Адиблар хиёбони Алишер Навоий ҳайкали пойида Давлат божхона қўмитаси, Божхона институти, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда буюк мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги ҳамда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан "Жаҳон тамаддунида – Темурийлар даври ренесcанси" мавзусида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Нурбой Жабборов, Олимжон Давлатов, Ғайрат Мажид, Муродхон Калонхонов ва Маъмура Зоҳидова каби Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари ва олимлар, шунингдек, Давлат божхона қўмитаси масъул ходимлари, Божхона институти профессор-ўқитувчилари ва курсантлар иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган адабиётшунос олимлар, ёзувчилар томонидан Буюк шоир ва мутафаккир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг бебаҳо ижодий-илмий мероси нафақат халқимиз, балки жаҳон адабиёти тарихида, миллий маданиятимиз ва адабий-эстетик тафаккуримиз ривожида алоҳида ўрин тутиши, улар ўзларининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси ва латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ва мустаҳкам ўрин эгаллаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу икки буюк алломанинг ибратли ҳаёт йўли, умуминсоний ғояларга йўғрилган асарлари асосида ёшларимизни қуроллантириб, ватани, халқига хизмат қиладиган ёш авлодни тарбиялашда энг муносиб қўлланма бўлишини айтиб ўтдилар.
Тадбирда Давлат божхона қўмитаси раиси маслаҳатчиси Ҳ.Азизов сўзга чиқиб, ғазал ва шеърият султони, тасаввуф илмининг заргари Алишер Навоий ва ҳам шоир, ҳам саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби даҳолар бадиий ижодда, илмда, давлат бошқаруви ва ҳарбий санъатда обрў қозониши фақатгина бу йўналишларда эмас, балки миллат, халқаро ҳамжамиятнинг маънавий тафаккуридаги юксалишларга хизмат қилишини таъкидлади. Уларнинг ноёб истеъдоди, қолдирган бой мероси миллат нуфузи буюклигини сақлашга, номини кўкларга кўтаришини айтиб ўтди.
Тадбир давомида Божхона институти ижодкор курсантлари ғазалхонлик чиқишларини йиғилганларга ҳавола этдилар.