиссёр адабиётга қанчалик яқинлиги, адабиётга қанчалик муҳаббат қўйгани у ишлаган фильмларда томошабин кўз ўнгида гавдаланади. «Кунботардаги боғ» деган асарим ўтган асрнинг саксонинчи йилларида юз минглаб нусхада тарқаладиган оқсоқол адабий журнал — «Шарқ юлдузи»да чоп этилганида катта адиб ва кинорежиссёр Учқун Назаров «Ўзбекфилм»да ишлар экан, мени излаб топиб, қўлимга уч-тўртта сценарий тутқазиб, киносценарий қандай ёзилиши кераклигини кўрсатган бўлди. Асар излаб юрган экан, «Кунботардаги боғ»ни сценарийга айлантириб беришимни сўради. Кейин Учқун ака бошқа ишга ўтиб кетдию, бу сценарий яна ўн беш йил қолиб кетди. Кейин бошқалар уни сериалга айлантирди. Эҳтимол, асарнинг руҳи унинг томошабоп бўлишига туртки бергандир.
Буюртмачиси бўлмаса, киносценарий ёзиш беҳуда иш. Шу маънода талабларни ёлғиз мен эмас, бошқалар ҳам қўяди ва бунинг учун улар мутлақо ҳақлидир. Ҳозир ёшлар ўртасида профессионал сценарийчилар кўпчиликни ташкил этаётгани, улар Голливудда, Болливудда қандай сценарий ёзилишини яхши билиб олаётгани мамлакатимиз кино соҳаси истиқболини белгилаб беришга хизмат қилади. Бу жабҳада ўзгаришлар катта. Адабиётдаги каби маънавий-маърифий залворли юк миллий киномизни жаҳон миқёсига олиб чиқишга кафолат бўлади. Шуни унутмаслик керак.
— Суҳбатимизни ўзбек адабиётидаги муҳим тарихий воқеани эслаш билан давом эттирсак. Бу тарихий воқеа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эди.
— Ҳақиқатан ҳам шундай. Фикрингизга қўшиламан.
— Қарор эълон қилинганидан сўнг ўтган фурсат орасида қандай ўзгаришларни айта оласиз?
— Қарор 2018 йил 5 апрелда эълон қилинган эди. Бу ёғини ўзингиз ҳисоблаб олинг. Адиблар хиёбони барпо этилиб, эзгу масканга айланишга улгурди. Ёзувчилар уюшмаси учун янги бино қурилиб, ҳудудларда улуғ адибларимиз номи билан аталган ижод мактаблари, маданият ва истироҳат боғлари барпо этилди. Улар адабиёт масканларидир. Қардош халқлар адабиётига муносабат ўзгариб, уларнинг улуғ ижодкорлари билан ёш китобхонлар қайтадан таниша бошлади. Бир сўз билан айтганда, умумий келажак, ягона тарихга эга бўлган Марказий Осиё халқлари ўртасида адабиёт ўзининг азалий маънавий кўприк вазифасини ўтай бошлади. Яна нималар? Кўп ишлар. Ёзувчилар ижодий меҳнатини муносиб қадрлаш, уларга керакли шарт-шароитлар яратиб бериш йўлида Дўрмон ижод уйи ва поликлиника тубдан таъмирлаб берилди. Ёзувчи-шоирлар шинам уй-жойларга эга бўлди — энди мамлакатимиздаги ислоҳотлар ҳақида ҳаққоний асарлар ёзиш, «Янги Ўзбекистон» солномасини яратиш учун илҳом парисини хуш кайфият-ла қаршиламоқнинг ўзи саодат. Ўйлайманки, амалий натижалар ҳам ўзини кўп куттирмай, мевасини бера бошлайди. Ахир айтилганку, «Умид билан суқилган таёқ, бир кун берар меваю япроқ», деб. Бу қарор чиққанида Ўзбекистон халқ шоири Ҳалима Худойбердиева билан матбуотда суҳбатимиз чоп этилганди. «Президентимизнинг Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини такомиллаштириш борасидаги ғоят оқилона қарори аллақачонлар қақраб қолган ерга ҳаёт бахш этиш учун ёққан ёмғирдек бўлди», деганди ўшанда Ҳалима опа. Бу адабий ҳаётимизда узоқ вақт кутилган воқеадир. Адабиёт ва ижодкорларимизнинг мақомини юксалтириб, халқига чин дилдан хизмат қилиши учун уларга шароит яратиб бериш мазкур ҳужжатнинг тарихий аҳамиятини англатади.
