1931 йили Фарғона вилоятининг Рапқон қишлоғида таваллуд топган олим адабиётимиз майдонида ҳақиқий маънода бош ҳарфлар билан ёзиладиган, адабиёт олдидаги бурчини, вазифасини ҳалол бажариб, тинимсиз ижод қилиб келаётган шахслардан. Ўзининг серқирра ижоди билан эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган мунаққид асарлари ўзбек адабиётининг барча даврларидан сўзлайди, десак муболаға бўлмайди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, филология фанлари доктори, профессор, адабиётшунос олим ва мунаққид Умарали Норматов таваллудининг 90 йиллигига бағишланган «Ўзбек адабиётшунослигида талқин ва таҳлил муаммоси»мавзусида илмий-назарий анжуман бўлиб ўтди.
Тадбир ЎзМУ проректори Шуҳрат Тошматовнинг табрик сўзи билан очилди. Анжуманда Ўзбекистон Республикаси санъат арбоби, Иброҳим Ғафуров сўз олиб, «Адабиётни, китобларни яхши кўрадиган кишини адабиёт шайдоси дейишади. Шу сўзнинг туб маъносида бадиий адабиётга, танқидчиликка, муаллимликка Умарали Норматовчалик шайдо кимса бормикин?! У.Норматовнинг танқидчиликдаги принципларидан бири янгилик излаш, янгилик олиб кириш, янгиликни қутлаш. У ижодининг бошланишиданоқ, адабиёт ва ёзувчилар ижодида новаторликка алоҳида эътибор билан қарайди»деган фикрларни билдирди.
Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси мудири, филология фанлари доктори, профессор Ҳамидулла Болтабоев йиғилганларга У.Норматовнинг табаррук 90 ёши муносабати билан чоп этилган «Умарали Норматов»биобиблиографияси ва мунаққиднинг «Абдулла Қаҳҳор: шижоат ва маҳорат жозибаси»китобларини тақдим қилди. Анжуманда «Жаҳон адабиёти»журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Адабиёт ўқитиш методикаси кафедраси профессори Қозоқбой Йўлдошев, ЎзМУ профессори Ёрмат Тожиев, «Шарқ юлдузи»журнали бош муҳаррири Сирожиддин Рауф ва ёзувчи Луқмон Бўрихон сўзга чиқиб, Ёзувчилар уюшмаси номидан домлага узоқ умр тиладилар. Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Республика Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси қўмита раиси, профессор Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчилар: Аббос Саид, Исажон Султон, ТДЎТАУ профессори Баҳодир Каримов сўзга чиқиб, устознинг адабиётшунос ва мунаққидлик фаолияти ҳақида сўз юритишдилар.
Дарҳақиқат бугун ўзининг муборак 90 ёшини қарши олган профессор Умарали Норматов мана неча йилдирки адабиётимиз ривожига ўзининг беқиёс ҳиссасини қўшиб келмоқда. Олим Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг биринчи шогирди сифатида бугунга қадар ўнга яқин фан доктори ва йигирмадан зиёд фан номзодларига илмий раҳбарлик қилди. 1962 йилдан ТошДУ (ҳозирги ЎзМУ) филология факультетининг ўзбек адабиёти кафедрасида катта ўқитувчи, доцент, кафедра мудири (1974-2000), кафедра профессори (2001 йилдан) каби лавозимларда самарали фаолият кўрсатди.
У.Норматов 1957 йилдан буён адабий-танқидий ва илмий мақолалари билан адабий жараёнда иштирок этиб келмоқда. Унинг илмий, адабий-танқидий тадқиқотларининг асосий қисмини эса янги ўзбек адабиёти тарихи, тараққиёти масалалари, унинг ўзига хос анъаналари ва новаторлик хусусиятларини аниқлашга қаратилган. Илмий фаолиятида реализм масалалари, 20-аср ўзбек адабиёти, адабий жараён ҳамда адабий танқидчилигининг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, Абдулла Қодирий, Шукур Холмирзаев, Пиримқул Қодиров, Ўткир Ҳошимов ва бошқа кўплаб ижодкорларнинг асарлари билан боғлиқ масалалар муҳим ўрин эгаллайди.
У.Норматов шунингдек, умумтаълим мактабларининг 5-, 9-, 11-синфлари учун «Ўзбек адабиёти» дарслик ва мажмуалари, олий ўқув юртлари учун «20-аср ўзбек адабиёти тарихи» (1999) дарслиги муаллифларидан бири. Ундан ташқари олим «Насримиз уфқлари»(1978) «Қалб инқилоби»(1986), «Қодирий боғи»(1996), «Умумбахш тамойиллар»(2000), «Қаҳҳорни англаш машаққати»(2000), «Ярим аср маёғи» (2019), «Абдулла Қаҳҳор: шижоат ва маҳорат жозибаси» (2021) каби китоблар муаллифидир.
Шуҳрат ҲАЙИТОВ,
филология фанлари бўйича фалсафа доктори