Куни кеча Адиблар хиёбони ижодкорлар билан гавжум бўлди. Унда ўрта авлод шоирлари гўзал табиат қўйнида, дарахтлар соясида жам бўлди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ўтказилган “Хиёбон оқшомлари”да адабиётшунослар билан давра суҳбати ҳам ташкил этилди.
Энг аҳамиятлиси, Намангандан Дилором Эргашева, Хоразмдан Шоира Шамс, Бухородан Гўзал Рўзиева, Самарқанддан Сетора Шомуродова, Жиззахдан Комил Мажид, Қўқондан Омон Мамадалиев, қўшни Қирғиз Республикасидан Фаридахоним каби ижодкорлар айнан тадбир учун узоқ йўл босиб келишгани оқшомнинг шукуҳини янада оширди.
Кечада Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид иштирок этиб, миллий адабиётимизни ривожлантириш йўлидаги жараёнларга тўхталди. Мана шундай адабий давраларни кенгайтириш ва кўпроқ ўтказиш янги мукаммал асарларни яратишга, ёшларни адабиётга, ижодга бўлган меҳрини, қизиқишини ортишига хизмат қилишини таъкидлади.
Сўнг Сирожиддин Саййид ёш қаламкашлар Нилуфар Жабборова, Дилфуза Камолжонова, Азамат Худойберганов, Дадахон Муҳаммадиев, Сирожиддин Иброҳим, Равшан Ҳақмурод, Ситора Тожиддинова, Фурқат Алимардон, Дилмурод Акбаров ва Нозима Ҳабибуллаевага Ёзувчилар уюшмасининг аъзолик гувоҳномасини топширди.
– Ёзувчилар уюшмаси ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлашга ҳамиша алоҳида эътибор қаратади, – деди шоира Нозима Ҳабибуллаева. – Албатта, бугунги устоз ижодкорлар даврасида аъзолик гувоҳномамизни олганимиз мен учун катта бахт бўлди. Айтиш жоизки, ушбу лойиҳа биз ёшларга улкан мактаб вазифасини ўтайди.
Мушоира кечасида Абдураззоқ Обрўй, Дилором Эргашева, Гулжамол Асқарова, Мухтасар Тожимаматова, Шоира Шамс ва бошқалардан бетакрор мисралар тингланди. Шеъриятнинг сеҳрли оҳанги жаранг сочди.
– Бугунги даврада юртимиздаги адабий ислоҳотларнинг яна бир намунасини кўриб турибмиз, – деди Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоира Гулжамол Асқарова. – Ижодкор аҳлига мана шундай кечалар катта руҳ ва илҳом беради. Бу эса ўзбек шеъриятида устозларимиз сингари биз шоирларга ҳам буюк асарлар яратишимизга замин яратади.
Ўтказилган кечада ўрта авлод шоирлари ёшларга ўзларининг чиқишлари орқали сабоқ бердилар. Уюшма аъзолари Зуҳриддин Исомиддинов, Баҳодир Карим, Қозоқбой Йўлдошев бугунги адабий жараёндаги изланишлар, ижод дунёсининг сирлари ҳақида сўз юритди.
Санъаткорлар томонидан янграган куй-қўшиқлар эса шоирларга янада илҳом бахш этди.