— Адиблар хиёбони тарғиботида кино соҳасининг ҳам ўрни катта. Шундай эмасми?
— Албатта, бу йўналишда юртимиз маданий муҳитига алоқадор барча муассасаларнинг ўз бурч, вазифалари белгилаб берилган. Хусусан, кино соҳасини оладиган бўлсак, Адиблар хиёбонида ҳайкаллари ўрнатилган шоир-ёзувчилар ҳақида олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига кўра, ҳужжатли ва бадиий фильмлар туркумлари яратилмоқда. Адабиётга тааллуқли бундай кўламли лойиҳа «Ўзбеккино» Миллий агентлиги тарихида ҳеч қачон кузатилмаган. Айни шу кунларда Ҳамид Олимжон ва Зулфия ҳақидаги «Муҳаббат баҳори», «Муқимий» бадиий фильмлари, Алишер Навоий, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон, Ғафур Ғулом, Абдулла Қаҳҳор, Абдулла Орипов сингари турли даврларда яшаган ижодкорларимиз ҳақида ҳужжатли фильмлар устида ижодий изланишлар олиб борилмоқда. Бундай юмушларга таниқли кинорежиссёрлар қатори ёшлар ҳам жалб этилгани таҳсинга сазовор.
— 2020 йил она тилимиз ва адабиётимиз билан боғлиқ янгиликларга жуда бой бўлди. Адиблар хиёбонида кечаётган қизғин ижодий суҳбатларни тинглаганингизда, ёшларимиз ўзбек тилининг қадрини юксалтириш борасида мулоҳазалар билдирганида инсон беихтиёр тўлқинланиб кетади. Ҳар бир уйғониш давридаги маънавий жараёнда ижодкорларнинг жуда катта ўрни бор...
— Саволингизнинг охирроғидан жавоб беришни бошласам, «ҳар бир уйғониш давридаги маънавий жараён»да Шарқнинг бутун дунё эътироф этган икки Ренессансининг илдизлари бизнинг заминимиз билан боғлиқлиги, маънавий уйғонишларда илм-фан, маданият, санъат гуркираб ривожланганини эсламоқнинг ўзи кифоя. Бу ҳодисалар уйғонишлар жараёнида содир бўлган бўлса, бадиий тафаккур меваси ҳисобланган адабиёт уларга асос яратиб бера олгани билан аҳамиятга молик эканини амалда кўрсатган. Антон Чехов ҳикояларининг бирида кимёгар профессор ўзининг тартиб-интизомли, аниқ фанларда ўзлаштириши аъло шогирдидан норозилигини ифодалар экан, «Ўз соҳасига доир ҳамма нарсани билади, аммо ҳеч қачон порохни кашф эта олмайди», дея унинг хаёлотдан мосуволигини танқид қилади. Порохни кашф эта олиш тасаввурини баайни Искандарнинг ойнаси каби бадиий тафаккур, яъни адабиёт бера олади. Шу ўринда академик Конраднинг «Алишер Навоий ва Ренессанс» мақоласини эслаш жоиз. У Алишер Навоийнинг «Лайли ва Мажнун» асарини олмонларнинг «Тристан ва Изолда», йигирманчи аср рус адабиётида фантасмагория йўналишида яратилган Михаил Булгаков қаламига мансуб «Уста ва Маргарита» романи билан қиёслайди ва буюк бобомизни «барча халқларнинг шоири», дея эътироф этган ҳолда, Шарқ Ренессанси ҳосил бўлишида Ғарбга эҳтиёж сезмаганини қистириб ўтади. Сизнинг саволингиздаги мулоҳазаларингиз шу маънода жуда ўринли ва таҳликали вазиятларда ўзининг адабиётига суяниши, ўз тилидан маънавий-руҳий озуқа олишга интилиши халққа куч-қудрат беради. Бу адабиётнинг миллат маънавияти, маданиятини юксалтиришдаги олиймақом ўрнини белгилаб олишда жуда муҳим жиҳат. Шу туфайли халқ ҳар қандай чигал сўқмоқларда адашмай, ўз йўлини топиб олиш имконига эга бўлади.
