Матбуот анжуманида Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясининг 2025 йил давомида амалга оширган фаолияти юзасидан батафсил ҳисобот тақдим этилди ҳамда жорий йилда амалга оширилиши режалаштирилган устувор вазифалар ҳақида маълумот берилди. Шу билан бирга, Федерация масъуллари томонидан оммавий ахборот воситалари вакилларига истеъмолчи ҳуқуқлари тушунчасининг мазмун-моҳияти, мазкур ҳуқуқларнинг миллий ва халқаро даражада эътироф этилгани, маҳсулот ва хизматлар хавфсизлиги ҳамда белгиланган стандартлар ҳақида атрофлича маълумотлар тақдим этилди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг жамият ҳаётидаги ўрни сезиларли даражада ошиб бормоқда. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги ПФ–5430-сон Фармони ҳамда 2021 йил 4 мартдаги ПФ–6181-сон Фармони фуқаролик жамиятини ривожлантириш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Маълумот учун, Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги 414-сон қарори асосида ташкил этилган бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш йўналишида фаолият юритиб келмоқда.

Бугунги кунда Федерация тизимида 14 та ҳудудий бирлашма ва 208 та туман (шаҳар) жамиятлари фаолият кўрсатмоқда. Ташкилот тизимида 1216 нафар ходим меҳнат қилади. Шунингдек, корхона ва ташкилотларда 1354 та таянч гуруҳ фаолият юритиб, уларнинг аъзолари сони 4 миллиондан ортиқни ташкил этади.

Истеъмолчилар мурожаатларини қабул қилиш мақсадида 2015 йилдан буён “1091” қисқа рақамли ишонч телефони, istemol.uz сайтидаги виртуал қабулхона ҳамда PotrebitelUz_bot телеграм боти орқали мурожаатлар қабул қилиб келинмоқда.

Сўнгги йилларда Федерацияга 138 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 94 фоизи ижобий ҳал этилган. Натижада истеъмолчилар фойдасига 326,5 миллиард сўмлик зарар қайта ҳисоб-китоб қилинган. Шунингдек, истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида 1833 та даъво аризаси судларга киритилиб, суд қарорлари асосида 70,9 миллиард сўм маблағ ундирилган. Назорат органлари орқали эса 1636 та мурожаат асосида 879,8 миллион сўм зарар истеъмолчилар фойдасига қоплаб берилган.

Аҳоли ўртасида истеъмол маданиятини ошириш мақсадида Федерация муассислигида “Истеъмол маданияти” газетаси нашр этилмоқда. Шунингдек, “Истеъмолчилар уйи” лойиҳаси доирасида ҳудудларда замонавий марказлар барпо этилмоқда.

Бугунги кунда Федерация 14 та ҳудудий бирлашма ва 208 та туман (шаҳар) жамиятини бирлаштирган ҳолда 4,4 миллиондан ортиқ аъзони қамраб олган йирик фуқаролик жамияти институти сифатида фаолият юритмоқда. “Истеъмолчилар уйи” ва “Истеъмолчи кутубхонаси” лойиҳалари доирасида қатор ҳудудларда янги бинолар фойдаланишга топширилди ва яна ўнлаб ҳудудларда қурилиш ишлари давом этмоқда.

Федерация халқаро майдонда ҳам фаол иштирок этмоқда. Хусусан, 2018 йилдан буён Consumers International ташкилотининг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. 2025 йилда БМТнинг UNCTAD томонидан ўтказилган 9-конференцияда иштирок этилди ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти (WTO) раҳбарияти билан учрашув ўтказилиб, глобал савдо жараёнларида истеъмолчилар манфаатларини ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Беларусь, Хитой ва Қозоғистон истеъмолчилар ташкилотлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланиб, трансчегаравий мурожаатларни кўриб чиқиш, электрон савдони ривожлантириш ва медиация механизмларини такомиллаштириш бўйича келишувларга эришилди.

Матбуот анжумани давомида тадбир жуда ҳам қизғин баҳс ва мунозараларга бой тарзда ўтди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, коммунал хизматлар, онлайн харидлар билан боғлиқ муаммолар ҳамда уларни ҳал этиш йўллари юзасидан бир қатор саволлар берилди.

Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси раиси ўринбосари, ижрочи директор Жамшид Ҳамроев истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фақатгина ташкилотлар эмас, балки ҳар бир фуқаронинг ҳам масъулияти эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳукумат томонидан кўплаб қарор ва фармонлар қабул қилинган бўлиб, уларнинг амалда самарали татбиқ этилишида фуқароларнинг ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини билиши муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, журналистлар билан ҳамкорликда матбуот мониторингларини янада самарали ташкил этиш, аҳоли ўртасида тарғибот ишларини кучайтириш ва турли вазирлик ва идоралар билан имзоланган меморандумлар доирасида қўшма тадбирларни кенгайтириш режалаштирилаётгани қайд этилди.

Матбуот анжумани доирасида 15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан Федерация томонидан бир гуруҳ ходимларга “Истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоячиси” кўкрак нишони топширилди.

Тадбир якунида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг замонавий механизмлари, рақамли платформалар орқали мурожаатларни кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, электрон савдо шароитида истеъмолчилар манфаатларини таъминлаш, судгача низоларни ҳал этиш институтларини ривожлантириш ҳамда жамоатчилик назоратини кучайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди. Шунингдек, журналист ва блогерлар томонидан берилган саволларга мутахассислар томонидан атрофлича жавоблар берилди.

Лобар Бобохонова