Биз, юристлар одатда қонун тили билан гапиришга одатланиб қолганмиз. Жамиятдаги муносабатларда ҳам беихтиёр шу тилга кўчаверамиз. Ўрганиш бўлиб қолган. Аммо уйдачи? Оила аъзоларимиз, яқинларимиз даврасидачи? Албатта, она, опа, сингил ва аёл сифатидаги феъл-атворимиз ҳам бор.

Кейинги йилларда юртимизда ниҳоятда катта ва халқимизнинг асрий орзу-умидлари билан тўла бир ислоҳот бошландики, бу ҳақда гапирганда тилимиз сира расмийча айланмайди. Бунинг ҳеч иложи йўқ. Бу – одамларни, оддий одамларни уй-жой билан таъминлаш сиёсати. 

Мен, аввало, аёл сифатида шахсий уй-жойга эгалик ҳиссини, рўзғор юмушию фарзандлар тарбиясидаги ширин ташвишларни яхши тушунаман. Шу нуқтаи назардан айтишим жоизки, мамлакатимизда ўз муқим бошпанасига эга бўлишни йиллар мобайнида фақат орзу қилиб келган аҳолини уй-жой билан таъминлаш сиёсати ва бу орқали минглаб оилаларга кириб келган бахтли, тўкис ҳаёт шукуҳининг қиёсини, баҳосини топиш қийин.

Яқин ўтмиш хотиралари

Бир ҳамкасбим бор, ҳар сафар янгиланган уй-жой сиёсати ҳақида гап кетганида, “Мен аввалги замон бўлганида бугунгидек ўз уйим бўлишини тасаввур қилолмасдим, уйли бўлолмасдим, Тошкентда доимий пропискам ҳам йўқ эди. Участкавойларга юзма-юз келишдан безиллаб юрардим”, дейди. Бу гапни ундан ўн марталаб эшитганмиз. У такрорлашдан, биз эшитишдан зерикмаймиз.

Нимага шу ҳақда қанча гапирсак меъдага тегмайди. Чунки яқин ўтмишдаги уй-жой сиёсати билан боғлиқ катта ва ҳаётий жиддий муаммолар деярли ҳар бир юртдошимизни қаттиқ ташвишга солиб келар, бу шаҳарларда, вилоятлар марказида, айниқса, Тошкент шаҳрида жуда оғир муаммолардан бири эди.

Пойтахтда бир қарич ер – бебаҳо. Уй-жой қилишнинг ўзи бўлмайди. Касбимиз тақозоси билан уй, мерос талашиб юз кўрмас бўлиб кетган ака-укаларни, опа-сингилларни кўп кўрдик. Улар орасида ҳатто жиноятга қўл урганлари бўлди, қотиллик содир этилган вазиятлар ҳам учради. 

Ўша вақтларда уй-жой можароси, ота-она ёки яқин қариндошлардан қолган кўчмас мулк мероси билан боғлиқ ажрим иши судларда энг кўп кўриладиган масалалардан бири бўлиб қолганини яхши эслаймиз.

Айтиш керакки, уй-жой муаммоси билан боғлиқ мамлакатдаги, хусусан, Тошкентдаги мураккаб вазият одамлар орасида меҳр-оқибат ришталари сустлашиши, давлатга бўлган ишончнинг йўқолиши, натижада, жамиятда ҳиссиз, тушкун кайфият урчишига олиб келди. Бу, табиийки, мамлакат ривожи учун ҳам катта хатар эди. Чунки қайси давлатда оддий одамларда ислоҳотларга, бугунги ва эртанги кунга ишончсизлик кайфияти пайдо бўлса, унинг оқибати ҳеч қачон яхшилик билан тугамаган.

Шундай оғир, таҳликали бир вазиятда Президент Шавкат Мирзиёевнинг қатъий ва мустаҳкам иродаси билан бошланган янги уй-жой сиёсати одамлар ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди, жамиятимизнинг янги қиёфасини шакллантирди.

Ижтимоий адолат эпкини

Биз Янги Ўзбекистонни “ижтимоий адолат” тамойили асосида қуришни мақсад қилганмиз. Бу шуни англатадики, мамлакатимизда барча одамлар салоҳиятини юзага чиқариши учун тенг шароитлар яратилади, халқимиз келажакда эмас, бугун ҳам яхши яшаши йўлида барча имкониятлар сафарбар этилади, камбағалликни тугатиш чоралари кўрилади.

Энг муҳими, бугун шу мақсадларнинг амалдаги рўёбини ҳар биримиз ўз ҳаётимиз мисолимизда кўриб, ҳис қилиб турибмиз.