— Бир пайтлар «Тонг юлдузи» (ўша пайтда «Ленин учқуни») газетасида самарали фаолият юритганингиздан бохабармиз. Ўша дамларда таҳририят фаол ёш китобхон, ижодкор ўқувчилардан ҳар куни юзлаб мактуб олар эди. Уларнинг газетага, китобга, ижодга бўлган муносабати ҳам бошқача эди. Афсуски, бугун вазият ундай эмас. Бугун мактаб ўқувчиларининг юртимиздаги болалар нашрларига, китобларга ва адабиётга бўлган меҳрини ошириш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз? Нега кейинги пайтларда болалар учун мақола ва ҳикоялар ёзмай қўйдингиз?
— Албатта, ўша пайтларда болалар газетасида ишлашнинг масъулияти жуда катта эди. Негаки, газета бир миллиондан ортиқ нусхада чоп этилар, республикамиздан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Тожикистондаги ўзбек тилидаги мактабларга ҳам етиб борарди. Обуна мавсумида болаларнинг ажойиб шоири, газетанинг адабиёт бўлими мудири Ҳамза Имонбердиев билан Қозоғистоннинг Сузоқ, Туркистон, Кентов, Сайрам, Тожикистоннинг Нов, Ўратепа, Шаҳристон, Қирғизистоннинг Ўш, Туркманистоннинг Чоржўй ҳудудларидаги ўзбек мактабларига бориб, учрашувлар ўтказганимиз ёдимда бор. Ҳозир аниқ ишонч билан айта оламанки, болалигида ўша газетани мутолаа қилиб улғайганларнинг саводи, маданияти, ҳаётга қараши газетадан бебаҳраларникига қараганда жуда юқори. Шу сабабли, наинки, болалар, газета-журналларсиз ҳаётини ўтказиб юбораётган катталарга ҳам раҳмим келади. Ўзимга келсак, қаерга бормай, аввало, газета-журнал дўконини кўргим келади ва тополмасам афсусланаман.
Бугун таълим-тарбия масалаларига Президентимиз томонидан жуда катта эътибор берилмоқда, бу соҳа давлатимиз раҳбарининг доимий диққат марказида. Шундай экан, мактаб ўқувчиларининг адабиётга, китобга, газета-журналларга меҳрини ошириш кераклигини мутасадди ташкилотлар буюртма сифатида қабул қилишлари лозим. Ўзбеклар болажон халқ, деган таъриф кўп айтилади, аммо давлат қарамоғига олинган бирорта болалар нашриётига эга эмасмиз. «Юлдузча» нашриёти ўтган асрнинг саксонинчи йилларида шу мақсадда очилганди, аммо кейин-кейин унинг номи ҳам, йўналиши ҳам ўзгариб кетди. Бугунги кунда бу нашриётни қайта ташкил этиш эҳтиёжи жуда-жуда сезилиб турибди. Эҳтимол, шундан сўнг бармоқ билан санарли болалар ижодкорларининг сафи яна кенгаяр. Тўғри, тан олиб айтиш керак, бугунги кунда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида бу борада самарали ишлар олиб борилмоқда, болалар адабиёти бўлими фаол, болалар ижодкорларини ҳам бошқалар қатори уюшмага қабул қилиш, уларни уй-жой билан таъминлаш, бошини силаш ҳар қачонгидан ҳам кўра яхши йўлга қўйилган. Аммо назаримда, алоҳида нашриёт болалар учун адабиёт антологиялари, қомуслар, сайланмалар, кўп жилдликлар нашр этиш имконига эга бўлади, мактаблар кутубхоналарининг бўш пештахталари яна тўлиб, таълим-тарбия соҳасида ўз натижасини кўрсатади.
