Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати маълум қилди.

Маросимда Ўзбекистон ва Афғонистон томонидан расмий вакиллар иштирок этиб, икки давлат ўртасидаги темир йўл соҳасидаги ҳамкорликнинг самараси, амалга оширилаётган лойиҳалар бутун минтақа транспорт-коммуникасия тизимини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир доирасида фойдаланишга топширилган 5-сонли Портга биринчи поезд таркиби қабул қилинди ва юк тушириш ишларига расман старт берилди.

Ташриф давомида «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ раҳбари З.Г.Нарзуллаев Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Мулла Абдулғани Бародар билан ҳам музокаралар ўтказди. Учрашувда «Ҳайратон-Мозори-Шариф» темир йўл линияси ўтказувчанлик қобилиятини янада ошириш муҳокама қилинди.

Наибобод станцияси ҳудудида қўшимча 1650 метрлик шаҳобча йўли қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа юк вагонларини қайта ишлаш ҳажмини ошириш, вагонларнинг туриб қолиш вақтини қисқартириш ва темир йўл инфратузилмасининг самарадорлигини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Афғонистон Бош вазирининг иқтисодий масалалар бўйича муовини Мулла Абдулғани Бародар мазкур ташаббусларни юқори баҳолаб, Жамоат ишлари вазирлиги мутасаддиларига Ўзбекистон томони билан ҳамкорликда техник ва қурилиш ишларини тезкор ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.

Ўз навбатида, Афғонистон Жамоат ишлари вазири ҳам юк ташиш ҳажмларини янада кўпайтириш муҳим вазифа эканлигини таъкидлаб, бу борада қўшимча чора-тадбирларни амалга оширилаётгани, Афғонистон томони барча келаётган юкларни ўз вақтида қабул қилиш ва тушириш ишларини таъминлашга тайёр экани билдирди.