Биргина маҳалла тизимини олайлик. Бугунги Ўзбекистон маҳаллалари том маънода тинчлик ва осойишталик пойдеворига, аҳиллик ва меҳр-оқибат қўрғонига айланди. Нима учун шундай бўлди? Боиси шундаки, ислоҳотлар, аввало, маҳалладан, оилалардан бошланди. Бунинг яна бир муҳим омили бор. Бу ҳам бўлса – муҳтож аҳоли қатлами имтиёзли шартлар асосида уй-жой билан таъминланганида.

Энди мана шу тизим конституциявий кучга кириб, ортга қайтмас тус олмоқда. Гап шундаки, янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 47-моддасида “ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга” экани ҳамда “ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас”лиги қатъий белгилаб қўйилмоқда.

Биргина мана шу икки норманинг ҳаётимиздаги аҳамиятини теран англасак бўлди. Зеро, у янгиланаётган ҳаётимизда жуда муҳим аҳамият касб этадики, бу ҳақда сўз юритишдан олдин, айрим халқаро муносабатлар ва мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтиш ўринли бўлади.

Бугунги кунда дунёда инсониятнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи уларнинг етарли даражада ҳаёт кечириши учун муҳим бўлган ажралмас ҳуқуқи сифатида қаралади. Мазкур ҳуқуқ Инсон ҳуқуқлари бўйича бутунжаҳон декларацияси, Фуқаролик, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги бошқа халқаро ҳужжатларда ўз аксини топган.

Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида қатор халқаро, шу жумладан, юқорида қайд этилган умумбашарий ҳужжатларни ратификация қилар экан, уй-жойли бўлиш ҳуқуқини ҳаётга татбиқ этишга қаратилган чораларни кўриб чиқмоқда. Бу икки муҳим йўналишда амалга оширилмоқда. Биринчидан, инсоннинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва хавфсизлигини таъминлаш, иккинчидан, давлат томонидан ижтимоий ёрдам ва қўллаб-қувватлашга эҳтиёжи бўлган шахслар уй-жойли бўлиши учун шароитлар яратиш.

Ўтган йиллар давомида Ҳаракатлар стратетегияси доирасида хуқуқий мулк ҳимояси, шу жумладан, уй-жой мулкдорларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, 2022 йили Уй-жой кодексига киритилган ўзгартишларга кўра давлат ёки жамият эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан фуқаролар мулкида бўлган уйлар (квартиралар) бузилган тақдирда, мулкдорларга уларнинг танлови бўйича ва тарафлар келишувига кўра, уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган саҳндаги, барча қулайликлари бўлган, аввалгисига тенг қимматли бошқа турар жой мулк қилиб берилади ҳамда дов-дарахтларнинг ёхуд бузилаётган уй (квартира), бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтларнинг бозор қиймати тўлиқ ҳажмда тўланади.

Бугунги кунда аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлашга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастурига асосан Ислом тараққиёт банки иштирокида амалга оширилган ишлар эътиборга молик. Унинг доирасида янгиланган лойиҳалар бўйича 53 мингдан зиёд арзон уй-жойлар қурилди, 65 минг оиланинг яшаш шароити яхшиланди. Бундан ташқари, ушбу тоифадаги уй-жойларни сотиб олиш имкониятини кўпроқ одамларга тақдим этиш мақсадида жорий йил учун уларнинг сонини 1,5 баробарга ошириш ва 9 минг квартира ҳамда якка тартибдаги уй-жойларни қуриш режалаштирилган.

Шуни таъкидлаш жоизки, уй-жойли бўлиш ҳуқуқи бошқа ҳуқуқлар билан чамбарчас боғлиқ. Биринчидан, ушбу ҳуқуқ инсонни ўз уйидан мажбуран чиқариб юборилиши ёки уйи бузилишидан ҳимоя қилади. Иккинчидан, уй-жой мулкдорини уйига нисбатан учинчи шахслар томонидан тажовуз қилинишидан ҳимоялайди. Учинчидан, яшаш жойини эркин танлаш ҳуқуқи руёбга чиқишига омил сифатида хизмат қилади. Тўртинчидан, давлат томонидан ёрдамга муҳтож шахсларнинг уй-жой шароитини яхшилаш имкониятини яратади.

Ушбу ҳуқуқлар қонун билан кафолатланади ҳамда уларни бузганлик учун қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Шунингдек, уй-жойли бўлиш ҳуқуқи ҳар бир шахсга агар ушбу ҳуқуқ бузиладиган бўлса, кўрилган зарарни қоплаб беришни талаб этиш ҳуқуқини беради. Хусусан, ўтган бир неча йил давомида “уй-жойни бузиш”, “снос” деган гапни эшитмаган ватандошимиз қолмаган бўлса керак. Бузилган уй-жой учун ўз вақтида етарли даражада компенсация тўлаб берилмагани учун  айрим ватандошларимиз учун бу сўзлар “адолатсизлик” синонимига айланган эди.