Болалар шоири Анвар Обиджон «Болаларбоп ёзиш учун офтобшувоқда улар билан ёнма-ён ўтириб, қатиқ ялашмоқ керак», дегани ҳам ҳазилдан ташқаридаги гап. Қанийди, бунга фурсат топилса? Масъулият масаласига келсак, чех педагогининг «Болаларнинг маънавий даражасига тушиш эмас, уларнинг савиясига кўтарилиш лозим», деган сўзлари ҳеч қачон ёдимдан чиқмайди. Кейин, қолаверса, ўзбек мумтоз адабиётида одоб-ахлоққа, таълим-тарбияга оид асарлар шу қадар кўпки, улар устини чанг босган хазина каби ишланмай ёки ишламай ётибди. Мисол учун, биргина Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари. Уни ўқитиш ҳам яхши йўлга қўйилмаган. Фахрланиш бошқа, амалга ошириш бошқа. Бу асарнинг, энг аввало, болаларга мўлжалланган вариантини ишлаб чиқиш керак. Этикетлар ҳақида алоҳида рисола бор унинг ичида. Жуғрофия, минерология ва бошқа соҳаларга доир қанчадан-қанча болаларбоп жажжи-жажжи китобчалар чиқарса бўлади ундан. Масалан, форслар Шайх Саъдийнинг «Гулистон» асарининг болаларбоп вариантини хилма-хил суратлар билан қизиқарли қилиб, шу қадар кўп чиқарадики, жажжи ўқувчилар улғайиб боргани сайин ўз улуғ шоирига муҳаббати ошиб, унинг минглаб мисраларини ёд олади. Ҳар гапида ундан иқтибос келтиради. Мен ҳали на Навоийдан, на Лутфий ёки Бобурдан иқтибос келтириб гапирган на умарони, на раиятни кўрдим. Бу ачинарли. Адабиётнинг қудрати шундаки, у сиздан минг йил нарида турган бўлсаям, ярим тунда қандайдир ишора билан ўрнингиздан туриб кетишга мажбур қила олади. Ҳақиқий ижодкорларни юлдузларга қиёслаш мумкин — кундуз кунлари улар кўпам кўзга ташланавермайди.
— Абдулла Қаҳҳорнинг «Маҳорат ҳар бир сўз устида узоқ, тер тўкиб ишлашда эмас, айнан ўша сўзни топа билишдадир», деган сўзлари бор. Ижодкор ҳамиша сўз ишқи ва изланишлар машаққати билан ўзини бахтли сезади. Шу кунгача олиб борган ижодий фаолиятингиздаги кўнглингизни тўлдирган ва тўлдирмаган жиҳатлар ҳақида нима дея оласиз? Сиз ўзингиз излаган СЎЗни, моҳиятни топа олдингизми?
— Абдулла Қаҳҳорнинг бу адабий ҳикматини мен бироз таҳрир қилиб «Маҳорат ҳар бир сўз устида узоқ, тер тўкиб ишлашда эмас, айнан ўша сўз орқали ҳақиқатни ифода этишдадир», деган бўлар эдим. Нега? Ҳақ сўз ёниқ бўлади. Эҳтимол, у дағалдир. Аммо ёниб турган сўзгина қалбларни алангалата олади. Ижодкорнинг сўз ишқи бу ҳақиқат ишқидир.
Шу ўринда ҳазрати Ҳаким Саноийнинг ушбу икки байтини эсламоқ жоиз:
Сени диндан айирган сўз айирди,
Ул куфр бўлдию тақво не бўлди?
Сени дўстдан айирган нақш айирди,
Ул хунук бўлдию зебо не бўлди?
