Зеро, замонавий давлатнинг асосий бойлиги унинг ер остидаги кони ёки моддий ресурсларигина эмас. Энг катта стратегик ресурс бу — билимли, салоҳиятли, садоқатли ва ўз касбига дахлдор кадрлар.
Сеулда бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё — Корея Республикаси” саммитида Ўзбекистон томони илгари сурган муҳим ташаббуслардан бири — инсон капиталини ривожлантиришда “буюртма — ўқитиш — бандлик” тамойилини жорий этиш таклифи ҳам айнан шу ҳақиқатнинг ифодасидир.
Бу — кадрга муносабатни ўзгартириш фалсафаси. Яъни, аввало, иқтисодиёт
ва давлат бошқарувига қандай мутахассис кераклиги аниқланади. Кейин шу эҳтиёждан
келиб чиқиб, инсон ўқитилади, билими ва кўникмаси шакллантирилади. Энг муҳими,
олинган билим амалиёт билан уйғунлашиб, инсон ўз салоҳиятини намоён қиладиган иш
ўрнига эга бўлади.
Шундай экан, гап шунчаки кадр тайёрлаш ҳақида эмас. Гап инсон тақдирини меҳнат
бозори эҳтиёжи билан уйғунлаштириш ҳақида. Солиқ тизимида ҳам инсон капитали —
бош стратегик ресурс. Бу ёндашув солиқ тизими учун ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Чунки замонавий солиқ маъмуриятчилиги фақат қонунни билиш ёки рақамлар билан
ишлашдан иборат эмас. Бугун солиқчи рақамли технологияларни тушунадиган, таҳлил
қиладиган, мулоқотга тайёр, ўзгаришларга мослаша оладиган ва энг муҳими, давлат
ва жамият олдидаги масъулиятини чуқур ҳис этадиган мутахассис бўлиши керак.
Шу маънода, 2030 йилга қадар белгиланган стратегик вазифалар доирасида солиқ
тизимида кадрлар салоҳиятини ривожлантириш, ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни
кучайтириш, малака ошириш тизимини такомиллаштириш ва кадрлар қўнимсизлигига барҳам
беришга қаратилган ишлар инсон капиталига берилаётган эътиборнинг амалий ифодасидир.
Зеро, кадрлар қўнимсизлиги фақат HR муаммоси эмас. Бу институционал хотира,
тажриба ва тизим самарадорлиги масаласидир. Бир ходим кетганда унинг лавозими бўшайди,
холос деб қараш масаланинг моҳиятини тор тушунишдир. У билан бирга тажриба, кўникма,
жамоавий алоқалар ва йиллар давомида шаклланган институционал билимнинг муайян
қисми ҳам кетиши мумкин.
Шунинг учун замонавий HR сиёсати ходимни ишга қабул қилиш билан эмас, унинг
тизимда ўзини қадрланган, ривожланаётган ва келажагини кўраётган инсон сифатида
ҳис қилиши билан ўлчанади.
“ТОП-100”: ёш кадрга берилган ишонч
Шу нуқтаи назардан, Солиқ қўмитасининг Инсон ресурсларини ривожлантириш
ва бошқариш департаменти ташаббуси билан амалга оширилаётган бир қатор тизимли лойиҳалари
алоҳида аҳамият касб этади.
Аввало, кадрлар захирасини шакллантириш, истиқболли ёш мутахассисларни аниқлаш
ва салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган ишлар йўлга қўйилди. Солиқ тизимида истиқболли
ёш кадрларни аниқлаш ва раҳбарлик салоҳиятини ривожлантиришга қаратилган “ТОП-100
ёш солиқ кадрлари” лойиҳаси ёш мутахассисларга ишончнинг амалий кўринишидир.
Уларнинг аксарияти раҳбарлик лавозимларига жалб этилаётгани бир ҳақиқатни
кўрсатади: ёшлик тажрибасизлик дегани эмас, агар унга имконият, билим ва ишонч
берилса, ёш кадр ўзгаришларнинг асосий драйверига айланиши мумкин. Бу ерда энг
муҳим жиҳат — лавозимнинг ўзи эмас. Муҳими, келажак раҳбарларини бугундан тайёрлаш.
Дунё тажрибаси — миллий амалиётга
Салоҳиятли кадрни шакллантиришнинг яна бир муҳим омили тажриба алмашинувидир.
Мамлакатимиздаги Солиқ олий мактаби имкониятлари билан бирга ривожланган давлатларнинг
нуфузли олий таълим муассасаларида стажировкалар ташкил этилиши, хорижий тажрибани
ўрганиш ва илғор ёндашувларни солиқ маъмуриятчилигига имплементация қилиш жараёнлари
кадрлар дунёқарашини кенгайтиришга хизмат қилмоқда. Чунки бугунги солиқчи фақат
ўз тизимидаги жараёнларни эмас, дунё солиқ маъмуриятчилиги қаерга қараб бораётганини
ҳам билиши керак.
Технология ўзгараётган бир пайтда билимни янгиламаслик кечаги усул билан
бугунги муаммони ҳал қилишга уринишдир.
Ёш кадрларга эътиборнинг яна бир муҳим намунаси сифатида август ойида Самарқанд
шаҳрида ўтказилган “Ёш солиқчи — 2026” форумини қайд этиш мумкин. Кучли экспертлар
иштирокида ўтказилган мулоқотлар, фикр ва тажриба алмашинуви якунида йўл харитасининг
шакллантирилиши эса тадбирни оддий форум доирасидан чиқариб, амалий натижага йўналтирди.