Ушбу масала жиддий бўлгани сабабли, Президентимиз ўтган йили Конституциявий комиссия азолари билан учрашувида шахсий мулкка бўлган ҳуқуқ учун суд ҳимоясини кўчайтириш, бу ҳуқуқни конституциявий кафолатлаш зарурлигини таъкидлаганди.

Умуман, бу муаммони ҳал қилиш мақсадида ҳукуматнинг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тасдиқланган. Шунингдек, мазкур қарор билан ҳокимликлар тузилмасида Ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси ташкил этилди. Унинг асосий вазифаларидан бири ер участкаси олиб қўйилиши ташаббускори ва кўчмас мулк объектлари мулкдорлари ўртасида тузилган, компенсация миқдори, тури ва бериш муддати назарда тутилган келишувлар ҳисобини юритишдан иборат. Маълумот учун, 2020 йил 1 январь ҳолатига кўра ноқонуний уй-жойни бузиш натижасида мулкдорлар олдидаги қарз 443 миллиард сўмни ташкил қилган бўлса, йил давомида деярли ярми, яъни 202 миллиард сўм қоплаб берилди. Шундан 151,5 миллиард сўм нақд пулда компенсация қилинган бўлса, 10,7 миллиард сўм миқдорда ер участкалари ажратилди, қолган 39,2 миллиард сўм миқдорда мулк шаклида қопланган.

Ҳукумат қарори билан белгиланган мазкур тартибдаги қоидалар кейинчалик юридик кучи юқори бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатга ўтказилди. Хусусан, 2022 йили “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Унда ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга асослар аниқ белгиланди. Шунингдек, маҳаллий кенгашларнинг ер участкаларини жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва кўчмас мулк объектларини бузиш тўғрисидаги қарорлари қонунга хилоф, деб топилган тақдирда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни, биринчи навбатда, марказлаштирилган жамғармалар маблағлари ҳисобидан қопланиб, кейинчалик ушбу маблағлар айбдор шахслардан регресс тартибида ундириш мажбурияти белгиланди.

Ана энди юқорида айтганимиз, янги таҳрирдаги норма мазмун-моҳиятига келсак.

“Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга”. Бу норма мамлакатда кучли ижтимоий адолатни таъминлашдаги бош асос бўлади, десак муболаға эмас. Боиси, ҳар қандай ижтимоийлашув ҳодисаси ва дахлдорлик ҳисси, инсоний муносабатлар, сиёсийлашув жараёни, аввало, эгалик туйғуси билан уйғун шаклланади, такомиллашиб боради.

Эгалик туйғуси эса жамиятдаги фаол ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-маърифий муҳитни тарбиялайди, жуда бўлмаганда унга жўшқинлик улашади. Шундай экан, ҳар бир юртдошимизнинг ўз уйи бўлиш ҳуқуқига эгалиги замирида, биринчи навбатда, давлат ўз зиммасига ана шу ниҳоятда катта масъулиятни олгани англашилади. Яъни, бу ҳуқуқ таъминланишида бош ислоҳотчи ва яқин кўмакчи бўлиб давлатнинг ўзи қолади.

“Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас”лиги эса ана шу таъсирчан ҳамда амалий фаол ижтимоий адолатнинг барқарорлиги ва давомийлигини таъминлайди.

 Ҳеч ким эътибордан четда қолмайди

Ёдингизда бўлса, янги ва арзон нархларда, имтиёзли шартларда уй-жой қурилиши бошланган вақтда одамлар орасида турли миш-мишлар тарқалди. Эмишки: “улгуриб қолиш керак, бу бир ёки икки йил бўлади, кейин тўхтаб қолади”. Давлатимиз раҳбари ўшанда ҳам бу акция эмаслигини, аҳоли, биринчи навбатда, уй-жойга муҳтож, кам таъминланган, ёлғиз аёлларни турар жой билан таъминлаш стратегик аҳамият касб этиб, тизимли давом этишини айтган эди.

Ҳа, шундай бўлди, бўляпти. Ва энг муҳими, бу тизим нафақат давом этяпти, балки эндиликда Конституция даражасида мустаҳкамланмоқда.

Бугун Янги Ўзбекистондаги адолатли ижтимоий сиёсатнинг муҳим бир мақсадини англаб олишимиз керак. Гап шундаки, аҳоли уй-жой билан таъминлаш сиёсатида ҳеч ким эътибордан четда қолмайди. Ҳозир шу ҳақда икки оғиз айтиб ўтсак.