«Ижодий фаолиятингиздаги кўнглингизни тўлдирган ва тўлдирмаган жиҳатлар ҳақида нима дея оласиз», деган саволингиз эса унинг:
Жаҳон осмонига амр айлагай жон ичра самолар,
Яна руҳ йўлида маскун баланд тоғлар ва дарёлар,
деган мисраларини ёдимга солди. Ижодкор сўзни эмас, ўзини излайди. Шу асно унинг яқинлашиб бораётган манзилларидан илғанган сас-сабарлар сўзга айланади. Ифода ҳам шундай. Нафақат ижодкор, балки ҳар бир инсон орзуси тоза Руҳ манзилига ёвуқлашиб бормоқдир.
— «Шайх Ҳисомиддин ал-Ёғий» деб номланган тарихий ҳикоянгиз кўплаб китобхонлар даврасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Янги тарихимиз саҳифаларини яратишда ижодкорларнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бўлиши керак. Бу борада қандай изланишлар олиб бормоқдасиз?
— Бу ҳикояда долғали тарихимизнинг кичкинагина, кўзга илғанмас бир лавҳаси акс этган бўлсада, кўпчиликка манзур бўлган ва кўплаб хорижий тилларга ҳам таржима қилинган. Туркиянинг нуфузли журналида, ҳикоялар тўпламларида чоп этилгани, яқинда рус тилида Россия ва Украинада эълон қилингани, Тожикистон журналларида чоп этилиб, адабий давраларда қизғин муҳокама этилгани ҳам ундан кўнглимни тўлдиради. «Кўнглимни тўлдиради» деяётганим сабаби шуки, асар ҳам фарзанддек гап, отадан кейин қолиб яшаши керак, отадан олдин бу ҳаётни тарк этса, юракни тилка-пора қилади. Янги тарихимиз саҳифаларини яратишда ижодкорларнинг ҳам салмоқли ҳиссаси бўлиши кераклиги ҳақидаги мулоҳазангиз мутлақо ҳақ. Тарихчи тарихий воқеликни буюртмачиси томонидан қўйилган талабдан келиб чиқиб, сохталаштириши мумкин ва бу кузатиб келинган ҳодиса. Аммо адабиёт ўртага қўйган ҳаққоният ҳар қандай замонда ўз асиллигини йўқотмайди. Дунё адабиётида бунга мисоллар кўп. Миллий адабиётимизда эса Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор сингари ёзувчиларнинг реалистик асарларида йигирманчи аср бошидаги, хонликлар таназзули давридаги тарихий ҳақиқатлар матн остида жуда катта маҳорат билан яширингани, баъзан ошкора ифодалангани ҳақиқий тарихий саҳифалардир. Бундай ҳодисалардан тарихимизнинг мустақиллик даври ҳам истисно эмас. Шунинг учун бугун ижод аҳлига ҳаққоният ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ зарур. У жамиятни илгарилатувчи локомотив сингари куч сифатида намоён бўлади. Тарих бугунги кун учун хизмат қилади. Сабоқ чиқаришга ундайди. Хатоларни такрорламаслик кераклигини эслатади. Шу жараёнга мен ҳам улуш қўшишга уринаман. Тарихий мавзуда ҳам бир туркум ҳикоялар, каттароқ асар ёзиш тайёргарлигини кўриб қўйганман. Уларни қоғозга тушириш қолди, холос! Аммо ҳозирча шарт-шароит тақозоси... улар ўз ечимини топса, яна енг шимариб, ишга киришаман!
— Газетхонларимизга тилакларингиз?
— Уларни «Янги Ўзбекистон» солномаси яратувчилари”, деб атайман. Бу йўлда кураш, завқ, шижоат, фидойилик нечоғлиқ зарурлигини ҳамнафасликда такрорлайман. Энг муҳими, онгимизнинг ўзгариб бориши ҳаётимизни янгилайди. Улуғларимиз маънавий дунёсидан онг-тафаккуримизни озиқлантириб, янгиланиб яшамоқ ҳар биримизга насиб этсин!
«Янги Ўзбекистон» мухбири
Мухтасар ТОЖИМАМАТОВА суҳбатлашди.