Чунки ҳар қандай ғоянинг ҳақиқий қиймати унинг қанчалик чиройли айтилганида
эмас, қанчалик амалга оширилганида намоён бўлади.
Куни кеча Зоминда ўтказилган “HR хавфларни бошқариш” тренинги ҳам тизимда
кадрлар масаласига муносабат тубдан ўзгараётганини кўрсатади. Хавфни бошқариш учун,
аввало, уни тан олиш ва аниқлаш керак.
Шу маънода, тизим ходимлари ўртасида “Инсон ресурслари соҳасидаги хатарларни
аниқлаш” мавзусида ўтказилган сўровнома ҳам муҳим қадам бўлди. Натижалар меҳнат
муҳити, ходимларнинг ташкилотга дахлдорлик ҳисси, ички мотивацияси ва касбий ривожланиши
билан боғлиқ айрим йўналишларда қўшимча чоралар зарурлигини кўрсатди.
Бу натижаларни муаммо эмас, ривожланиш нуқталарини аниқлаш имконияти сифатида
қабул қилиш жоиз. Зеро, кучли ташкилот муаммоси йўқ ташкилот эмас. Кучли ташкилот
муаммосини яширмайдиган, уни аниқлайдиган ва ечим излайдиган ташкилотдир.
Инсон капиталини ривожлантиришнинг учинчи муҳим йўналиши — “устоз-шогирд”
анъаналарини такомиллаштириш. Технологияни китобдан ўрганиш мумкин. Қонунни дарсликдан
ўқиш мумкин. Аммо касбнинг нозик жиҳатлари, қарор қабул қилиш маданияти, масъулият,
мулоқот ва тизимда йиллар давомида шаклланган амалий тажрибани фақат инсондан инсонга
ўтказиш мумкин.
Шу боис, “устоз-шогирд” тизими — ўтмишдан қолган анъана эмас. У институционал
хотирани сақлашнинг замонавий механизми. Бугунги устознинг шогирди эртага раҳбар
бўлиши мумкин. Эртанги раҳбар эса кейинги авлодга ўз тажрибасини беради. Шу тариқа
тизимда нафақат кадр, балки мактаб ҳам шаклланади.
Бош мезон — натижа
Энг муҳим жиҳатлардан бири ушбу жараёнларни тизимли ташкил этиш мақсадида
Инсон ресурсларини ривожлантириш ва бошқариш департаментининг алоҳида стратегияси
қабул қилиниб, ҳар бир йўналиш бўйича йўл хариталари ва регламентлар ишлаб чиқилганидир.
Демак, йўналиш белгиланди. Ташкилий ва услубий асослар ҳамда механизмлар
шакллантирилди. Кадрлар захираси яратилмоқда. Ёшларга имконият берилмоқда. Хориж
тажрибаси ўрганилмоқда. HR хавфлари аниқланмоқда. “Устоз-шогирд” тизими такомиллаштирилмоқда.
Энди энг муҳим босқич — натижа. Чунки давлат бошқарувида ҳар қандай стратегиянинг
ҳақиқий мезони ҳужжатлар сони эмас, инсон ҳаёти ва меҳнатида сезиладиган ўзгаришдир.
Келажакка инвестиция
Сеулда илгари сурилган “буюртма — ўқитиш — бандлик” тамойилини кенгроқ фалсафий
маънода талқин қилсак, бу аслида бир саволга жавобдир: давлат келажакни нимадан
қуради? Жавоб оддий: инсондан!
Завод қуриш мумкин. Технология сотиб олиш мумкин. Дастур яратиш мумкин.
Аммо уларни ишлатадиган, такомиллаштирадиган ва янги ғояларга айлантирадиган инсон
бўлмаса, барча инвестициянинг самараси чекланади. Шунинг учун инсон капитали харажат
эмас. Инсон капитали — инвестиция.
Солиқ тизимида бу фалсафа янада муҳим. Чунки замонавий солиқ маъмуриятчилигининг
юзи унинг бинолари ёки техник воситалари эмас, инсонлари. Билимли солиқчи — адолатли
ва самарали маъмуриятнинг пойдевори. Ўзини қадрланган ҳис қилган ходим тизимга садоқат
билан хизмат қилишга интилади. Доимий ўқиб- ўрганадиган мутахассис ислоҳотларнинг
фаол иштирокчисига айланади.
Ёш кадрга ишонч билдирилса келажак раҳбари шаклланади. Устознинг тажрибаси
шогирдга ўтса, тизимнинг институционал хотираси сақланади. Шу маънода, бугун солиқ
тизимида кадрлар билан боғлиқ қилинаётган ишлар оддий HR жараёнлари эмас. Бу — келажак
давлат хизматчисининг қиёфасини шакллантириш жараёни.
Сеул саммитида айтилган
“буюртма — ўқитиш — бандлик” формуласи эса ана шу жараёнга яна бир муҳим мезонни
қўшади: инсонни шунчаки иш билан таъминлаш эмас, унинг салоҳиятини мамлакат тараққиётига
боғлаш. Зеро, кучли давлатни фақат кучли иқтисодиёт эмас, кучли инсонлар барпо этади.
Бугун кадрларга сармоя киритаётган ҳар бир тизим аслида эртанги кунга сармоя киритмоқда.
Тўрабек ТЎРАЕВ,
Солиқ қўмитаси
Инсон ресурсларини ривожлантириш ва
бошқариш департаменти директори