"Ўзбекистон жамиятида сўз эркинлиги ва демократлаштириш тобора ривожланиб борар экан, фикрлар турли туман, ғоялар ҳар хил, яъни плюрализм принциплари чуқурроқ сингиб бормоқда. 

Янги қабул қилинидган қонунлар ва ислоҳотларга ҳам очиқ фикрлар билдирилмоқда, ҳамма ҳам бир хил қабул қилмайди. Бу табиийдир ва буни тўғри қабул қилишниям ўрганишимиз керак.
 
Яъни, бундай шароитда абсолютизмни таъминлаб бўлмайди, ёки ягона мафкура қилиб, давлат мафкурасини ўрнатиб бўлмайди.

 Конституцияда ҳам бекорга ёзилмаган.

Айнан бу жараёнда одамларни бирлаштирувчи ягона восита ёки механизм – бу қонун устуворлигидир. Яъни миллий ғоя сифатида, биз ҳуқуқшунослар аҳолини қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштириш мақсадга мувофиқ бўлади, деб ҳисоблаймиз.

Чунки қонун одамларнинг аҳлоқий, сиёсий қарашларидан қатъий назар ягона талабларни белгилайди, барча учун мажбурий меъёрларни ўрнатади.

Қонун устуворлиги эса шундай меъёрки, фикрлар хилма хил бўлса ҳам муносабат, ёндашув бир хил бўлади, шу билан бирга қонун устуворлиги турли хил фикрларни ҳам ҳурмат қилади, муаммолар бир ёқламалик билан эмас ҳуқуқий воситалар билан ҳал этилади.

Бунда асосий масъулият давлат органларига тўғри келади. Чунки улар биринчи навбатда ўз ишлаш услублари, принциплари ва ёндашувлари билан ўз фаолиятларида қонун устуворлигини таъминлаши зарур.

Бу борада ҳамкорлик қилиш ҳар доим самара беради. Биз бунга тайёрмиз," — деди Русланбек Давлетов.