Миллий қонунчилигимизда алоҳида тоифадаги шахсларга давлат томонидан кўрсатиладиган у ёки бу турдаги ижтимоий ёрдамлар ва қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган бўлиб, ҳар хил шартлар асосида яшаш майдони билан таъминлаш шулар жумласидан. Масалан, инсон яшаши учун яроқли бўлган турар жойдан, шу жумладан, махсус уйлардан (ётоқхоналар, вақтинчалик уй-жой фонди уйлари, ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар учун интернат-уйлар, шунингдек, болалар уйлари ва бошқа махсус мақсадли уйлардан) иборат бўлган фонддан ногиронлар, фахрийлар, ёлғиз қариялар, яшаш шароитини яхшилашга муҳтож бўлган кўп болали кам таъминланган ҳамда уй-жойга муҳтожлар рўйхатида турган фуқароларга тақдим этилади.

Бундан ташқари, уй-жой шароитини яхшилаш мақсадида ушбу тоифадаги шахслар узоқ муддатли ва имтиёзли ипотека кредитлари, давлат томонидан тўлаб бериладиган субсидияларни олиш ҳуқуқига эга. Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 25 мартдаги 182-сон қарори билан уй-жой сотиб олиш ёки якка тартибдаги уй-жойларни қуриш ва реконструкция қилиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тасдиқланди. Унга кўра, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни аниқлаш мезонлари, субсидияни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби аниқ белгилаб берилди.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга аҳолининг заиф қатламини ижтимоий ҳимоя қилишга оид қатор нормаларнинг киритилиши ҳам бу борадаги ишлар самарадорлиги ва узвийлигини таъминлайди. Асосий қонунимизнинг янги таҳририда Ўзбекистон ижтимоий давлат экани тан олиниши ва ундаги ижтимоий аҳамиятга эга нормалар қарийб 3 баробарга кўпайгани шундан далолат беради.

Шу боис, янги таҳрирдаги Конституциямизда аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби айнан қонун билан белгиланиши муҳим ҳисобланади.

Фуқаро ва давлат мажбурияти

Умуман олганда, аҳолини уй-жой билан таъминлашда давлат мажбуриятлари ҳақида юқорида ҳам айтиб ўтдик. Лекин фурсати билан бу ҳақда яна гапириш зарар қилмайди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат фуқароларнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқини таъминлаш масаласида имкониятларидан келиб чиққан ҳолда барча чораларни кўради. Арзон уй-жойларни қуриш бўйича муддатли дастурларни қабул қилиш шулар жумласидан.

Бундан ташқари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ҳимояланмаган ва кам таъминланган тоифалари орасидан уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларни ҳисобга олади ҳамда уларни аниқ мақсадли коммунал уй-жой фондидан уй-жой билан таъминлаш чораларини кўради.

Уй-жойли бўлиш ҳуқуқини амалга оширишда давлатнинг мажбуриятларидан яна бири, бу – уй-жой инсоннинг нормал яшаши учун қулай бўлишини назорат қилиш. Хусусан,   уй-жойни сотиб олиш учун нархларнинг ошиб кетмаслигини (асосан, ижтимоий эҳтиёжманд тоифалар учун), табиат ҳодисаларига чидамли қилиш, ҳудуд иқлими (иссиқ, совуқ, ер силкиниши, сел оқиши кабилар)га мос равишда қурилишини, инсон саломатлигига зарар етказмайдиган қурилиш материалларидан фойдаланиш, жисмоний нуқсони бўлган шахсларнинг уй-жойга етиб бориши учун шароитлар яратишни (пандуслар қуриш, кенг лифтларни ўрнатиш ва бошқа) назорат қилишдан иборат.

Шу ўринда биз юқорида шарҳлаган 47-моддани тўлиқ келтирамиз:

Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.

Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади”.

 Шу тариқа, биринчи навбатда, бир неча йиллардан буён жамиятимизда ўткир муаммолардан бирига айланган “снос” билан боғлиқ муаммога нисбатан халқпарвар, мулкдорлар манфаатини ҳимоя қилувчи оқилона ечим топилишига кафолат беради. Шунингдек, аҳоли учун уй-жой қурилишини рағбатлантириш, айниқса эҳтиёжманд тоифаларни уй-жой билан таъминлаш конституциявий даражада мустаҳкамланиши уларнинг жамиятда ўз ўрнини топишига, келажакка бўлган ишончи ортишига ва давлат ривожланишига ўз ҳиссасини қўшишига имконият яратади.

Саҳибжамал ЖОЛДАСОВА,

юридик фанлари доктори